Абдураҳмон Мешаян шеъри: Виждонсизга мансаб тегмасин!

08:30 08.01.2018 1308

Ростнинг қаддин ёлғон эгмасин экан,
Тулки зоти шерни, енгмасин экан.
Ажал ўқи ногоҳ тегса тегсину
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Аллоҳдан қўрқ десанг бари бефойда,
Ҳақни эслама дер мен турган жойда!
Халқнинг хаққини еб семирган бойда,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Хақиқат гулини бўйламайдиган,
Порадан ўзгасин ўйламайдиган.
Султонга ростини сўйламайдиган,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Афсуски бундайлар тўп-тўп ва саф-саф,
Халқ бошидан қилсин Ҳақ уларни даф.
Ўлганидагина келтиргувчи наф,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Токи сен оғзини қўймайсан мойлаб,
Ёҳуд киссасига "кўк полвон" жойлаб,
Бир кунда битар иш, битар уч ойлаб,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Халқ қарғиши, Ҳақнинг лаънати ёғган,
Ҳаром бойлик тўплаб эсидан оғган,
Миллий матбуотнинг овозин бўғган,
Виждонсизга мансаб мансаб тегмасин экан!

Бир кун риҳлат қилса тўкмасдан кўз ёш,
Қабрининг бошига қўяйлик юртдош.
Курси шаклидаги катта мармартош,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Дўзахий эканин ўзи ҳам сезган,
Кўтармоқдан ҳатто замин ҳам безган.
ЎЗБЕКНИНГ НОНИН ЕБ, ЎЗБЕКНИ ЭЗГАН,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Шулар деб хорижларга кетмиш нечалар,
Завжалар ёш тўкур  ёрсиз кечалар.
Ҳеч асфалт бўлмайди тошлоқ кўчалар,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Нафсию хирсига абад тиз чўккан,
Халқнинг қонини-ю кўз ёшин тўккан,
Рост айтгани учун мухбирни сўккан,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Айтинг қандоқ қилиб қилмасин алам,
Шундайлар хал қилса тақмоқни саллам,
(Ростини айтайин кетсада каллам)
Лофчи шоирларга уволдек қалам,
Виждонсизга мансаб тегмасин экан!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!