Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Абу Ҳомид Ғаззолий: Жамият ислоҳоти муаммоси

350

Имом Ғаззолийнинг ўз давридаги жамиятни ислоҳ қилиш йўлидаги хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқдир. У олдинлари фалсафани танқид қилиш ва калом илмини янгилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан жамиятда катта уйғонишга сабабчи бўлган бўлса, кейинчалик “Иҳёу улумид-дин” орқали ўша вақтдаги ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилиш, руҳий тарбия ва ҳақиқатлар билан зийнатланишга даъват қилиш билан яна бир улкан маънавий ислоҳотни бошлади. Олим жамиятни ислоҳ қилиш учун унинг заиф ўринларини ва бузилган жойларини, иллат ва хасталикларини билиши лозим эди. Бунинг учун эса турли қатламларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиш керак: “Иблис уларни қандай алдаган? Улар қандай орзу-ҳаваслар билан яшашяпти? Қайси диний тушунчалар ўзгариб кетган? Қайси ҳақиқатлар бузиб кўрсатилган? Инсонлар зоҳирий нарсалар ва расм-русумлар билан қандай машғул бўлиб қолишяпти? Дин ҳақиқатлари ва мақсадлари ҳақида қандай бидъатлар тўқишган? Аллоҳ таоло сақлаган кишилардан ташқари барча инсонлар нега охират ишларидан чалғиб қолишди? Қиёмат ҳақида фикр юритувчилар ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилувчилар ҳам нега озчиликни ташкил қилишади?”

Имом Ғаззолий бу саволларда зикр этилган камчиликларни “Иҳёу улумид-дин”ни ёзишдан олдин ҳам билган эди. Шунинг учун у жамиятга соғлом дин мезони бўйича назар солди. Унга тўғри йўлдан тойишлар ва бидъату хурофотлар очиқ-ойдин кўринди. Кейин ҳар бир қатламга бирма-бир ёндашиб, уларнинг хасталиклари ва адашган жойларини кўрсатиб ўтди. Мақсад ва ғоялар, восита ва сабаблар орасидаги тафовутни ажратиб берди. Илмларни тақсимлаб, диний ва дунёвий илмлар орасини, мақталган ҳамда қораланган илмларни, фарзи айн ва фарзи кифояларни ажратиб чиқди. Ёзиш асносида олим ўша даврга фарз бўлган, инсон тарк қилиши мумкин бўлмаган, унчалик зарур ҳисобланмаган нарсаларга танбеҳ бериб ўтди. Бойларга хос бўлган иллатлар, уларнинг орзу-ҳаваслари ва ғурурлари ҳақида огоҳлантирди. Подшоҳ ва амирларнинг зулмларини, шариатга хилоф ишларини ва динга зид қонунларини инкор қилди. Халқ оммасининг хасталиклари, турли қатламларда тарқаган мункар-ёмон ишлар, қораланган одатлар, жоҳилият ишларининг қайтиши, бидъатларнинг тарқалишини ҳам айтиб ўтди. Шу тариқа бу китоб жамиятни тўғрилаш ва ислоҳ қилишда энг мўътабар ўта фойдали асарлардан бири бўлиб қолди.

