Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар (бешинчи қисм)

947

(Давоми. Боши мана бу ерда)

Тақвонинг кўлами

Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз бошқа фазилатлар қатори улкан тақвоси, яъни Аллоҳдан қаттиқ қўрқиши билан ҳам ажралиб турарди. Бу борада муаррихлар бир-биридан ибратли воқеаларни ёзиб қолдиришган.

Зиёратчилардан бири ҳукмдор Умар ибн Абдулазизга ҳадя сифатида олма келтирди. Аммо у ҳадяни қабул қилмади. Шунда зиёратчи: “Ҳадяни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олганлар, нечун сиз олмаяпсиз?” деб сўради. Бунга жавобан Умар ибн Абдулазиз: “Расулуллоҳга берилган нарса, шубҳасиз, ҳадядир. Аммо бизга берилган нарса ришва (пора) бўлиб қолиши мумкин”, деди.

Яъқуб Фасавий “Ал-Маърифа ват-тарих” асарида шундай ҳикояни келтирган. Халифа Умар ибн Абдулазиз хос хизматчиси-вазири Музоҳимга қараб:

– Бадавлат қариндошларим менга бир боғни ҳадя қилишибди. Мен уни олмаслигим керак, улар ҳам беришлари керак эмас эди. Шунинг учун боғни эгаларига қайтариб бермоқчиман, – деб қолди. Шунда Музоҳим:

– Унда фарзандларингизни қандай боқасиз? – деб сўради.

Халифа Умар ибн Абдулазизнинг кўзлари ёшга тўлди, ёноқларига оқа бошлаган ёшларини бармоғи билан артар экан, шундай деди:

– Уларни Аллоҳга топшираман.

Абдуллоҳ (ҳикояни Музоҳимдан нақл этувчи ровий) шундай дейди: “Бошқалар ўз фарзандларини яхши кўрганидек, Умар ҳам фарзандларини яхши кўрар эди. Музоҳим халифанинг гапига қониқмай, унинг тўнғич ўғли Абулмалик ибн Умарнинг олдига бориб, унга шундай деди:

– Мўминлар амири шундай ишга қарор қилдики, бу нарса сенга ҳам, ука-сингилларингга ҳам фақат зарар келтиради. Чунки у Ямомадаги  катта боғни эгаларига қайтармоқчи. Фарзандларининг ҳаёт кечириши шу боғдан бўлиши кутилаётган эди.

Абдулмалик  унга жавобан:

– Сиз отамга нима дедингиз? – деб сўради. Музоҳим бўлиб ўтган суҳбатни айтиб бергач, халифанинг ўғли Абдулмалик унга:

– Халифага вазир бўлмай қолинг, – деди-да, отаси халифа ҳузурига кирмоқчи бўлиб ўрнидан турди. Бу пайтда халифа Умар ибн Абдулазиз бироз қайлула қилиб оладиган пешиндан олдинги вақт эди. Киришга рухсат сўраган эди, “эндигина дам олишга ётди” деган жавоб бўлди.

– Кирмасам бўлмайди, – деди ўғил.

– Субҳаналлоҳ! Отангизга раҳмларинг келмайдими? Бир оз дам оладиган вақти шу бўлса! – дейишди. Умар ўғлининг овозини эшитиб:

– Абдулмаликми? – деди.

– Ҳа, – дейишди.

– Кирсин, – деди ҳукмдор. Кейин ўғлидан сўради:

– Нима гап?

– Музоҳим бундай-бундай хабар келтирди.

– Ҳа, сен нима маслаҳат берасан? Бугун кечқурун шу ишни қилмоқчи бўлиб турибман.

– Менимча, буни кечиктирмай ҳозироқ қилиш керак. Кечқурунгача ким билади, одамнинг ўзига бирор нарса бўлиб қолиши ёки фикри ўзгариб қолиши мумкин, – деб жавоб берди ўғил.

Умар ибн Абдулазиз бу гапни эшитиб, қўлларини кўтарганча:

– Зурриётимдан диним учун ёрдам берадиган фарзандни чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, – деди-да, ўша заҳоти ўрнидан туриб, одамларни ҳузурига чорлади ва боғни эгаларига қайтаришга буйруқ берди. Халифанинг тақвоси шунчалар  кучли эдики, у инсонлар у ёқда қолиб, ҳатто ҳайвонларга ҳам озор бермасликни, уларни  машаққатга солмасликни талаб этарди. Умарнинг хачирида юк ташиб, ҳар куни бир ярим динордан пул олиб келадиган бир ходими бор эди. Бир куни у уч дирҳам пул келтирди. Бунинг сабабини сўраган эди, ходим уловни тезроқ чоптириб, фойдани икки баравар кўпайтирганини айтди.

Халифа “Сен хачирни қийнаб қўйибсан”, деди ва уч кунгача уни ўз ҳолига қўйишни буюрди.

Халифа шунингдек, отларга озор бермаслик учун юганларини қаттиқ тортмасликни, уловларни тезлашда учли қамчиларни ишлатмасликни буюрганди. Ҳайвонларни қийнамаслик учун уларни пойгага солишга ижозат бермас, қўйларни кушхонага олиб боришни, сўйиладиган ҳайвон кўз олдида пичоқни қайрашни тақиқлаган эди. Адолатли халифа Миср волийига мактуб юбориб, шундай амр қилди: “Эшитишимча, юртингда айрим туяларга минг футдан юк ортилаётган экан. Мактубим етиб бориши билан уларга беш юз футдан ортиқ юк юкламаслик ҳақида фармойиш чиқар!”

