Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Адабиёт қисматдир

328

Муддаомизни эшитгач, ўрнидан дадил туриб, ташқарига йўналди ва қўлида оқ дуррага ўралган нарса билан қайтиб қириб, уни олдимизга қўйди:

–  Сизлар сўраган нарса шу. Амир  Темурнинг ўз қўли билан ёзган ёдгорлиги.  Лекин буни сизларга бериб юбормайман. Бу китобни илгари ҳам таржима қилган эдим. Аммо йўқотдим. Шунинг учун мана шу сандал устида, кўз олдимда ўрус ҳарфига кўчириб олсанглар, беришга розиман, – дедилар очиқ чеҳра билан.

Бўлиб ўтган воқеани Иброҳим акага етказганимдан кейин, у киши: “Бу ишни энди ўзингиз бажарасиз. Ҳамма нарсани ташлаб шу билан шуғулланинг”, деди.

Китобни кўчириш жараёнида биз домла билан ота-бола бўлиб қолдик. У киши менга 20–30-йилларда совет қамоқларида чеккан азоблари, ўғридан қутулдим деб хитойга қочиб, каззобга учраганлари, Ғулжа ва яна уч вилоятда Шарқий Туркистон Республикасини ташкил қилишгани, бу йўлда олиб борилган жанглар, совет жосуслари томонидан Тошкентга ўғирлаб олиб келингани ҳақида кўп воқеаларни сўзлаб берди. Э, у одамнинг кўрган азоб-уқубатлари туганмас эди гўё...

Шу жойда Рустам Раҳмоннинг ҳам Алихонтўра Соғуний аҳволига тушиб қолган пайтларини эслаб ўтиш ўринли, деб билдим. Ёзувчи Шодмон Ота­бекнинг “Адабиёт қисматдир” китобида бу ёзув чининг миллатпарварлиги ҳақида шундай  мисол келтирилади: “... Рустам ака ёзган бир киносценарий муҳокама қилинаётганда кимдир “сценарий умуман олганда дуруст ёзилган, фақат Москвадан тажрибалироқ бир муаллифни асарга шерик қилиш керак” дейди. Табиатан кўнгли очиқ, дилидагини шартта тилига чиқариб қўя қоладиган Рустам ака бу адолатсиз талабга чидай олмайди. “Ахир қачонгача “катта оғаларимизни” мингаштириб юрамиз? Нима, биз миллат сифатида ўзимиз мустақил бир иш қилолмаймизми? Бу ҳол яна қачонгача давом этади?”  дея эътироз билдиради. “Тилга эҳтиётсиз” бўлгани Рустам акага қимматга тушади. Вилоятнинг “Коммунист” газетасида Рустам акани миллатчиликда айблаб фелетон босилади. Талай изтироблар, кўнгилсизликлардан кейин, Иброҳим Раҳим каби устозларнинг аралашуви туфайли фелетон нотўғри деб топилади, уни босиб чиқарган бош муҳаррир ишдан четлаштирилади...”. 

Аллоҳнинг ўзи чевар. “Темур тузуклари”дек бир тарихий ёдгорликни ўз эгаси – халққа етказишда икки бир мунглиқ қалбнинг бошини қовуштиришда ҳам бир ҳикмат бордир, балки...

Рустам Раҳмон билан учрашишдан мақсадим ҳам ундан “Темур тузуклари”ни журналда чоп этиш билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўраш эди. Чунки орадан 10–15 йил ўтган бўлса ҳам, у ҳақдаги гап-сўзлар унда-мунда чиқиб қоларди. Бундай чоғларда Иброҳим Раҳимнинг қўрқмаслигию Рустам Раҳмоннинг эски қўлёзмаларни яхши тушунадиган бир домладан устида туриб таржима қилдириб келгани ҳақида гап кетар эди. Тўғрисини айтганда, ўша  “тузуклар” чоп этилган журнални кўпчилик тўла ўқимаган бўлса-да, аммо унинг атрофида гап-сўз кўп бўлар эди. Аслида, бу халқимизнинг табиатига хос одат. Нима қиламан яшириб, ўзим ҳам ўшандай давралардаги гапларни эшитиб, “Шарқ” нашриёти кутубхонасидаги “Гулистон” журналининг тахламидан узуқ-юлуқ саҳифаларнигина ўқиган эдим. Ўша китобхонларнинг йиртиб-сиртиб олганидан қолган саҳифалар ҳам кишида катта таассурот қолдирарди... Мен Алихонтўра Соғуний ҳақида Ёқуббек акадан эшитганим боисми, дастлаб кўзим унинг “Таржимондан” деган иншосига тушди. Мана ўша иншо:

