Таҳлил

Адабий таҳлил: Сув қасидаси

595

Саодат асридан бошлаб, фахри коинот, сарвари олам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мадҳларида кўплаб шоирлар, қасида, шеъру ғазаллар битишган. Саодат асри шоирларидан Ҳассон ибн Собит билан “Қасидаи бурда” муаллифи Каъб ибн Зуҳайр шахсан Расулуллоҳнинг илтифотларига сазовор бўлишган.

Кейинги замон шоирлари бу қутлуғ анъанани давом эттиришгани натижасида бадиий адабиётда алоҳида Наът йўналиши вужудга келган.

Мумтоз туркий адабиёт намояндалари ҳам ушбу йўналишда қалам тебратиб, юксак бадиий савиядаги оташин наътлар ёзишган. Ҳатто уларнинг мутлақ ҳаммаси назмий асарлардан тузган девонларини Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбаримизга наът билан бошлашни қатъий қоидага айлантиришган.

Қуйида Озарбойжоннинг улуғ шоири Муҳаммад Фузулийнинг 32 байтдан иборат “сув” радифли ғазали таржимаси ва шарҳи билан танишасиз.

Парвардигори олам, ушбу қасида муаллифи, таржимони ва уни ўқиган ҳар бир уммати Муҳаммад алайҳиссаломни У зотнинг шафоатларидан насибадор айласин.

Сочма эй кўз ишқдан кўнглумдаги ўтлора сув,

Чор тарафни чирмаган оташга қилмас чора сув.

Эй кўз! Кўнглимдаги олов-оташга ёшларингни сепма, чунки ҳар тарафни чулғаб олган ишқ оташини ҳеч қандай сув сўндира олмайди, ишқ оловини сўндириш учун сув чора бўлолмайди.

Гумбази давворанинг ранги сув рангимидир,

Ёки тўлмиш кўзёшимдан гумбази даввора сув.

Осмоннинг ранги сув рангига ўхшайдими ёки кўзимдан оққан ёшлар айланувчи осмонни қоплаб олганми, билолмайман.

Завқи тиғингдан ажаб йўқ, ўлса кўнглум чок-чок,

Ким, оқар йўлида айлар раҳналар девора сув.

Ё Набий! Сизнинг қилич каби кескин боқишларингиз завқидан менинг кўнглим парча-парча бўлса, бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ. Зеро, оқар сув ёқасидаги деворда, ўз йўлида ёриқлар

пайдо қилиши маълумдир.

Ваҳм ила сўйлар дили мажруҳ пайконинг сўзин,

Эҳтиётлик бирла ичкай, кимда бўлса ёра сув.

Яраси бор одам сувни эҳтиёт бўлиб ичганидек, менинг яраланган кўнглим ҳам Сизнинг ўқ учига ўхшаш киприкларингиз ҳақида қўрқиб-қўрқиб сўйлайди.

Сувга берсун боғбон гулзори, заҳмат чекмасун,

Гулюзингдек гул очилмас, берса минг гулзора сув.

Боғбон гулзорини сувга бостириб, маҳв этаверсин, бекорга овора бўлмасин. Чунки у гулзорини минг суғориб, парваришлагани билан у ерда Сизнинг юзингиздек чиройли гул очилмайди.

Ўхшата билмас  ғуборини муҳаррир хаттинга,

Хомадек боқмоқдин инса кўзларига қора сув.

Ҳеч қайси ёзувчи-шоир, ҳеч қайси котибу муҳаррир Сизни таърифу-тавсиф қилишга минг уринмасин, шу мақсадда оқ қоғозга тикилаверганидан қалам каби кўзларига қора тушиб, кўр бўлиб

қолгунича ҳаракат қилмасин, Сизнинг биргина ёноғингиз тукларини ҳам таърифини келтира олмайди.

Оразинг ёдий-ла намнок бўлса мужгоним нетар,

Зое кетмас гул таманноси-ла бермак хора сув.

Сизнинг муборак рухсорингиз ёди билан киприкларим намланса нима бўлибди? Гулга етишиш учун, унинг кўчати, тиканини суғоришга сарфланган сув беҳуда кетган бўлмайди.

