Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал аҳлоқлари

18:00 17.12.2018 752

Заҳабий Мужолиддин ривоят қиладилар:
«Мен Ҳорун Ар-Рашиднинг ҳузурида эдим. Шу пайт Абу Юсуф келиб қолди.

Ҳорун Абу Юсуфга:
«Менга Абу Ҳанифани васфлаб бер», деди.

Абу Юсуф шундай деди:
«Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан қаттиқ сақланган, дунё аҳлидан четда юрувчи, узун сукут сақловчи, доим тафаккур қилувчи, беҳуда сўзлардан йироқ бўлган зот эдилар. Қачон у зотдан савол сўралса, билсалар жавоб берардилар. Эй мўминларнинг амири, мен Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни нафси ва динида мустаҳкам, инсонларнинг айбини қидиришни тарк қилиб, ўзининг айбларини тузатишга бел боғлаган зот деб биламан. Кимни эсласалар, яхшилик билан эслар эдилар».

Шунда Ҳорун Ар-Рашид:
«Бу солиҳ инсонларнинг сиймосидир», деди».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг юқорида зикри келган ахлоқларини икки қисмга ажратиш мумкин:
1. Аллоҳга нисбатан ахлоқлари. Яъни у зотнинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишлари, У зотдан қўрқишлари ва унга бўлган тақволари.

2. Инсонларга нисбатан ахлоқлари. Яъни инсонларга нисбатан сахийликлари, насиҳатлари, яхшилик қилишлари, сабрлари ва ҳалимликлари.

«Имом Аъзам» китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!