Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – Ислом умматидаги энг улуғ зот (1-қисм)

11:05 27.06.2019 500

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  «Аллоҳ ва мўминлар ҳар кимни рад этиши мумкин, фақат Абу Бакрни эмас...» деганлар.

Мазкур китобни ёзишга киришар эканман, уммати исломда улуғ саналган зотларнинг юз нафарини уларнинг динимизда тутган ўрни ва мавқеига кўра шунчаки санаб ўтишдан ёки юзаки фикр айтишдан йироқ бўлдим. Замон ва макон ўртасидаги тафовутни ҳам, улуғ зотлар орасидаги буюклик даражасига оид фарқни ҳам назарда тутишни шарт деб ҳисобламадим. Китобга Аллоҳ йўллаган, ҳар бири ғоят буюк зот – пайғамбару расулларнинг номларини киритмай, ислом уммати улуғ санаган шахсларнинг исмларини  адабий ғоямга мос тартибда териб чиқишга аҳд қилдим. Шундан сўнг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, уларнинг сифати, сийрати, ислом тарихидаги хизматлари борасида сўз юритдим. Ислом умматининг буюк зотлари ҳақидаги китобнинг аввалида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ҳикоя қилдим. Бундан бошқа киши хусусида ҳикоя қиладиган бўлсам, ҳатто қаламим ўз соҳибининг бу қилмишидан хижолат тортган бўларди. Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор ётган жойида намозга Абу Бакр розияллоҳу анҳу имомлик қилишини амр этиб, мусулмонларга: «Аллоҳ ва мўминлар ҳар кимни рад этиши мумкин, фақат Абу Бакрни эмас...» деганини ўз қулоғим билан эшитгандай бўламан. Бинобарин, мазкур китобда юз кишини навбат билан ёд этар эканман, энг буюк зотнинг исми биринчи бўлиб келиши учун ягона истисно қилдим. Зеро, у пайғамбарлардан кейин келган энг улуғ зотдир. У пайғамбарлардан кейин одамлар орасидан биринчи бўлиб Жаннатга киради.

Ул зоти шариф ернинг шарқи-ю ғарбида фоний дунё зулматини мунаввар қилиш учун пайғамбар алайҳиссаломдан мерос – дин машъаласини кўтарган инсон ҳисобланади. Тарихда илк бор ҳақ йўлга даъват этиш масъулияти пайғамбарга эмас, оддий банда зиммасига юкланди ва бу инсон бундай масъулият юкини биринчи бўлиб ҳис этди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом ҳали келмай туриб ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрдон дўсти ҳисобланган. Динимиз кенг тарқалгандан сўнг ҳам ул зот Расули акрамга дўстлигича қолди. Аллоҳ айнан уни ҳижрат давомида Ўз расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳамроҳ қилиб танлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига имон келтирган биринчи эркак киши ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлади. Ул зот – пайғамбарлардан кейин ер юзида яшаб ўтган ўн нафар энг буюк зотнинг биринчисидир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилган дастлабки кунларданоқ ҳаққа даъват этиб, бани-башарга тўғри йўлни кўрсатиш машаққатини зиммасига олди. Жаннат-ла масрур қилиниш хабари берилган ўн саҳобанинг беш нафари Исломни қабул қилишига айнан Абу Бакр розияллоҳу анҳу сабабчи бўлган. Ўша саҳобаларнинг ҳар бири имомлик даражасига етди. Уларнинг яхшиликлари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг савоб ишлари тортиладиган тарозига қўйилади ва айни вақтда, ул зоти шарифлар ўз савобларининг бирор мисқолини бўлсин, йўқотишмайди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу – мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳунинг отасидир. Халифалик байроғини кўтарган дастлабки шахс ҳам ул зот ҳисобланади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг улуғворлиги исломни қабул қилиб, мусулмон бўлиши ҳамоно пайдо бўлиб қолмаган. Яъни ул зот табиатан исломий хулқ-атворла дунёга келган эди. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳали Исломни қабул қилмай туриб қалин дўст тутинганини эслашнинг ўзи кифоя. Икковлон болаликдан эгизак ака-укалардай бўлган. Бу дунёда яшаган одамлар орасида ўз феъл-атвори ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаган икки киши: ҳақгўй Сиддиқ (Абу Бакр) ва содиқ Амин (Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ) бўлган. Ислом келгунга қадар Абу Бакр розияллоҳу анҳу Маккада ҳокимиятни ўзаро бўлишган ўн кишидан бири ҳисобланган. Унинг зиммасига ўлдирилганлар учун тўланадиган бадал ва қурайшликларнинг кафиллиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиб бориш вазифаси юкланган. Кимки Маккада бирон нарсани насияга олмоқчи бўлса, у арабларнинг насл-насаб шажарасини яхши биладиган Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кафиллик олиши талаб қилинган.

Давоми бор...

Жиҳод Турбанийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!