Абу Ҳафс Зандаромиший туғилган Зандаромаш шаҳрининг тарихий манбаларда ёритилиши

19:00 15.03.2019 292

Маълумки, ҳанафий фиқҳининг Мовароуннаҳр ҳудудида ривож топишида Бурҳониддин Марғиноний ва Марғинонийлар сулоласининг ўрни беқиёс. Айнан уларнинг илмий фаолияти туфайли Фарғона диёридан бир неча аср мобайнида ҳанафий фиқҳининг пешқадам олимлари етишиб чиқди. Марғинонийлар сулосасининг асосчиси сифатида Бурҳониддин Марғиноний эътироф қилинсада, у кишининг аждодлари ҳам фиқҳ илмида етук олим бўлишган. Хусусан, Бурҳониддин Марғинонийнинг она томондан бобоси Қози Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб Зандаромиший Фарғонийнинг шахсиятини ўрганиш натижасида милодий ўн биринчи асрда Фарғона диёридаги Зандаромаш шаҳри ўлкадаги Ўзган, Ўш ва Марғинон шаҳарлари каби илм марказларидан бири бўлганига ишора этади.

    Қози Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб Фарғоний Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳдаги дастлабки устозларидан бўлган. Бу ҳақда Марғиноний “Ал-Ҳидоя” асарида ушбу маълумотларни келтиради: “Бобом “масоил ал-асрор”[1] шарҳини устозларидан бири қози ва имом Аҳмад ибн Абдулазиз Зўзаний[2]дан ўрганган. Бобом унинг вафотидан сўнг фиқҳни имом ва Зоҳид Шамсул аимма Сарахсий (ваф.1090-м.)[3]дан ўргана бошлайди. Бобом у ҳақида: “Мен Имом Сарахсийдан ихтилофли масалаларни ўргандим. У олимларнинг саййидларидан, фиқҳ ва хилоф илмида дақиқ фатво ва ҳукмлар бера оладиган, мукаммал фиқҳий қараш эгаси ва тенги йўқ олим эди”, деб хабар берган” [4].

Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабибнинг Зандаромиший нисбасини олиши борасида тарихий манбаларда, баъзи зиддиятли маълумотларни учратиш мумкин. Чунки бир неча табақот асарларида ушбу нисбани Бухоро яқинидаги Зандаримисан қишлоғи билан боғланишини учратиш мумкин. Натижада, Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабибнинг Фарғонада туғилганини инобатга олиб, унга нисбат берилаётган Зандаромиший нисбасининг Бухородаги қишлоқ билан алоқадорлигини очиб бериш зарурияти туғилади.

Муҳиддин Қураший “Ал-Жавоҳир ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия” асарида Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабибни Зандаромиший нисбаси билан зикр қилади.[5]. Шунингдек, Тақийиддин Абдулқодир Тамимий “Ат-Табақот ас-сунния”да ва Мавлоно Тош Куброзода “Табақот ал-фуқаҳо”да у кишини Зандаромисий[6] деб келтиради. Бироқ юқоридаги уч манбада ҳам Зандаромиший ва Зандоримисий нисбаларига оид бирор маълумот келтирилмайди[7].

“Ал-Жавоҳир ал-музия” муаллифи Зандаромиший нисбаси ҳақида Самъонийнинг “Ал-Ансоб” асарига мурожаат қилишни таъкидлайди. Аммо Самъонийнинг китобида ушбу нисба Зандаримисайий[8] шаклида ёритилади ва қуйидагилар келтирилади: “Ушбу нисба Бухоро яқинидаги Зандаримисан қишлоғига нисбатан берилади. У ердан Абу Амр Маъбад ибн Амр Зандаримисайий Бухорий етишиб чиққан. У Муҳаммад ибн Зайёд ибн Марвондан ҳадисларни ривоят қилган, Зандаримисайийдан эса унинг ўғли Ҳамадон ибн Маъбад ривоят қилган” [9].

    Ёқут Ҳамавий эса “Муъжам ал-булдон” асарида Зандаромаш ва Зандаримисан айни шаҳар эмаслигини, Зандаримисан Самъоний айтганидек, Бухоро қишлоқларидан бири эканини таъкидлайди. Бироқ у ҳам Зандаромаш шаҳри қаерда жойлашгани ва кимлар ушбу нисбани олгани ҳақида бирор маълумот ёзиб қолдирмаган[10].

    Зандаромаш қишлоғининг номи ҳақида аниқ маълумотни фақатгина муаллифи номаълум бўлган ва форс тилида ҳижрий 392-санада ёзилган “Ҳудуд ал-олам”[11] асаридан топиш мумкин.  Бошқа манбалардан фарқли равишда у қишлоқ эмас, балки Фарғонадаги шаҳар сифатида зикр қилинган. Унда қуйидагилар айтилади: “Зандаромаш Мовароуннаҳрнинг Фарғонасидаги дарахтзорлари ва бозорлари кўп шаҳардир”[12].

    Юқоридаги манбаларни қиёсий ўрганиш орқали шуни айтиш мумкинки, турли ном билан аталсада, бир жой номи сифатида кўрсатилган Зандаромаш, Зандаромас ва Зандаримисан қишлоғи аслида бир-биридан узоқда жойлашган шаҳар ва қишлоқ номлари экани маълум бўлади. Зандаромиший нисбаси ҳақида табақот асарларида аниқ гап айтилмаганини эътиборга олган ҳолда, мазкур нисбани  Бухородаги Зандаримисан қишлоғи номи билан боғлаш тўғри эмаслигини таъкидлаш лозим.  Чунки “Ҳудуд ал-олам” муаллифи Бурҳониддин Марғинонийнинг бобоси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб билан замондош бўлган ва у Зандаромаш шаҳри ҳақида тўртинчи ҳижрий асрда ёзиб қолдирган. Ушбу шаҳар ҳақида маълумот берувчи деярли барча манбалар унинг вафотидан бир неча аср сўнгра ёзилган[13]. Мазкур омилга таянган ҳолда Зандаромиший нисбасини баъзи тарихий манбаларда Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабибга нисбатан берилиши Бухородаги Зандаримисан қишлоғи билан алоқадор эмаслигини айтиш мумкин.

