Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – Ислом умматидаги энг улуғ зот (3-қисм)

11:50 29.06.2019 461

1-қисм  2-қисм

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи буюк хизмати – мазмунан, курраи замин халқларини адолатсизликдан халос этиш, уларни Аллоҳнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳақ дин – Исломга даъват этиш масъулиятини ўз зиммаларига олганидан иборат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни ўз ҳаётлари давомида Эрон ва Рум империяларининг халқлари, шунингдек, бошқа халқларга ҳам етказишни истаганлар. Уларнинг ҳукмдорларига номалар йўллаб, Ислом динини қабул қилишга тинч йўл билан даъват этганлар. Бироқ ҳукмдорларнинг кўпчилиги исломда ўзлари учун қўл келадиган бирон нарса кўришмаган ва шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уруш эълон қилишган. Чунончи, Форснинг димоғдор шоҳи Хисрав II Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўллаган номани йиртиб ташлайди ва ўзига қарам Яман волийи Малик Бозонга хат йўллаб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлга олиш ва зудлик билан ҳузурига юборишни буюради. Рум подшоҳи Қайсар лақабли Ҳирақл Август Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик рисолати чинлигига шахсан имон келтирганига қарамай, Исломга қарши кураш олиб борди. Рум подшоҳининг Балкдаги волийи Шураҳбил ибн Амр Ғассоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Басрадаги ғассонийлар ҳокимига юборган элчи Ҳорис ибн Умайр Аздийни ўлдиришга-да журъат этди. Бутун дунёда «Элчига ўлим йўқ» қоидаси жорий этилганига қарамай, ушбу саҳобанинг қўлини боғлашди ва у келтирган номани Басранинг насроний ҳукмдорига топширишгунча бошини танасидан жудо этишди. Элчининг қотилларини жазолаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган 3 минг кишилик қўшинга қарши жанг қилиш учун Рум ҳукмдори Ҳирақл румлик жангчилар ва вассал ғассонийлардан иборат 200 минг кишилик улкан қўшинга шахсан ўзи қўмондонлик қилди. Шу тариқа, мусулмонларга қарши уруш Рум ва Эрон ҳукмдорлари томонидан бошланган, баъзилар таъкидлагандек, аксинча эмас. Хоҳиш билдирганлар қабул қилиши, истамаганлар рад этиши учун Ислом уммати жаҳонга Ислом динини етказишни истаган, холос. Аммо ҳукмдорларнинг аксарияти, бундай даъват уларнинг тагига сув қуйиб, ҳокимиятига таҳдид солишини фаҳмлаб, ўз халқи орасида мусулмонларнинг мурожаати кенг тарқалишига монелик кўрсатган.

Шу сабабдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу фоний дунёни тарк этгач, ҳукмдорлари динимиз мукаммал бўлган илк кунлардан буён Исломга қарши кураш олиб бораётган бўлса-да, жаҳон халқларини озод қилишга бел боғлади. Ул зот бир вақтнинг ўзида иккита йирик империяга қарши уруш олиб боришдан тап тортмади. Натижада афсонавий қаҳрамон Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги шарқий фронт қўшинларининг шиддати ила Эрон шоҳининг қалъалари таслим бўлди. Ғарбий фронтда эса Рум ҳукмдори лашкари буюк саҳоба Абу Убайда Амир ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги қўшин томонидан тор-мор этилди. Мусулмонлар Эрон шоҳларининг сулоласи – сосонийлар империясини ер юзидан йўқ қилиб ташлашга муваффақ бўлишди. Яна бир неча аср ўтиб, Шарқий Рим империяси – Византия номи ила минг йилдан зиёд ҳукм сурган, тузуми истибдодга асосланган давлатни Ислом уммати таг-туги билан йўқ қилиб юборди. Ҳукмдорларининг қаршилик кўрсатишига қарамай, иккала империя аҳолисини ҳақ йўлга даъват этди.

Ўз даврида бир эмас иккита империянинг лашкарига қарши чиқа олган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотидан 1300 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, олис Марокашда ўзаро ҳарбий иттифоқ тузган Франция ва Испания империяларининг қўшинларига бир вақтда қаршилик кўрсата билган яна бир мусулмон етакчи пайдо бўлди!

Ким экан ўзи, исми бутун жаҳонда озодлик учун кураш рамзига айланган ўша буюк мусулмон? Қандай қилиб Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги озодлик курашчилари у илгари сурган кураш усулидан илҳом олишган? Мусулмонлар томонидан қўлга киритилган буюк ғалабалардан бири сифатида тарих саҳифаларига абадий киритилган Анвал яқинидаги шавкатли жанг ҳақида нималарни айтиш мумкин?

Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз...

Жиҳод Турбанийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!