Абдураҳмон Мешаян шеъри: Жамолингни келар кўргим

08:30 12.01.2018 691

Девонаман эсим оғди,
Ўзни дарддан келар қўргим.
Кўзларимдан селлар ёғди,
Жамолингни келар кўргим.

Ошиқману  йўқдир Лайлим,
Ширинга-да рағбат, майлим.
Шундоқ кечур ҳаёт зайлим,
Жамолингни келар кўргим.

Қандоқ сени айламай мадҳ,
Юрагимни айладинг фатҳ.
Ишқ кўлинда баланддир сатҳ,
Жамолингни келар кўргим.

Десанг севган қаролимсан,
Демам нафсга қиролимсан.
Лойим қорган Кулолимсан,
Жамолингни келар кўргим.

Дардим сиғмас достонларга,
Бўйим етмас осмонларга.
Юрак тўла армонларга,
Жамолингни келар кўргим.

Қандоқ сени севмасин дил,
Юздузларни кўкка қандил –
Айладинг ҳайратдан лол тил,
Жамолингни келар кўргим.

О, қадримни оширганим,
Беҳиштига шоширганим.
Каъбасиға бош урганим,
Жамолингни келар кўргим.

Гуноҳим кўп, юзим қаро.
Дилда дард кўп, қалбим яро.
Лек Севганим жаннат аро,
Жамолингни келар кўргим.

Ал Муҳаймин, Ал Муқаддим,
Ал Ваҳиду Ал Мунтақим.
Ё Ал Мусаввир, Ар Роҳийм,
Жамолингни келар кўргим.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!