Абу Ҳанифанинг илмий услуби

20:00 23.02.2019 1182

Имоми Аъзам, яъни улуғ имом – Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ 699 йил Кўфа шаҳрида таваллуд топган. Шунгача бу ерда бир ярим минг саҳоба яшаган. Саҳобалар ва тобеинларнинг илмларидан баҳра олган имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ илмда тенгсиз бир мақомда ҳаммага устоз бўлиб, нафақат оддий мусулмонларга, балки дин пешволари бўлган мужтаҳид уламоларга ҳам устозлик даражасига чиқдилар.

Уламолардан бири Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ камида 83 мингта масала айтган, дейди. Бу то қиёмат сўралиши мумкин бўлган масалаларга жавоб айтган, деганидир.

Аҳли сунна вал – жамоанинг тўрт мазҳаби – ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари ичида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши шаръий масалалар ечимининг пухталиги ва одамлар учун осонлигидадир.

83 минг масалани айтишга бир одамнинг умри кифоя қилиши ўта мушкулдир, лекин Аллоҳ Имоми Аъзамга ана шундай неъматни ато этган эди. Бутун дунё мусулмонларнинг ярми (50.5%) Имоми Аъзам мазҳабига эргашган.

Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмонлар бирор масалада икки тоифага бўлинадиган бўлса, қайси тоифадаги одамларнинг саноғи кўп бўлса, ўшанга эргашинглар, адашмайсизлар», - дедилар. Демак, бизнинг мазҳабимиз шундай муборак мазҳабки, унга эргашган одам адашмайди.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ масалаларининг яшовчанлиги шундаки, ҳеч қачон бирор масалани ёлғиз ўзлари айтиб китобларга ёздирмаганлар. Ўзларининг энг пешқадам шогирдларидан муфтийлик мақомидаги қирқ кишига ҳавола қилганлар. Улардан ўртага қўйилган масалани асослаб беришни, агар асоси заифроқ бўлса, мазкур масалага қарши бошқа масалани қўйишни талаб қилар эканлар. Ўзининг фикридан кучлироқ фикрни эътирозсиз қабул этарканлар. Шундай қилиб қирқ нафар муфтийнинг муҳокамасидан ўтган масалагина Имоми Аъзамнинг масаласи сифатида китобга киритилган. Ҳанафий фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, айрим ҳолларда Абу Ҳанифа билдирган фикр келтирилиб, сўнгидан шогирдларидан бирлари айтган фикр берилади. Шу боис бу мазҳабни «Маслаҳат мазҳаби», «Шўро мазҳаби» ҳам дейдилар.

Имомиз қайси олимнинг ҳужжати қувватлироқ бўлса, ўшанинг гапини китобга туширишни буюрар экан. Мана шу туфайли ҳам бу мазҳаб дунёнинг, Ислом оламининг кўп тарафларига ёйилди.

Ҳазрати Али халифа сифатида Кўфага кириб келган даврда бу ерда 4 минг нафардан зиёд жуда етук билимли уламо бор эди. буларнинг барчаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган эдилар. Бу ҳолатни кўрган ҳазрати Али “Абдуллоҳнинг мукофатини аллоҳнинг ўзи берсин. Кўфани илмга тўлдириб қўйибдику!” деб марҳамат қилганлар. Имоми Аъзам ўша даврнинг энг етук уломалари қаторида турган. У зот диний илмда мукаммал бўлиб, ҳадис илмида ҳам шу қадар маҳоратли бўлган эканларки, бу ҳақда Ҳасан ибн Зиёд деган зот Имоми Аъзам шахсан 4 минг ҳадис ривоят қилганлар, дейдилар. Шу 4 минг ҳадиснинг тенг ярмини устозлари Ҳаммод ибн Сулаймондан ривоят қилганлар, деб айтганлар. Устозлари диннинг ҳамма соҳаларида мукаммал илм соҳиби эдилар. Ҳадис соҳасида моҳир бўлганликларини ўзлари айтган сўзлар мисолида танишиб ўтсак. Аҳли суннат вал-жамоатнинг 4 мазҳаб тамонидан “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак, у менинг мазҳабимдир!”, деган гап нақл қилинган. Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилган. Ушбу гапни пеш қилиб, замонамиздаги айрим салафий, зоҳирий, “аҳли ҳадис” сифатида танилганлар: “Аслида, мазҳабларга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳадисларга амал қилиш лозим. Шунинг учун, мазҳаб имомлари ўз сўзларини тарк қилиб, ҳадисга амал қилишни буюрганлар. Ҳар бир инсон ҳадисларни ўқиб, уларга амал қилиш керак, мазҳаб аҳли битган фиқҳий манбаларни ўрганиши, улардаги фатволарга амал қилиши мумкин эмас”, деганга ўхшаш гапларни айтадилар...