Имом Ғаззолий диннинг заифлашуви ва маънавий инқироздаги катта юк уламолар ва дин арбоблари зим- масига тушади, деб эътиқод қилар эди. Чунки булар умматнинг тузи эдилар. Туз айнийдиган бўлса, уни нима ҳам тузата олиши мумкин? Олимлар қалби ҳозир хаста эканини, уларнинг қиёмат кунидан ғафлатдалиги ва бунинг сабабларини зикр қила туриб, уламолар аслида, қалб табиблари бўлишига қарамай, ўзларининг иллатлардан халос эмаслигини айтиб, шундай дейди: “Табибнинг йўқлиги – энг бедаво касалдир, чунки табиб – уламолардир. Бу асрда уларнинг ўзлари қаттиқ касалга чалинишган, бунинг давосидан ҳозирча ожиз қолишмоқда. Уларни касаллик ўраб-эгаллаб олган. Бемор табибнинг касални даволаши жуда қийин. Шунинг учун касаллик бедавога айланди. Илм йўқ бўлиб кетди, қалб табиби ва унинг касаллиги тамоман инкор қилинди. Инсонлар дунё муҳаббатига юз тутишди. Амаллар зоҳирида ибодат кўринса-да, аслида одат ва машқларга айланиб қолди”.Имом Ғаззолий ҳоким ва амирларнинг бузилиб кетиши сабабини уламоларнинг заифлигида ва ўз ишларида сусткашликка йўл қўйганликларида кўрарди. У уламоларнинг фарз бўлган амру маъруф, наҳйи мункардан, золим ҳоким олдида ҳақ сўзни айтишдан тўхтаб қолишганини ҳам айтади. Бунга дин кишилари амирларнинг тўрига илиниб, дунёга муҳаббат ва мансаб илинжига тушиб қолганларини сабаб қилиб кўрсатади ҳамда салаф уламоларнинг шижоатлари, уларнинг умарога ҳақ сўзни айта олишларини келтириб ўтганидан сўнг шундай дейди: “Ҳозирги пайтда таъма уламоларнинг тилларини боғлаб қўйди, уларнинг сўзлари аҳволларини яхшилай олмади. Агар тўғри сўз бўлиб, ҳақиқий илмни қасд қилишганида эди, зафар топган бўлишарди. Халқ умаронинг бузилгани, умаро эса уламонинг бузилгани сабабли йўлдан оғди. Уламонинг бузилишига эса, уларнинг мол-дунё ва мансаб-мартаба муҳаббатига муккасидан кетганлари сабаб бўлди. Мол-дунёнинг муҳаббати қалбини эгаллаб олган киши паст табақадаги инсонларга ҳам чора-тадбир қўллашдан ожиз бўлиб қолади. Оддий одамларга сўзини ўтказа олмаган инсон қандай қилиб ҳоким ва амирларга гапира оларди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ёрдам сўралувчи Зот Аллоҳдир”.

“Иҳёу улумид-дин” китобида Ғаззолий уламоларни шижоатга, ихлосга, илмий таҳлилга чорлайди. Уларнинг ғайрат ва шуурларини уйғотади. Чунки уламолар жамият ислоҳидаги асос ҳисобланишади. Улар ислоҳ бўлса, олам ислоҳ бўлади, улар бузилишса, олам бузилади.

Ғаззолий яшаган замонда мамлакатнинг тизгини вазирларнинг қўлида бўлар эди. Вазир ислоҳ бўлса, давлат ислоҳ бўлар, вазир бузилса, давлат ҳам бузилар эди. Ғаззолий буни жуда яхши биларди. Чунки у буюк салжуқийлар мамлакатининг вазири Низомул-Мулк Тусийга ва унинг ўғилларига ҳамаср бўлган эди. Шунинг учун подшоҳлардан кўра мамлакат вазирларига кўпроқ эътибор қаратдилар. Чунки улар мамлакатнинг калити, ишларнинг асосий бошқарувчиси эди. Ғаззолий мамлакат вазирларига мактуб ёзиб, унда қонун-қоидалар бузилишига эътибор қаратишни, ҳокимлар зулми, одамларнинг молларини ўзлаштириб олаётгани, масъул шахсларнинг ғафлатда қолаётгани, амалдорларнинг таъмагир бўлиб кетгани баён қилинганди. Яна мактубда амалдорларни Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш, ўтган вазирлар, золим подшоҳларнинг қисматини эслатиш, маъмуриятларни ислоҳ қилишлар баён этилган эди. Амирлардан Мужириддинга ёзилган мактубда қуйидагилар айтилган эди: “Ҳаққа ёрдам бериш барчага вожибдир. Зулм ҳаддан ошиб кетди. Бу золимликларга тоқат қила олмасдан, ҳижрат қилдим. Борган еримда бундай қабиғликларга гувоҳ бўлмадим. Кейин баъзи ишлар сабаб, Тус зиёратига келдим. Унда зулм ҳали-ҳамон тўхтамаган экан”.

