Абдураҳмон Мешаяндан: Бўҳтончига раддия

20:15 17.01.2018 15220

Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсганман.

Шу юртда истиқомат қилаётганимга 27 йил бўлди.

Чорак асрдан ошиқроқ вақт давомида бу ўлкада яшарканман, бир бора бўлсин менга, ё қондошларимизга нисбатан миллатчилик қилинганлигига гувоҳ бўлмаганман.

Қондошларим ичида ўз бизнесига, дўконларига эга бўлганлари ҳам талайгина.

Ҳеч қайсисидан мол-мулки тортиб олинганлиги, бизнес фаолиятига тўсиқ қўйилгани йўқ ханузгача.

Балки айтиб ўтишим ножоиздир, ўзбеклар орасида маҳаллийчилик кенг тус олган, аммо миллатчилик эмас.

Агар Ўзбекистонда туҳматчи Тевос Аршакян айтаётганидек арманларга кун берилмаётган бўлганида, Артур Григорян ҳеч қачон бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлолмаган, Тамарахонимнинг уй музейи ёпиб ташланган, Ареват Григорян миллионлаб ўзбекларнинг энг севимли телебошловчиларидан бирига айланмаган, ана ўша хақли равишда футболдан бир умрга четлаштирилган Самвел Бабаяннинг ўзи эса Ўзбекистон миллий терма жамоасини шунча йил бошқармаган бўларди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган футбол бўйича мураббийлар ичида келиб чиқиши арман миллатига мансуб шахс фақатгина Самвел Бабаян эмас.

Юрий Саркисян ҳам арман миллатига мансуб. Унга ҳам кун берилмаяптими?

Агар Тевос Аршакян туҳмат қилаётганидек Ўзбекистонда арманиларга тазйиқ кучайиб кетган бўлса, қандай қилиб арманларнинг бири эл суйган ҳофиза, бири телеюлдуз, бири миллий терма жамоанинг бош мураббийси бўлиши мумкин?

Қани мантиқ?
Ўзимдан қиёс.
Мен шеър ёзаман.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ижод фонди томонидан ҳар йили бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг шеърлари битта китобга жамланиб, алманах бўлиб бепул нашр қилинади.

Ўша бепул нашр қилинган китобларнинг бирида каминанинг ҳам шеърлари босилиб чиққан.

Ҳолбуки у алманахда шеърлари чоп қилинишини неча йиллардан бери кутаётган ўзбеклар бор.

Кимнинг қай тилда қараб эмас,  истеъдоди бор йўқлигига қараб китобга шеърлар киритишига кучли далил бу.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзонинг менга берган кўмаклари ва дастакларини гапирсам, соатлар озлик қилади.

На ҳукумат, на халқ, арманларга нисбатан тазйиқ ўтказмаётганлигининг, аксинча, энг баланд мансабу мартабаларга эришган ўзбекларнинг ҳам арманиларга миллатчиликни хаёлининг бир бурчагига келтирмай ёрдам қилаётганлигининг ёрқин далили бу.

Шундай экан тадбиркор армани тадбиркорлигини, телеюлдуз ўз журналистлигини, мураббий ўз мураббийлигини эмин-эркин амалга ошираётган Ўзбекистонда, шу Ўзбекистон халқига туҳмат қилган Тевос Аршакян ғараз тўла мақоласи учун узр сўраши шарт.

Мураббийга келсак, уни 32 миллион халқни ўз терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишини яна тўрт йил кутишга маҳкум этганидан анча аввал бўшатиш керак эди.

Бунда эса уни қўллаган "қўли узун"ларнинг ҳам, унга қарши "бунт" қилмаган ашаддий футбол фанатларининг ҳам айби салмоқли.

Дунёнинг бошқа мамлакатида қандайлигини билмадим, аммо Ўзбекистонда арманлар чапаничасига айтсам, мазза қилиб яшашяпти.

Дарвоқе, бундан тўққиз йил бурун бир қондошим Ўзбекистондан кўчиб кетди. Қайга кўчганлигини айтмай қўя қолай. Сотқин, лаганбардор, ўзбекларнинг думи каби лақабларга дучор қилишмасин яна.

Хуллас ўша қондошимиз, икки йил зўрға дош бериб, бор йўғини арзон-гаровга сотиб яна Тошкентга қайтиб келди.

Балки ўзи каби арманларга кун бермайдиган, миллатчилик қиладиган, тинимсиз камситадиган ўзбекларни соғингандир?

А, лаббай?

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!