Бу “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак, у менинг мазҳабимдир!”, деган гап яхши англашни ва жиддий эътиборни талаб қилиб, шубҳасиз, мазҳаб доирасидаги мужтаҳидлик мартабасига етган кишилар учун айтилган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг ва бошқа мужтаҳидларнинг қайсидир саҳиҳ ҳадисга амал қилмаганлиги уни қасдан тарк қилганини билдирмайди. Балки, бошқаларга маълум бўлмаган сабаблар: масалан, ҳадис саҳиҳ бўлгани билан бирга мансух бўлгани учун тарк қилган бўлиши мумкин. Бу борада Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири Абул-Валид Мусо ибн Абул- Жаруд раҳматуллоҳи алайҳнинг Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга: “Қон олувчининг ҳам, олдирувчининг ҳам рўзаси очилади!”, деган саҳиҳ ҳадис борлигини айтгани ва унга имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ нима учун амал қилмаганини сўраганини келтириш мумкин. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадиснинг саҳиҳ эканини билишини айтиб ўтган, бироқ, унинг мансух бўлгани далиллар билан кўрсатиб, ана шу сабабали мазкур ҳадисга амал қилмаганлигини баён қилган. Шуни учун Аҳли суннат вал-жамоат гапларига хилоф қилишдан олдин, уларнинг масалани қай йўл билан олганлигига эътибор қилишимиз керак бўлади. Бу имомлар масалани, хукмни қилиш бобида шундай нозик жиҳатларга эътибор берганки буни “Фатҳ ал-қодр”нинг муаллифи Камолиддин ибн ал – Ҳумам раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаб доирасида олиниши керак бўлган бир қоидани тез – тез эслатиб ўтади. Бу далил: “Эҳтиёт икки далилнинг кучлироғига амал қилишдир!”, деб юритилади (Фатҳ ал- Қадр. 2- жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 241).

Шуни ёддан чиқармаслик керакки бизнинг бошқа мазҳабларга нисбатан хусуматимиз йўқ. Амир Темур ҳазратлари ўз юртига диний фирқаларни киргизмаслик ва мазҳаб аҳллари ўртасида тушунмавчиликни келтирмаслик ва иложи бўлса бошқа мазҳаб аҳлларининг гапи фақат илм аҳлларининг ичида бўлишини талаб қилган. Шу сабаб бўлса керакки оддий ҳалқ бошқа мазҳаб аҳлларининг гапидан бехабар бўлишган. Амир Темур давлат бошқарувида оддий ҳалқ ўртасида диний тушунмавчиликларнинг пайдо бўлиши катта салбий оқибатлар келтириб чиқажаклигини олдиндан англаб етган уламолар сўзига қўлоқ тутган. Илмсизлар ўртасидаги тушунмавчиликка барҳам бериш Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу замонларига бориб тақалади. Кўпчиликка қўшилмай, уларга хилоф қилганлар доимо ўзидан ҳавоси ғолиб келган шахслар сифатида қораланиб келган. Уларга турли чора ва тадбирлар ҳам кўрилган. Имом Доримий ва бошқалар Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: “Субайғ ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида, Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб Розияллоҳу анҳуга юборди. 

Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:
“Бу одам қани?”деди.
“Юклар билан”, деди у.
“Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!”деди.

