Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Адлия вазирлиги нега мужмал ибораларни қўллашни бошлаяпти?» ёхуд коррупцияга қарши курашда рўмолнинг ўрни ҳақида

8026

Куни кеча Адлия вазирлиги томонидан «давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси» лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ–6257-сон Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг 2-бандида белгиланган вазифаларни инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикасида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқининг ягона қоидаларини белгилаш, давлат хизматида суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш асосий мақсад сифатида белгиланган. Биз ушбу “давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси”нинг барча моддалари билан танишиб чиқдик. Ҳақиқатдан ҳам коррупцияга қарши курашиш учун яхши лойиҳа шакллантирилган. Лекин бизни кодекс лойиҳасининг 32-моддасида келтирилган талаблар ҳайрон қолдирмоқда. Унда «Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки белгиларни тақиб юриш тақиқланади» дейилади. Биз бу моддани қай йўсинда талқин қилиш кераклигига аниқлик киритиш мақсадида Адлия вазирлиги билан боғландик. Бизга вазирлик матбуот котиби Севара Уринбаева шундай жавоб берди: «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Шунингдек, Давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Конституциянинг 12-моддасига асосан ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.

Шунингдек ички тартиб қоидалар бор. Унга асосан айрим жойларда дресс код талаб этилади”.  

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда «диний либос» тушунчаси олиб ташланган эди, лекин «давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси»нинг 32-моддасида «динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш» жумласи киритилган. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Давлат ташкилотларида ишлайдиган аёлларимизнинг рўмол ўраши ҳам ушбу кодекс билан энди тақиқлаб қўйиладими? Бу саволларга ҳам Севара Уринбаевадан жавоб олдик. «Давлат ташкилотларида фақат шунақа бўлади. Бу давлат хизматчиларига қўйилган талаб» деди Севара Уринбаева. Бундан шуни англаш мумкинки агар ҳеч бир ўзгартиришларсиз ушбу «давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси» тасдиқланса яна давлат ишида ишлайдиган рўмол ўрайдиган аёлларимизга қийин бўлади. Айнан биз муҳокама қилаётган «динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш» жумласи тўғрисида Azon гуруҳи ходими Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли фейсбукдаги ўз саҳифасида шундай изоҳ қолдирган: «Давлат хизматчиларининг ягона одоб-ахлоқ қоидалари» бўйича 2 муҳим нуқта: 1. Ушбу қоидалар коррупцияга қарши кураш доирасида ишлаб чиқилган. 2. Маълум бир хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланилган.

1. Ходимларнинг кийинишини коррупцияга умуман алоқаси йўқ. Агар камтарроқ кийиниш керак дейилса, тушунамиз, озгина одобдан дарс ўтилибди, деб, лекин ўзи зўрға қутулганимиз, шу вақтгача ҳеч ким тарифлаб беролмаган «диний либос» ўрнига янги «динга муносабатни акс эттирувчи либос» тушунчасини киритиб, нимага эришилмоқчи? Парламент мажлиси ҳақида «инсонлар уларни қонунлар асосида бошқаришларини истайдилар» номли мақола чиқарган Адлия вазирлиги нега яна янги мужмал ибораларни қўллашни бошлаяпти?

2. Ўрганилган хорижий давлатлар кодексларини кўриб чиқдик, айнан АҚШ, Россия, Қозоғистон, Молдова ва, ҳатто, Болгария ҳужжатлари, лекин ҲЕЧ БИРИда «динга муносабатни акс эттирувчи либос»га яқин жумла ҳам тополмадик! Кийиниш маданияти ҳақида уларда ё умуман гапирилмаган, ё бошқа нарса айтилган.

Нега коррупцияни енгиб бўлмайди деса, масъул ташкилотлар бу «кураш»га бошқа нарсаларни ҳам қўшиб юборишларини ва шунинг оқибатида асосий масала қолиб кетишини айтиш мумкин, афсус!

Ҳурматли ушбу лойиҳа масъуллари, муаммо ходимларнинг кийимида эмас. Буни тушунишингизни сўраймиз. Виждон (эътиқод) эркинлигини чин дилдан ҳурмат қилайлик! Ҳеч бўлмаса ўзингиз томонингиздан кўп бора кўтариладиган гендер тенглигининг риоясини қилинг. Давлат органларида масъул лавозимларда аёллар сонини кўпайтиришга «рўмолли»ларнинг бўшатиш орқали эришмоқчимисизлар? Нега бир ташаббус билан чиқсангиз қўшимча муаммо яратасиз? Коррупцияга қарши шундай курашиладими? Таниш-билишчилик, маҳаллий уруғ-аймоқчиликка қарши шундай йўл тутиладими? Давлат маблағларини талон-тарож қилиниши тўхтатиш «аёллар кийими» билан ҳал қилинадими?”.

Биз бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ижтимоий тармоқларда фаол бўлган, ҳар бир чиқаётган қонун ва фармонларга ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб борадиган юртдошларимиз фикри билан қизиқдик. Шулардан бири фейсбук фойдаланувчиси  Маҳфуза Назарова ушбу кодекс лойиҳаси ҳақида бир қатор танқидий, лекин асослий фикрларни билдирган. “Савол: давлат хизматчисининг иш формаси борми ва бу форма қайси формат ҳамда тамойиллар асосида танланган ва жорий этилган?