Шунингдек, Имом Ғаззолий олимлар ва илм толибларини фиқҳий масалалар, хилофлар, калом ва жадал (баҳс-мунозара) илмларига, бундан ташқари наҳв, луғат, шеър каби билилмларга берилиб кетганларини, сўфийларни эса машойихларнинг сўзлари ва улар ҳақидаги ҳикоялар билан кифояланиб қолаётганларини ҳам танқид қилади. У бу ҳақда мулоҳаза қилиб: “Юқорида зикри келган илмлар шариатга тааллуқли бўлгани учун, у билан шуғулланувчи кишилар ғурурланиб қолишган. Аммо тиб, ҳисоб, ҳунар ва шариат илмларидан деб танилмаган кишилар эса, бу билан Аллоҳ таолонинг мағфиратига етамиз деб ўйламаганлари учун ҳам бу илмлар билан ғурурланиш шариат илмлари билан ғурурланишдан кўра камроқ бўлган”, дейди.

“Иҳёу улумид-дин”да жамиятни ислоҳ қилишнинг бошқа муаммолари ҳақида ҳам дадил, жўяли ва фойдали фикр-мулоҳазалар келтирилганки, буларнинг ҳаммаси омманинг барча табақаларини ушбу китобга бўлган қизиқиш ва эътиборларини кучайтиради, холос.

Имом Ғаззолийнинг барча илмларга ихлослари, хоссатан, ҳақиқат ва охират талабидаги ҳимматлари юксак даражада эди. У зот қолдириб кетган илмий мерос Ислом тафаккури бойлиги ҳисобланиб, барча асрларда инсонлар бу хазинанинг фазлини тан олиб келишган. Имом Ғаззолий жамиятни ислоҳ қилишда унинг аъ- золарини жаҳолатдан қутқариш, билимли қилиш, Аллоҳни танитиш ўта муҳим иш эканини алоҳида таъкидлайди. Жоҳил кимсаларнинг асл қиёфаларини очиб берар экан, уларни тарбияламай туриб, жамиятни ўзгартиришда кўзланган мақсадга эришишнинг душворлигини ҳам кўрсатиб беради. Олим жаҳолат аҳли ҳақида шундай ёзади:

“Жоҳил ва адашган инсонлар ёмонлик нелигини биладилар, лекин яхши ишларга одатланмаганлари са- бабли, қилаётган қабиҳ амаллари ўзларига чиройли бўлиб кўринади. Дунё истакларига қул бўлиш билан улар тўғриликдан юз ўгирган бўлсалар-да, амалларидаги қусурлардан хабардорлар. Бу тоифанинг тарбияси оғирроқ бўлгани учун уларга бир неча вазифалар юкланади. Аввало, улар бузуқликка одатланиш натижасида ичларида маҳкам ўрнашган жуда кўп иллатларни нафсларидан суғуриб олишлари шарт. Кейин яхшиликка ундайдиган сифатни қалбларига экмоқлари керак. Хуллас, енг шимариб, жидду жаҳд этилса, бу тоифа кишиларнинг тарбияси риёзат учун кенг майдондир.

Жоҳил, адашган ва фосиқ кимсалар ёмон ахлоқни яхши деб эътиқод қиладилар. Уларнинг наздида бу хулқ ҳақ ва энг гўзалдир. Ундаги бу қараш борган сари такомиллашади. Шунинг учун бу тоифадаги кишининг муолажаси мушкул, соғайишига деярли умид йўқ. Камдан-кам ҳолда у дардига даво топиши мумкин. Бу жиҳатларнинг барчаси залолатга кетиш имкониятини оширади.

Жоҳил, адашган, фосиқ ва ёвуз кимсалар нафақат бузуқ қарашда такомиллашадилар, балки улар ёмонликларини кўпайтиришни фазилат деб биладилар, бу билан фахрланадилар ва “бу ишлар қадримни оширади”, деб ўйлайдилар. Бу тоифадагиларнинг аҳволи оғир. Улар ҳақида донишмандлар: “Кексани тарбияламоқ – машаққат, бўрини тарбияламоқ – уни азобламоқдир”, деганлар”.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Олим етиштириш осонмас…

34 13:35 18.08.2022

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

102 13:10 18.08.2022

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

260 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

99 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

188 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

97 11:40 18.08.2022
« Орқага