 

Шерзод УМАРАЛИЕВ
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси
“Тарих” (Ислом цивилизацияси) мутахассислиги 
II курс магистратура талабаси

 


[1] Масоил ал-асрор – шариъат масалалари ёки қози ад-Дабусийнинг “Китоб ал-асрор” асари. Манба: Бинтул муфтий Мужиб ар-Раҳмон ад-Дайровий/Ал-Ҳоди ила риёз ал-фиқҳ ва ал-фуқаҳо. Покистон, Темиркара: Мактаба ал-имом Аби Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний. –Б.252.

[2] Аҳмад ибн Абдулазиз аз-Зўзаний - Абу Абдуллоҳ ал-Ҳасин ибн Аҳмад аз-Зўзанийнинг отаси. Унинг шахсияти манбаларда ёритилмаган. Ҳирот ва Найсопур орасидаги Зўзан шаҳрида туғилгани боис Зўзаний нисбасини олган. Туғилган ва вафот этган йиллари борасида маълумот мавжуд эмас. Аммо унинг ўғли ал-Ҳасин фиқҳ, луҳат ва адаб илмида пешқадам ҳанафий фақиҳларидан бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ал-Ҳасин 1093-милодий санада вафот этган. Ал-Ҳасиннинг араб ва форс тилларида ёзилган “Таржимон ал-Қуръон”, “ал-Масодир” ва араб тилидаги “Шарҳ ал-қасоид ас-сабъ” асарлари мавжуд.

[3] Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий, Хуросондаги Сарахс шаҳрида туғилгани боис ас-Сарахсий нисбасини олган. Мовароуннаҳрнинг Фарғона диёрига қарашли Ўзжанд шаҳрига кўчиб ўтиб, ўша ерда фиқҳ ўрганади. Хотинининг иддаси тугамаган Ўзжанд ҳокимига никоҳ ўқиб беришни рад қилгани сабабли 466-ҳижрий санада зиндонга ташланади ва у ерда 15 йил қолиб кетади. Зиндонда 25 жилддан иборат “ал-Мабсут”, икки жилдли “Шарҳ сияр ал-кабир” ва “Китоб аш-шурут” асарларини ёзади. Озод этилгач, 480-ҳижрий санада Марғинон шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ерда “Шарҳ сияр ал-кабир” асарини тамомлайди. Фиқҳдаги устозларидан Шамсул аимма ал-Ҳалвоний, шогирдларидан Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабибдан бошқа Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳусайрий ва Абу Амр Усмон ибн Али ал-Бийкандийнинг номлари зикр қилинади. Ҳижрий 490-санада, баъзи манбаларда ҳижрий 483-санада вафот этган. Манба: Абу Муҳаммад Абдулқодир ал-Қураший/Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия, 2-жилд. Карочи: Дор Мир Муҳаммад кутубхоне. –Б28.

[4] Али ибн Абу Бакр Бурҳониддин ал-Марғиноний/Ал-Ҳидоя шарҳу бидая ал-мубтадий,1-жилд. Покистон , Карочи: Идора ал-Қуръон ва ал-улум ал-исламия, 1998. –Б.12

[5] Абу Муҳаммад Абдулқодир ал-Қураший/Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия, 2-жилд. Карочи: Дор Мир Муҳаммад кутубхоне. –Б643.

[6] Мавлоно Тош Куброзода/Табақот ал-фуқаҳо. Ироқ, Мўсул: Амин ал-мактаба ал-марказия ал-ъамма, 1961. –Б.84.

[7] Тақийиддин Абдулқодир ат-Тамимий/Ат-Табақот ас-сунния фи тарожим ал-ҳанафия, 5-жилд. Қоҳира: Лажна иҳё ат-турос ал-исламий, 1998. –Б.238

[8] Аз-Зандаримисайий – фатҳали “зай” ва “нуқтасиз дал”нинг орасида сукунли “нун” бор. Ундан сўнг “ро” ва “мим” касрали, “йо” сукунли, уч нуқтали “са” фатҳали ва охирги ҳарф “йо” ҳарфи, яъни аз-Зандаримисайий

[9] Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний/ал-Ансоб.

[10] Ёқут ал-Ҳамавий/Муъжам ал-булдон, 3-жилд. Байрут: Дор ас-содр. –Б.154.

[11] Мазкур асар муаллифи номаълум бўлсада, у тўртинчи ҳижрий асрда Балх ва Жузжон ҳокими бўлган Абул Ҳорис Муҳаммад ибн Аҳмад Фариғунга атаб ёзилган. Манба: Юсуф ал-Ҳодий/Ҳудуд ал-олам мин ал-машриқ ила ал-мағриб. Қоҳира: Дор ас-сақофия, 1999. –Б.5.

[12] Юсуф ал-Ҳодий/Ҳудуд ал-олам мин ал-машриқ ила ал-мағриб. Қоҳира: Дор ас-сақофия, 1999. –Б.5.

[13] Мавлоно Тош Куброзода/Табақот ал-фуқаҳо. Ироқ, Мўсул: Амин ал-мактаба ал-марказия ал-ъамма, 1961. –Б.84.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!