Уни олиб келди. Умар унга: «Нималар ҳақида сўрайсан?»деди. у айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб, одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб, яра қилди. Кейин уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин яна уни уриш учун олдириб келди. Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмаоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, аллоҳга қасамки, тузалдим»,деди. У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу ҳалига одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга: «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. У ҳам ўз навбатида: «Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди. Бу одам Бану тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммао чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у 100 кишининг олдига келса ҳам ҳаммаси тарқаб кетарди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. бундан кейин ҳақир бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фитначиларга қарши кўрган ана шу чоралари ҳозиргача иш бериб келмоқда. Хуллас ҳар бир киши ақлига таяниб Қуръон ва Суннатдан хукм олишлари мутлоқ мумкин эмас. Лекин ҳар бир мазҳаб аҳли келтирган хукмларни олса аҳли сунна вал жамоа фирқасидан адашмаган бўлади. Аммо улар чиқарган хукмлардан кунгли тулмаса. Улар қай йўсинда хукмларни чиқариб олишди, нималарга эътибор қилишди. Қайси нозик жиҳатларга қараб хукм чиқаришди. Улар қайси ишлари билан фақиҳ саҳобаларга хилоф қилишди. Агар илмлари ва фаҳмлари етса, бир назар солиб кўрсин. Бир ақл билан ўйлаб кўрсангиз сиздан минг маротаба илмлари юксак бўлган инсонлар улар чиқарган хукмларни кўриб ақллари шошиб қолган. Уларга Аллоҳ тарафидан Қуръон ва Ҳадисни чуқур англаши учун буюк бир маҳарат берганлигига гувоҳ бўлишган.

Кўргани ва эшитганини шу заҳотиёқ ёдлаб оладиган ва имом Моликнинг ҳадиси Муваттони 9 кунда ёдлаган зот имом Шофеъий Абу Ҳанифа ҳақида: “Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир”, - деганлар. Имом Шофеъий у кишининг ақлларига қойил қолиб у кишининг йўлидан йўриш мақсадида “Мен у киши чиқарган масалага қарши хукм чиқараман”, - деган экан. Шу куни тушларига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кириб қани бўлмаса мен бир нарса дейман, унга тескари бир хукм айтингчи дебди. Хўп бўлади устоз, дебди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ дебди. Имом Шофеъий бу кишининг ақлларига қойил қолиб тан берибди.

Имом Моликдан одамлар: “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўрашганда, “Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим”, деб жавоб берганлар.

Масала чиқариш, Қуръонни, ҳадисни англаш шу қадар нозик ишки, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ хусусан ҳадисни тушунишда, уни ривоят қилишда жуда катта масъулиятни зиммаларига олган эканлар. Ҳадис етказган уломалар бу кишининг ҳадисга бўлган эҳтиёткорликларини тан олиб, эътироф қилганлар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бир ҳадисни ҳадис деб айтиш учун ўзларича қоида қилган эканлар: «Шу ҳадисни етказган ровийдан эшитган соатдан тортиб то китобга ёзиб ёки бировга сўзлагунча бўлган муддатда агар бир дақиқа шу ҳадис ёддан чиқиб қолган бўлса, у ҳадисни китобга ёзиш, ёҳуд бировга айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», - дер эканлар. Яъни ҳадиснинг мазмунигина эмас, балки ундаги сўзларнинг ҳар бир ҳарфигача етказиш масъулиятини зиммаларига олган эканлар. Ҳадис ривоят қилган бошқа уламолар учун эса ҳадиснинг мазмунини етказиб қўйишгина кифоя қилган.

Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи васаллам 124 минг саҳобаси бўлиб шулардан 1500 нафари Куфада яшаганлар. Булар шунчаки илмсиз саҳоба эмасдилар. Расулуллоҳдан кейин кўп илмли саҳобалар Куфага келганлар. Уларнинг энг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али розияллоҳу анҳу каби улуғ зотлар ҳам истиқомат қилишган. Шунинг учун имомимиз ўзлари тақрибан 4000 ҳадис ривоят қилган. “Муснади Абу Ҳанифа” деган алоҳида ҳадис китоблари бор. 124 минг саҳобаларнинг ичидан 130 киши муфтийлик мақомига етган экан. Ўша 130 саҳобанинг ичидан 6 кишигина мужтаҳид деган мақомга чиққан экан. Бу Қуръони ҳадис асосида масала чиқариш иқтидорига эга бўлишдир. Абу Ҳанифа ўша мужтаҳид саҳобаларнинг 6 нафаридан ҳадис ривоят қилганлар. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Дардо, Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий каби саҳобалар мужтаҳидлик мақомига чиққан кишилар эдилар. Имомимиз буларнинг ҳаммаларидан ҳадис ривоят қилган ва илмларни истифода қилганлар.

Аллоҳ барча иймон неъматига мушарраф бўлганларни эътироф қилинган мазҳаб аҳлларининг йўлидан адаштирмасин.

Ашкурукум ала ҳусни ихтимамикум вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Уролназар МУСТАНОВ тайёрлади.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!