Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – Ислом умматидаги энг улуғ зот (иккинчи мақола)

00:00 25.12.2018 942

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳар бир мусулмонга маълум. Улуғворлигини санаб ўтишнинг умуман иложи йўқ. Уммат олдида кўрсатган чексиз хизматларининг атиги иккитасини тилга олиш кифоя. Исломга бошқа ҳеч қандай фойда келтирмади, деган тақдирда ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ушбу икки хизмати қайта тириладиган кунга қадар олий мавқеда қолишига етарли бўлар эди. Ушбу инсоннинг диний фаолиятида тўхталиб ўтирмайман. Чунки ҳаётининг диний жиҳатлари ҳақида менгача кўп ёзишган, илми мендан кучли уламолар ҳозир ҳам ёзишда давом этмоқдалар. Гарчи батамом холис ёндошганимга кафолат бера олмасам-да, мен Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг улуғликка эришиш сабабларини тарихий холисликка яқин оддий инсон қараши ўлароқ баён этдим. Ахир, гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сафдош улуғ инсон ҳақида боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бутун башарият олдида кўрсатган биринчи хизмат – илоҳий ваҳийлар келиши тўхтаб, пайғамбару расуллар даври ўтганидан сўнг, бани-башарнинг жаҳолат тубига қулаши, қолоқлик зулматига юз тутишига йўл қўймаганидир. Асрлар оша Аллоҳ ўз бандаларига ягона илоҳга – Аллоҳга даъват этган пайғамбарларни йўллаб борган. Уларга имон келтирганлари ҳам, имон келтирмай ёлғончига чиқарганлари ҳам бўлган. Тан олмоқ даркорки, пайғамбарлари вафот этганидан сўнг, имон келтирганларнинг аксарияти ва уларнинг кейинги авлодлари ўз диний китобларини йўқотгач, қасдданми, эҳтиётсизликми – хуллас, ҳақ йўлдан оғиб, Аллоҳнинг динини бузишган. Жумладан, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўлимидан сўнг муайян вақт ўтгач, арабларнинг аксарияти Аллоҳга ширк келтириб, ўзлари учун гўё Аллоҳга яқинлатадиган бутларни танлай бошлаган. Чунончи, насронийлар Исо алайҳиссалом арши аълога кўтарилганидан маълум вақт ўтгач, унга сиғина бошлашган. Яҳудийларнинг тарихий отаси саналиб, Исроил номини олган Яъқуб алайҳиссаломнинг қавми эса Мусо алайҳиссалом уларни атиги қирқ кунга тарк этгач, бузоққа сажда қилиб кетишган. Идрис алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврида ер юзидаги барча одамлар якка худолик бўлишган. Кўп худолик эса илк бор Идрис алайҳиссалом вафот этгач, Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида пайдо бўлган. Аллоҳга ширк келтириш айрим одамларнинг аллақачон ўлиб кетган тақводор аждодлари, биродарларига ўтиниб, руҳидан фотиҳа сўраш ва шу тариқа Аллоҳга яқин бўлишни ният қилишдан бошланган. 

Марҳум тақводорнинг исми зикр этилар экан, бундай одамлар вужудини ҳар гал иззат-ҳурматни ифодалайдиган қўрқув ҳисси қамраб бораверган. Бинобарин, улар тақводорларнинг катта-кичик ҳайкалларини тарашлаб ясаб, йиғин ўтказиладиган жойларга ўрнатишган. Вақт ўтган, авлодлар алмашган, илм кўтарилиб, энди одамлар ўша ҳайкалларга аста-секин сиғина бошлашган. Шу сабабдан Аллоҳ ўз бандаларига зиммасига бутларга сиғинишни ман этиш вазифаси юкланган биринчи пайғамбар – Нуҳ алайҳиссаломни йўллаган. Бу пайғамбар тўққиз юз эллик йил давомида ўз қавмини ягона Аллоҳга сажда қилишга даъват этган: унга имон келтирганлари ҳам, имон келтирмаганлари ҳам бўлган. Шундан сўнг Буюк Тўфон кўтарилган, имон келтирмаганларнинг бари ғарқ бўлиб, фақат Нуҳ алайҳиссалом ва Аллоҳнинг ягоналигига имон келтирган бандаларгина омон қолишган. Шу тариқа курраи заминда яшаган жамики мавжудот яна якка худолик бўлган. Бироқ Нуҳ алайҳиссаломнинг вафотидан сўнг одамлар орасида яна кўп худолик юзага кела бошлаган. Аллоҳ ўз пайғамбару расулларини юбораверган. Унинг ягоналигига имон келтира билган бандалар имон келтирган, имон келтирмаганлар эса – йўқ. Ҳар бир пайғамбар ва расулнинг ўлимидан сўнг одамларнинг кўпчилиги яна Аллоҳга ширк келтира бошлаган, карами кенг Аллоҳ эса улар учун яна пайғамбару расулларни йўллайверган. Шу тарзда, яъни бир пайғамбар кетиб, ўрнига бошқаси келгунча ер юзидаги вазият якка худоликдан кўп худолик, кўп худоликдан якка худолик томон ўзгариб турган. Бундай жараён пайғамбарларнинг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунча давом этган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Ислом дини одамлар учун охирги дин бўлгани боис, пайғамбаримизнинг вафотидан сўнг ушбу диннинг йўқотилиши ёки мазмунан бузилиши бани-башарнинг келажаги барҳам топиб, бу ёруғ оламда яшашидан маъни қолмаслигини англатган. Чунки энди Аллоҳ танҳо Ўзига сажда қилишга даъват этувчи пайғамбар йўлламайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, башар хизматига Абдуллоҳ ибн Усмон Абу Кухафа ибн Амир ат-Тайми ал-Қурайший исмли, тарих саҳифаларига Абу Бакр Сиддиқ номи ила кирган инсонни қўйган (унинг бундай ном олишига ҳар қандай эзгу ишлар ижросига ҳаммадан олдин улгуриб қолишга интилгани, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож кечасида Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсога, у ердан осмон оламига кўтарилгани ҳақидаги ҳикояси чин ҳақиқат эканлигини заррача иккиланмай тасдиқлагани сабаб бўлган). Абу Бакр розияллоҳу анҳу пайғамбарлардан бўлмаган, лекин у Аллоҳ яратган бандалар орасида энг афзалидир. Аллоҳ унинг тилига шундай бир калом солдики, ул гап якка худоликнинг борки мазмунини бир нечта сўз воситасида аниқ ифода этиб, дунё тургунча амал қилинадиган қоидага айланди. Бу ҳодиса Пайғамбари вафот этиб эсанкираб қолган мусулмонлар қаршисига чиққанда рўй берди: «Ҳар ким Муҳаммадга ибодат қилиб, унинг бандаси бўлса, билсинким, Муҳаммад ўлди. Агар Аллоҳга ибодат қилиб, Аллоҳнинг бандаси бўлса, Аллоҳ ўлгани йўқ, У доим тирикдир».

Давоми бор... Биринчи мақола.

Жиҳод Турбанийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!