Ғам куни этма дариғ бемор дилдан хуш назар,

Хайрдур бермоқ қоронғу кечада бемора сув.

Ғамга тўлган кунимда (Қиёматда ёхуд сўнги нафасимда) муборак назарингизни, марҳаматингизни мендек ишқингиздан дили бемор ғарибдан дариғ тутманг. Зеро, қоронғу кечада чанқаб ётган беморга сув бериш беҳад хайрли амалдир.

Иста пайконин кўнгул, ҳажринда шавқим сокин эт,

Ташнаман, саҳрода ахтаргил менга бир бора сув.

Эй кўнгил! Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ўқ мисоли киприкларини иста ва унинг ҳажридаги шавқимни у билан сокин эт. Яъни, эй Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳажридан шавққа тўлиб-тошган қалбим, сокин бўлиш учун у зотнинг висолларини тилаб, дуо эт. Ҳижрон саҳросида ташналикдан лабим қуриб кетди, мен учун висол сувини ахтар.

Ман лабинг муштоқиман, зуҳҳод Кавсар толиби,
Чунки мастларга май ичмоқ хуш келур, ҳушёра сув. 

Мен лабингиздан томган шафоат илтифотига муштоқман. Зоҳидлар эса, ҳавзи Кавсарга талабгор. Зеро, мастларга яна май ичиш хуш ёқса, ҳушёрлар сув ичишни маъқул кўришади.

Мумтоз адабиётда “май” илоҳий ишқни, “маст” эса, ана шу ишққа “чалинган” ошиқни ифодалайди. Бинобарин, шоир бу байти билан айтмоқчики: “Ё Расулуллоҳ! Мен ишқингиз майи билан мастман. Менга сизнинг хушнудлигингиз, розилигингиз кифоя. Зоҳидлар эса Кавсар ҳовузига талабгор. Ошиқларга ишқи илоҳийдан сармастлик кифоя. Уларнинг талаби битта – Аллоҳнинг розилиги. Аллоҳ розилиги эса расули ризосига боғлиқдир.

Равзаи кўйинга ҳар дам тўхтамай айлар гузар,

Ошиқ ўлмиш ғолибо, ул сарви хушрафтора сув.

Сув ҳар доим Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг жаннатмонанд кўчасига боришдан тўхтамаяпти. Афтидан, сув ҳам ул сарви хушрафторга (Муҳаммад алайҳиссаломга) ошиқ бўлган кўринади.

Сув йўлин ул кўчадан тупроқ олиб тўссам керак,

Чун рақибимдур, дағи ул кўйга қўймам бора сув.

Мен энди сувнинг ўша кўчага борар йўлини тупроқ билан тўсаман шекилли, зеро, сув муҳаббат борасида рақибим бўлиб чиқди. Шунинг учун, энди қайтиб уни муборак кўчага боришига йўл

қўймайман.

Қўлларин ўпмоқ таманносий-ла ўлсам, эй рафиқ,

Кўза айла тупроғимдан, тут анинг-ла ёра сув.

Эй дўст! Менинг энг катта орзуйим у зот алайҳиссаломнинг муборак қўлларини ўпиш. Агар шу орзумга етолмай ўлиб кетсам, тупроғимдан кўза ясаб, унда ул Ёрга сув бер!
Сарв саркашлик қилур қумри ниёзиндан магар,

Томчилаб пойига тушса, бош уриб ёлвора сув.

Қумри қанча ялиниб-ёлвормасин, қўниши учун Сарв дарахти шохларини эгмайди. Шундай экан, сувга айтайлик, сарвнинг пойига бош урсин, қумри учун ялиниб, кўнглини эритсин.

Ичмоқ истар булбулин қонин магар бир ранг ила,

Гул бутоғининг мизожига кириб қутқора сув.

Машҳур “Гул ва булбул” афсонасидаги каби, гул яна булбулнинг қонини ичишни хоҳлайди. Уни тўхтатиш учун сув гулнинг шохлари, томирларига сизиб, унинг мизожини ўзгартириши керак. Шу тариқа сув гулни яралишига (фитратига) мувофиқ ҳолатга қайтарсин ва булбулни қутқарсин.