Таржимондан

“Ҳозирги тарихдан минг йиллаб илгариёқ маданият оламида кўплаб ҳиссалари қўшилган, бутун инсон нас лига фойда берувчи илмий асарлар қолдирган Форобий, Беруний, ибн Сино каби улуғ олимлар эрса шу юртимизда туғилмишдирлар. Шунга ўхшаш бутун дунёга донғи кетган, тарихларда достон бўлган Темур каби Жаҳонгир ҳам Ўрта Осиёдан чиқмишдир.Ўзбекистонимизда ўтган улуғ олимлар, устодлар тарихий тараққиётлар орқали эндигина юзага чиқиб танилаётган бўлсалар ҳам, ҳалигача очилмай, кўмилиб ётқон тарихий шарафларимиз яна ҳам кўпдир. Бунинг бирдан-бир сабаблари эса бу тун тарих китобларимиз арабча, форсча тилларда бўлиб, ўз тилимиз ўзбекчада ёзилган китобларимизнинг камлигидир. Бундай бўлгач, Темур тарихини ва бошқа тарихий ишларимизни билишга қизиққан анчагина ёш Ўзбекистон олимлари ҳозирча Оврупо тилларида ёзилган тарих китобларни ўқишга мажбур бўладилар. Булардаги сўзлар эса қўлдан-қўлга, тилдан-тилга кўчирилиб келганидан ҳақиқат қоронғулашиб, киши кўнглини қондургудай илмий қаноат бера олмайди.

Биз кўрган арабча, форсча, туркча китобларда Темур устида ҳар турли сўзни ёзадилар. Уларнинг қайси бирлари уни бошига кўтариб мақтасалар, баъзилари уни ерга урадилар. Йигирма етти пойтахтли ерни ўзига бўйсундирган лашкарбоши мазкур китобда ўзининг бутун қилган ишларини қисқача айтиб ўтганидан сўнг ўз салтанатини сақлаш учун болаларига қўлланма бўлғудек ҳарбий-сиёсий ёсолларини  қуриб кўрсатиб, уни “Темур тузуклари” деб атамишдир. Аслида, эса бу китоб Темурнинг ўз қалами билан ўзбекча ёзилган бўлса ҳам, бунга унинг меросхўрлари эга бўла олмаганлар. Эшитишимизча, бу китобнинг асл нусхаси Лондон кутубхонасида сақланармиш. Тошкент Диний назорати китобхонасида бундан бир нусха борлигини англаб, уни кўришга қаттиқ қизиқдим. Қарасам, у олтин китоб ўз асли ўзбек тилидан форсчага кўчирилгач, ўз маъносини йўқотмаган бўлса ҳам, ўзбеклик ҳайбатидан ажрамиш эди. Буни ўқигач, Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайн” китобида айтган сўзини эскариб, унга раҳматлар ўқидим. Навоий  бу китобида ўзбек олимлари ўз тилларини қолдириб, форси адабиётларига берилганликлари учун қаттиқ норозилик билдиради. Ўзбек тилининг ҳар тўғрида форси тилидан ортиқлигини кўрсатиб, ўзбекчадан бир юз оғиз сўз келтиради. Буларга форси шоирлари ўз тилларида таржима тополмайдилар, дейди.

Бу сўзнинг тўғрилигини илгаридан билган бўлсам ҳам, айниқса бу китобни таржима қилиб чиққанимдан сўнг кўнглимда ҳеч гумоним қолмади. Чунки бу китобнинг асл нусхасидаги бир неча оғиз ўзбекча сўзларга форсида унинг таржимаси топилмагач, у сўзларни таржимон шул бўйича қолдиришга мажбур бўлмишдир.

