Адлия вазири: «Ибодат либоси масаласига ойдинлик киритиш керак. Илгари дўппи ёки яктак кийиб юрган одамларнинг жавобгарликка тортилиш ҳолатлари бўлган»

16:10 24.05.2018 6864

Фото: Xabar.uz

Бугун, 24 май куни Адлия вазирлигида Адлия вазири Русланбек Давлетов ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан мулоқот ўтказди. Унда Azon.uz ахборот таҳлилий портали бош муҳаррири Муҳаммад Темур Аъзам ҳам иштирок этди.

Azon.uz бош муҳаррири ибодат либоси масаласига тўхталиб, қуйидагича савол берди.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган, ибодат либоси масаласи жуда мавҳум, биламизки бу қонун бундан 20 йил аввал қабул қилинган. Шунга кўра ушбу масалани кўриш чиқиш вақти келдимикан?»

Адлия вазири Русланбек Давлетов бу саволга қуйидагича жавоб қайтарди.

«Ибодат либоси бўйича айтилган термин бор. Айнан шу терминда масала туғиляпти. Ана шу вақтда (1998-таҳр.) бу термин қонунга киритилган. Фақат битта нарса, русчасига қарайдиган бўлсангиз, “культ” деган сўз таржимада "ибодат" сўзига ўзгартирилган. Лекин ибодат сўзи унчалик тўғри келмайди. Барча динларда ибодат либосига турлича қарашлар бор.

Агар бу модданинг суд жараёнида қўлланишига қарасангиз, дўппи кийиб юрган ёки яктак кийиб юрган ҳолатда ҳам авваллари жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўлган. Биз буни тарихдан эшитган мутахассис сифатида тан олишимиз керак. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат.

Лекин бу қонун Ўзбекистон Республикасининг қонунида, кодексида ҳозир ҳам турибди. Буни қўллаш масаласида ойдинлик киритиш керакки, ибодат либосини нималигини аниқлаш учун жуда катта ҳаракатлар бўлган. Мен ана шу вақт ҳам ўз фикримни айтганман. “Ибодат либосини аниқлашнинг иложиси йўқ. Ҳамма шароитлар ва барча динларни эътиборга олиб, қандайдир тартибга тушириб, қайсидир ҳужжатда Ўзбекистонда мана шу кийимни кийиб юриш мумкин эмас деган гапни айтиш жуда қийин иш”. Шунинг учун бу ҳуқуқий муаммони албатта ҳал қилиш керак.

Дин ишлар бўйича қўмита ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам дебатларда иштирок этган. Дин ишлари бўйича қўмита ушбу масала бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Қўмита ҳам бу масалада ўз позициясини айтиб келган. Албатта бугунги кунда ушбу масала бор. Буни қайта кўриб чиқиш масаласи, ушбу терминни қонунчиликдан чиқариб юбориш масаласига келсак, фақат Адлия вазирлигининг ўзи бу муаммони ҳал қилмайди. Шу соҳа мутахассислари ва жамият билан биргаликда ўртага ташланиб ҳал қилинадиган масала. Бу масала ҳуқуқий масала бўлганлиги учун ҳал бўлади. Ўзининг ечимини топади. Бу масалага жиддий ёндашиб, масалани ҳал қилиш керак», деб айтиб ўтди Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!