Тийнати покини равшан қилмиш аҳли олама,

Иқтидо қилмиш тариқи Аҳмади мухтора сув.

Ҳамма нарсани сувдан яратган Холиқи олам ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза табиати, гўзал ахлоқи билан борлиқни нурга тўлдиргач, Аҳмади мухтор (сайланган ва мақталган Пайғамбар)га аввало сув тобе бўлган ва у зотнинг хулқлари, ҳаракатларидан ўрнак олиб, у зотга ўхшашга интилган. Шунинг учун ҳам оқар сув покиза ва покловчидир.

Саййиди навъи башар, дарёйи дурри истифо,

Ким, сепибдур мўъжизоти оташи ашрора сув.

Инсон зотининг сараси, кечиримлиликдек камёб дуру жавоҳирлар дарёси ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари ёмонликлар оловига сув сепиб, сўндиради.

Ҳатто у зот туғилишлари биланоқ мўъжизалар рўй берди: юз йиллардан бери ўчмай келаётган мажусийларнинг шарорат олови сўнди.

Қилмоқ учун тоза гулзори нубувват равнақин,

Мўъжизиндан айламиш изҳор санги хора сув.

Нубувват гулзорини тозалаш, камолотга етказиш учун, у зот мўъжиза билан харсангтош ичидан сув чиқардилар. Яъни, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарларнинг охиргиси, нубувватнинг тамомловчиси эдилар. Аллоҳ изни билан, у зотнинг саъй-ҳаракатлари натижасида тош қалблардан имон суви отилди ва асҳобларининг қалби муҳаммадий гулзорга айланди...

Мўъжизоти беҳудуд уммон эмиш оламда ким,

Етмиш ондан минг-минг оташхонаи куффора сув.

У зотнинг мўъжизалари бепоён уммонга ўхшайдики, ундан оташпарастларнинг ибодатхоналарига сув етиб, ширк оловини сўндирди.

Тинглаган борки ажабдин тишлагай бармоғини,

Бармоғингдан берганинг шиддат куни ансора сув.

Ўша қийин кунда ёрдамчиларингиз (саҳобаларингиз)га бармоғингиздан сув чиқариб кўрсатганган мўъжизангизни эшитган кимса борки, ҳайратдан бармоғини тишлаб қолади.

Изоҳ: Машаққатли кунда (саҳродаги юришлардан бирида) саҳобалардан ҳеч кимда сув қолмаган, яқин-атрофда ҳам сув топилмади. Шунда Пайғамбаримиз судоълик саҳобаларига идишининг тагида қолган озгина сувини келтиришни буюрдилар ва унга дуо ўқиб, қўлларини ботирдилар. Шу заҳоти бармоқлари орасидан шариллаб сув оқа бошлади. Бутун карвон аҳли мешларини ўша сувдан тўлдириб олишди.

Дўсти гар заҳри илон ичса, бўлур оби ҳаёт,

Душмани ичса дўнар, албатта, заҳри мора сув.

Пайғамбарнинг дўсти, агар заҳар ичса, унинг учун оби ҳаётга айланади. Душмани ичган сув эса илоннинг заҳрига айланади.

Айламиш ҳар қатрадан минг баҳри раҳмат мавжҳез,

Қўл чўзиб ургач вузуъ учун гули рухсора сув.

У зот таҳорат олиш учун қўл узатиб, гулдек рухсорларига сув олар эканлар, ундан томган ҳар бир томчидан мингларча раҳмат денгизи мавжланади.

Хоки пойига етай деб, бир умрдир муттасил,

Бошини тошдан-тоша уриб кезар оввора сув.

Сув У зотнинг хоки пойига етай деб, бир умр бошини тошдан-тошга уриб оворайи сарсон кезади.

Зарра-зарра хоки даргоҳинга истар солса нур,

Қайтмагай даргоҳдан, гар бўлса пора-пора сув.