Ўқувчиларга англатиш учун булардан баъзиларини бу ўринда кўрсатиб ўтамиз:

1.  Чори булчор – урушга тўплаш;

2.  Соварий – ҳадя;

3.  Суюрғол – маош, ер-мулк;

4.  Қобу – пайт;

5.  Жолду – инъом;

6.  Чопул – ҳужум;

7.  Чопқулаш – қиличбозлик.

Бундан бошқа аскар ёсолларида қўлланиш тубандаги сўзларнинг кўпроғи таржимага сиғмагач, ўзларини қолдирмишдир. Масалан, ғўл (уруш чоғида аскар сафларининг энг ўрталиғи), баронғор (аскар сафларининг ўнг қўли), жаронғор (аскар сафларининг сўл қўли), ҳировул (аскар сафлари нинг олдидаги баҳодирлар тўпи), шоқовул (уруш майдонида эҳтиёт тўпи), чиндовул (уруш сафларининг орқа қўриқчи тўпи).

Булардан бошқа ҳам таржима бўлмағон сўзлари кўпдир.

Энди бу китобни бошдан-оёқ кўриб чиққанимда бунинг асли ўзбекча бўлиб, Темурнинг ўз сўзи эканини аниқ билдим. Оз бўлса ҳам, халқ учун мендин холис бир хизмат бўлармикин, умрим кесилгандан сўнг кей ингиларга ўзимдан эсдалик бўлиб қолармикин деган умид билан ҳар кимга тушунарли қилиб, форси тилидан яна ўзбекчага таржима қилдим. Ёт ерга ўлжа тушиб кетган асаримизни ўз элига кўчириб келтирдим.

Темурнинг ўттиз олти йиллик салтанат даврида ўтказган тарихий воқеаларини қисқача равишда билдириш учун бу китоб етарлидир. Энди буни ўқиб чиққандан сўнг бу киши ҳақида қандай баҳо беришлари эрса ҳар кимнинг ўз виждони вазифасидир. 

Алихонтўра Соғуний”.Мутаржимнинг ўз таржимасига ёзган ўзига хос “тушунтириш хати”ни тўлиқ ёритишдан бир неча мақсад бор. Дастлаб, шуни айтиш керакки, орамизда шу пайтгача ҳам “Темур тузуклари” китоби ўзи нима ҳақда, деб сўрайдиган юртдошларимиз ҳали-ҳали бор. Таржимон ўз билдиргисида шу саволга ҳам жавоб берган. Иккинчидан, олим ва тадқиқотчилар ўртасида “Темур тузуклари” XVII–XVIII асрларда Ҳиндистонда, форс тилида ёзилган деган” каби тортишувлар мавжуд. Алихонтўра Соғуний ана шу мунозараларга қатъий барҳам берадиган даражада аниқлиқ киритиб: “...бунинг асли ўзбекча бўлиб, Темурнинг ўз сўзи эканини аниқ билдим” деб ёзади ва бу фикрини, кўп олимларнинг хаёлига келмаган бир тарзда: ўзбек тилининг сўз бойлигидан келиб чиқиб исботлайди. Қолаверса, Алихонтўра Соғуний қаламига мансуб иншо услубидаги очиқ-равшанлик, нафосат ўзбек тилининг нақадар гўзал тил эканини намойиш этади. Қаранг: “...Ёт ерга ўлжа тушиб кетган асаримизни ўз элига кўчириб келтирдим”. Кейинги тарихимизда  ўзбек тилида мана шундай чиройли, ифодали ёзган ёзувчи кам топилади...

Ўрни келиб қолди, “Темур тузуклари”нинг Алихонтўра Соғуний таржимасидан бир парча келтирайлик-чи:

“Ўз салтанатимни тузатиш ҳақида қилғон учинчи кенгашим ...Бу ишдан кейин яна аҳвол ўзгариб, салтанат қуриш ишларим бир қанча тўсқинликка учради. Шундоқки, меним эришган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Яна булардан уч киши пиёда эдилар. Хотиним – Амир Ҳусайн қариндоши, буни ҳам отга миндириб, бирга олиб юрган эдим. Шу ҳол билан Хоразм чўлларида бир неча кун айланиб юрдим. Кеч бўлгач, бир қудуқ бошига келиб тушдим. Ичимизда пиёда юрган уч нафар хуросонлиқ бор эди. Бу бевафолар шу кечада уч оти мизни миниб қочиб кетдилар.

