Абдулазиз Комилов АҚШ Прeзидeнтининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ва Конгресс вакили билан учрашди

12:00 18.07.2019 281

2019 йилнинг 17 июл куни Вашингтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация конгрессмен, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги “Ўзбекистон бўйича Кокус”нинг ҳамраиси Трент Келли билан музокара ўтказди.

Шунингдек, шу йилнинг 17 июл куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Роберт Болтон билан ҳам учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Жон Болтон Вашингтон шаҳридаги Дин эркинликлари бўйича иккинчи вазирлар конференциясида бу каби нуфузли делегация иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этди.

Музокаралар якунига кўра Жон Болтон ўзининг “Тwиттер”даги саҳифасида қуйидагича қайд қолдирди: “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Кoмилов билан жуда яхши учрашув ўтказдим. Биз томонларки қизиқтирган кўплаб масалаларни ҳамда шерикчилигимизни илгари суришнинг энг яхши чораларини муҳокама қилдик. Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни ва уларни бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсирини олқишлаймиз. АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг чуқурлашишини сабрзислик билан кутмоқдамиз”

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги “Ўзбекистон бўйича Кокус”нинг ҳамраиси Трент Келли билан ўтказилган музокаралар чоғида икки томонлама Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари кун тартибининг кенг қамровли масалалари муҳокама қилинди. Конгрессмен Трент Келли эътироф этганидек, сўнгги уч йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди, ўзаро алоқалар ҳам федерал, ҳам минтақавий даражаларда ривожланмоқда. Дипломатик алоқалар ўрнатилгандан буён илк бор Миссисипи штати губернаторининг 2019 йил май ойида республикамизга ташриф буюриши бунинг ёрқин мисоли бўлди.

Суҳбат чоғида парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш йўллари муҳокамасига, Конгресс аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкиллаштиришга, мамлакатимиз парламентарийларининг қонун ижодкорлиги борасидаги АҚШнинг илғор тажрибасини ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилди. “Парламент дипломатияси” инструментларини фаоллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон делегациясининг шу кунларда АҚШ пойтахтида бўлиб ўтаётган Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган иккинчи вазирлар конференциясида иштирок этаётганини қўллаб-қувватлади. Парламент аъзоси диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида республика Ҳукумати олиб бораётган сиёсатга юқори баҳо берди ва Конгресс билан мазкур йўналишдаги мулоқотни чуқурлаштиришга кўмаклашиш учун тайёрлигини билдирди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!