Сув У зотнинг қутлуғ даргоҳлари остонасини зарра-зарра нур бўлиб, ёритишни истайди. Сув, гарчи парча-парча бўлиб кетса ҳам, у даргоҳдан қайтмайди.

Зикри наътинг вирдини дармон билур аҳли хато,

Ўйлаким, дафъи хумори-чун ичар майхора сув.

Ё Расулуллоҳ! Мастлар ичкиликдан кейинги бош оғриғини кетказиш ёки кайфни тарқатиш учун сув ичганидек, гуноҳкорлар ҳам Сизнинг наътингизни тилларидан қўймай такрорлашади ва буни дардларига дармон деб билишади.

Ман сенга муштоқман, Хайрул башар, Дўсти Худо!

Ўйлаким, лабташналар ёниб тилар ҳамвора сув.

Эй Аллоҳнинг дўсти, одамларнинг энг яхшиси! Чанқоқдан лаблари қақраганлар тенгдан, бир овоздан сув тилангани каби, мен ҳам Сизга муштоқман.

Сенсан ул баҳри кароматким ўшал Меърож туни,

Шабнами файзинг таратмиш собиту сайёра сув.

Сиз шундай каромат денгизидирсизки, меърож кечасида оқар сув каби баракотингиздан сочилган шудринг томчилари собиту сайёра – бутун юлдузларга тарқалди.

Чашмаи хуршиддан ҳар дам зилоли файз инар,

Ҳожат ўлса марқадинг таждид этар меъмора сув.

Муборак қабрингизни таъмирлашга эҳтиёж туғилсаю бу ишни бажараётган меъморга сув керак бўлса, унга ҳар доим қуёш чашмасидан файзу баракотли, тотли, тиниқ ва пок сув тушади.

Ваҳми дўзах нори ғам солмиш дили сўзонима,

Бор умидим абри эҳсонинг сепар ул нора сув.

Дўзах қўрқуви куйган дилимга ғам оташини солди. Энди Сизнинг илтифот булутингиз дилимдаги оловни сўндириш учун сув сепишидан умид қиламан. Токи, шафоатингиз муждасидан

қалбимни ўртаётган дўзах қўрқуви кетсин.

Юмни наътингдан гуҳар ўлмиш Фузулий сўзлари,

Абри найсондан дўнандек луълуи шаҳвора сув.

Баҳор булутлардан тўкилган ёмғир томчилари энг йирик, қимматбаҳо дурга айлангани каби, Сизни мадҳ этиш баракотидан Фузулийнинг сўзлари нодир гавҳарга айланди.

Хоби ғафлатдан туриб бедор ўланда рўзи Ҳашр,

Доғи ҳасратдан тўланда дийдаи бедора сув. 

Қиёмат куни ҳамма жонзотлар тирилиб, Маҳшар майдонига йиғилганида, “Сизни кўра олармиканман?” деган ғам билан бедор кўзларимга  ҳасрат ёшлари тўлади. 

Умидим улдурки маҳрум қолмагайман рўзи Ҳашр,

Чашми васлинг берадур ман ташнаи дийдора сув.

Маҳшар куни Сиздан, Сизнинг шафоатингиздан маҳрум қолмасликдан, бирор соя бўлмайдиган у жазирама Кунда вуслат булоғи (муборак назарингиз) менинг иссиқдан жизғанак бўлган юзимга сув сепишидан умидворман.

Таржима ва изоҳлар муаллифи 
Нўъмон Абдулмажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон Тожикистондан суғориш учун сув сотиб олади

1942 18:38 21.07.2020

Сув ичишнинг одоблари

1431 07:24 30.05.2020

Катта улaмонинг кичик кўнгли...

1416 14:00 24.04.2020

Коронавирусдан ҳимояланиш учун қўлни ювиш керак, сув эса йўқ

739 20:30 16.04.2020

Яманликларнинг ичгани суви йўқ, қўлини қандоқ ювсин?..

1250 11:30 27.03.2020

Карантин вақтида коммунал хизматлар тўлови бўйича имтиёзлар борми?

2094 12:00 24.03.2020
« Орқага