Энди аҳвол оғирлашиб, етти киши тўрт от билан қолдик. Ишларим ўзгариб, ҳолим кўп оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб, ҳеч ўкинмас эдим. Бу қудуқ бошидан ҳам жўнадим.

Шу чоқда Алибек Қурбоний кўп аскар билан устимизга етиб келиб, мени ўз жойига элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамади. Бир кеча қуроллиқ кишиларни менга соқчи қилиб қўйди. Олтмиш икки кун бунинг қўлида тутқун бўлиб ётдим. Қарасам, иш оғирлашқани турди.

Бундан қутилиш чорасини излаб ўзимга кенгашдим. Тангри ёрлиқади бўлғайким, баҳодирлиғим тутди. Анинг ёрдами еткач, билагим кучи билан соқчилар қўлидан бирининг қиличини тортиб олиб, аларга ҳужум қилиб эдим, бариси туш-тушга қочиб йўқолдилар.

Қилич кўтарганимча, тўғри Алибек устига кириб бордим. Мени кўргач, ҳуши бошидан кетди. Қилғон ишига ўкуниб, мендан кечирим сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни келтуриб, бир қари туя, бир ориқ от менга тортуқ қилган бўлди”. 

Кўриб турибсизки, Алихонтўра Соғуний нафақат ўз мақоласига, шунингдек, “Темур тузуклари”дан қилинган таржимасига ҳам юрак қўрини бергани шундоқ сезилади. Энди, айтинг-чи, юқоридаги парчани қайси ўзбек қўлига луғат олиб ўқийди? Қайси сўзлар тушунарсиз? Албатта, бу парчада бўлмаса, китобнинг бошқа қисмларида эски сўзлар бўлиши мумкин ва бор ҳам. Аммо ўшандай сўзларга бир изоҳ бериш билан муаммони ҳал қилса бўлмайдими? Ёки юқоридаги сўзлар “Темур тузук лари” китоб қилиб чоп этилган даврда (1991) эскириб қолганмиди? Бундан ташқари “қазининг эскиси яхши” деганларидек, сўзнинг ҳам эскиларида қанча-қанча маънолар яширинганини, қолаверса, эски сўзлар халқнинг тарихи, кундалик турмуши билан боғлиқ эканини унутиб қўямизми? Ҳа, рост, Алихонтўра Соғунийнинг таржимаси тўла ҳолда чоп этилмаган. Лекин бунга мутаржим ёки журнал таҳририятининг алоқаси йўқ. Таржима айнан собиқ Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг айби билан тўлиқ босилмай қолган. Ҳа, айнан ўша ташкилотнинг айби билан. Бу гапларимни ўқувчилар “ёв қочганда ботир кўпаяди” қабилида тушунмасликлари керак. Камина шўролар ҳукмронлиги даврида йигирма йилдан ортиқ журналистик фаолият кўрсатган бўлсам, ёзганларимнинг аксарияти муаммоли ёки танқидий мақолалардан иборат бўлган...Ҳа, майли. Соғуний домла айтганларидек, сўзимизга қайтайлик. Юрт мустақил бўлгандан сўнг “Темур тузуклари”ни китоб ҳолида чоп этиш зарурати туғилганда Алихонтўра Соғунийнинг юрт мустақил бўлмаган, зулм остида қоврулаётган бир пайтда жасорат билан қилинган таржимасига “бир қатор жузъий камчиликларга эга”, “тўла тарзда чоп бўлмаган”, “эски ўзбек тилида бўлиб, тушуниш қийин”, “матндан чиқиб кетилган” каби “камчиликлари” кўрсатилиб, яна ўша мақоламизнинг биринчи бўлимида айтганимиздек, бу сафар ҳам “ҳашар” таржима китоб қилинган.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

51 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

59 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

129 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

81 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

114 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

77 10:46 18.08.2022
« Орқага