Диний либос деганда нимани тушунишимиз керак?

Агар рўмол назарда тутилган бўлса, рўмол - диний либос эмас, у шунчаки бош кийим. Салла, роҳибаларнинг либоси, епископларнинг либосини, осиб юрадиган хочини диний либос деса бўлади.

Либослар бўйича чекловлар Конституцияда белгиланган нормалар ҳамда "Виждон эркинлиги тўғрисида"ги Қонуннинг моддаларига зид эмасми?

Кейин нима учун айнан диний либос, бошқа ҳар қандай либослар мумкинми шунда?! Масалан, миниюбка, шорти, жинси шим, йиртиқ шимлар, тор, ўта очиқ кўйлаклар...

Мумкин бўлмаса, нега улар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган?..

Бундан ташқари, спиртли ичимликлар ва маст қилувчи моддалар қабул қилиши, саёқ юриши, турмуши бўла туриб, яширинча ишқий муносабатларда бўлиши, сўкиниб гапириши, қўл кўтариш, зўравонлик қилиш мумкинмаслиги бўйича бандлар нега йўқ?!

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлса, чиндан ҳам, қайта кўриб чиқишсин.

Ҳа, айтганча, хизматчиларнинг мажбуриятлари ёзилганида ҳуқуқлариниям эслаб ўтиш керак. Давлат хизматчисиям мундоқ олиб қараганда - оддий фуқаро, фақат иш пайти хизматчи” деб ёзади Маҳфуза Назарова.

Ушбу кодекс лойиҳаси аҳоли муҳокамасига қўйилгандан буён юртдошларимиз томонидан кодекс лойиҳасига бераётган таклифларини ҳам ўргандик. Ачинарлиси шундаки, халқимиз чиқарилаётган қонунлардан норози бўлишади, лекин қонунлар тасдиқланишидан олдин аҳоли муҳокамасига қўйилганда бунга кўпчилик бефарқ қарамоқда. Биргина «давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси» лойиҳасини оладиган бўлсак кодекс лойиҳаси муҳокамага қўйилганига беш кун бўлсада бор йўғи бешта таклиф берилган. Бу таклифларнинг  тўрттаси кодекснинг 32-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида.

Кодекс лойиҳасига берилган таклифларни келтириб ўтсак: 

Ғайратхўжа Сайдалиев (тадбиркор):

«32-модда. Давлат хизматчисининг ташқи кўринишига оид талаблар» бўлимидаги «...Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки белгиларни тақиб юриш тақиқланади» бандини аниқроқ очиб берсангиз. Ушбу банд билан давлат ишларида хизмат қилувчи аёл-қизларимизга рўмол ўраш тақиқланиши мумкинми?».

Хадича Рамазон қизи Эрдонова (давлат хизматчиси):

«32-модда. Давлат хизматчисининг ташқи кўринишига оид талаблар» билим ва салоҳиятли, чинакам касбига садоқатли кадрларни кўпайтириш керак бўлган бир вақтда бундай норма бирмунча аёллар учун тўсиқ бўлиқ қолади. Рўмол масаласи оғриқли нуқталигича қолмоқда... Имконият бериб иш салоҳиятини назорат қилган фойдалироқ”.

Қаландар Бекназаров (тадбиркор):

«Конституцияда дин, эътиқод эркинлиги белгиланган. Давлатимизнинг аксарият фуқаролари ислом динига эътиқод қилади. Ислом динига эътиқод қилувчи шариат (дин) талабига тушадиган либосни кийиши шарт. Ушбу қабул қилинаётган ҳужжат 32 моддаси 2-бандида либосга нисбатан қуйилаётган талаб Конституциямизнинг моҳиятига зид эмасми».

Бобир Муратов (тадбиркор):

«Манфаатлар тўқнашуви, коррупция бўйича яхши тавсиялар берилган. Ҳамма учун бир хил ишласа бўлди. 

Фақат халқимизни асосий қисми мусулмон эканлигини била туриб, диний атрибутларни қўшиб кетилгани сал ғалати. Бунга кўпроқ изоҳ берилиши керак.

Демократияда халқнинг кўпчилик қисмининг қизиқишлари ҳисобга олинмайдими?»

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда муҳокамага қўйилган кодекс лойиҳасининг 32-моддаси қайтадан кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди. 

Бу кодекс лойиҳасини аҳоли муҳокамасига қўйган Адлия вазирлиги энди «аёллар ҳуқуқларини кучайтириш бўйича қатор жиддий таклифлар»ни илгари сурмоқда. Тўғриси бу вазирликнинг қилаётган ишлари тушунарсиз.

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия халқаро можароларга туртки берди – эксперт

285 21:34 30.01.2023

Бувижон, мен барибир келаман

698 19:40 30.01.2023

Қуръони карим борасида 25 та ҳақиқат

835 18:40 30.01.2023

Кўнгилли аскарларни Мудофаа вазирлиги таъминлайди

469 17:20 30.01.2023

Washington Post: АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборилиши ҳақида маълумот берди

480 16:40 30.01.2023

Покистон масжидида портлаш: ўнлаб киши ҳалок бўлди

448 15:58 30.01.2023
« Орқага