Адандаги тўқнашувларда ўнлаб киши ҳалок бўлди

15:00 12.08.2019 379

БМТ маълумотига кўра, 8 август куни Яманнинг Адан шаҳрида бошланган тўқнашувлар натижасида камида 40 киши ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ киши яраланган.

Айирмачи Жанубий муваққат кенгашга қарашли отрядлар «Ал-Маашиқ» деб аталувчи президент саройини қўлга киритишга ҳаракат қилган. Шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам отишмалар бўлгани айтилмоқда.

Жанубий муваққат кенгаш президент Абд Рабб Мансур Ҳодийнинг ишдан бўшашини талаб қилган.

Адан шаҳрида Яман ҳукумати жойлашган. Мамлакат пойтахти Санони эса исёнчи ҳусийлар эгаллаб олган.

Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция Жанубий муваққат кенгашдан Аданда эгаллаб олган ҳарбий базалар ва бошқа объектларни тарк этиб, аввалги позициясига қайтишини талаб қилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!