Ибн Жавзийнинг “Маноқиб Умар ибн Абдулазиз” китобида келтирилишича, мусулмонлар хазинаси бўлмиш байтулмолдан Умар ибн Абдулазизга олма келтиришганида унинг кичик ёшдаги бир ўғли олмадан бир дона олди. Буни кўрган ҳукмдор боланинг қўлидан олмани тортиб олди. Бола йиғлаганича онасининг олдига чопиб кетди. Онаси бир кишини бозорга олма харид қилиш учун юборди. Умар уйга қайтганида хонадан олманинг ҳиди келди ва хотинига: “Ҳой Фотима, анави байтулмолдан келган олмалардан олдингларми?” деб сўради. “Йўқ,  ҳукмдорим, ўз пулимга бозордан олиб келтирдим”, деди хотини. Шунда Умар айтди: “Аллоҳга қасамки, ўғлимнинг қўлидан олмани тортиб олганимда, гўё уни юрагимдан суғуриб олгандай бўлдим. Аммо мусулмонлар молидан олинадиган биттагина олма туфайли Аллоҳнинг ҳузурида ўзимни маломат қила олмайман”.

Абдуллоҳ ибн Шавзаб айтади: «Сулаймон ҳаж қилди. Умар ибн Абдулазиз ҳам у билан бирга эди. Иккови Тоифга келишганда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Сулаймон унинг овозидан қўрқиб кетиб, Умар ибн Абдулазизга: “Буни қаранг, Абу Ҳафс, қандай даҳшат-а!” деди. Умар ибн Абдулазиз ибратомуз оҳангда: “Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлаётган пайтда шундай даҳшатли момақалдироқ бўлиб, чақмоқлар чақса, азоби тушаётганида қандай бўларкин?” деди».

Авзоъийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Абдулазиз ҳар куни ўз мол-мулкидан мусулмонлар таоми учун бир дирҳам ажратар, сўнгра ўзлари ҳам улар билан бирга ер эдилар. Зиммийларнинг (мусулмон мамлакат ҳимоясида яшайдиган бошқа дин вакилларининг) олдига борсалар, улар у зотга сут, ўсимликлар ва шунга ўхшаган маҳсулотлардан ўзлари тайёрлаган таомлардан беришарди. Умар ибн Абдулазиз зиммийларга улар берган таомдан ҳам кўпроқ таом берар ва улар билан бирга қўшилиб ер эдилар. Агар зиммийлар у зот берган нарсаларни қабул қилишмаса, ўзлари ҳам ундан емас эдилар. Бироқ мусулмонлар бирон нарса берса, уни зинҳор қабул қилмасдилар”.

Авф ибн Муҳожир айтади: “Умар ибн Абдулазиз мусулмонларнинг иши билан шуғулланаётганда давлат хазинасидан олинган шамни ишлатар, давлат ишларидан бўшаб, ўз эҳтиёжлари учун чироқ ёқиш керак бўлса, ўз пулларига олинган шамни ишлатар эдилар”.

Назр ибн Зурора ишончли ровийдан ривоят қилади: «Умар ибн Абдулазизнинг Солим деган бир қул дўсти бўлиб, у билан Аллоҳ учун дўст тутинган эдилар. Умар ибн Абдулазиз амирликка тайинланганларида дўстлари Солимни чақирдилар. Солим келгач, унга:

– Эй Солим, мен нажот топмайманми деб қўрқаман, – дедилар. Солим:

– Қўрқаётган бўлсанг, яхши. Мен мана шу нарсадан қўрқмаслигингдан қўрқаётган эдим. Аллоҳ бир бандага бир ҳовли бериб, у ерда қилган битта гуноҳи учун чиқариб юборган эди (Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилиши назарда тутиляпти). Биз эса сон-саноқсиз гуноҳларимиз билан ўша ҳовлида яшамоқчи бўляпмиз, – деди».

Муҳаммад ибн Каъб айтади: «Умар ибн Абдулазиз амир бўлгач, менга одам юборди. Мадинада эдим, унинг олдига бордим. Ҳузурига кирганимда уни таниёлмай, таажжуб билан тикилиб қолдим. У:

– Эй Ибн Каъб, менга шундай қараяпсанки, илгари менга ҳеч бундай қарамаган эдинг! – деди. Мен таажжубланганимни айтдим. У сабабини сўради. Мен унга ҳолатимни тушунтириб:

– Эй мўминларнинг амири, рангингиз ўзгариб, озиб кетибсиз, сочингиз тўзиганидан сизни таниёлмай қолдим, – дедим. Умар ибн Абдулазиз:

– Ўлганимдан кейин уч кун ўтиб, қабрда ётган ҳолатимни кўрсанг нима бўлар экансан? Унда кўзим юзимга оқиб тушган, бурнимдан йиринг ва қон оқаётган бўлади. Ўшанда мени ҳозиргидан ҳам танимай қоларсан? – деди».

Сафурийнинг “Нузҳатул-мажолис” асарида зикр қилинишича, бир куни Умар ибн Абдулазиз қиёматни эслаб, ҳушидан кетгунча йиғлади. Кейин эса кула бошлади. Одамлар бунинг сабабини сўрашса, у киши шундай жавоб қилди: «Тушимда қиёмат қойим бўлибди. Бир жарчи: “Абу Бакр Сиддиқ қаерда?” деб нидо қилди. У киши олиб келинди ва енгил ҳисоб қилингач, жаннатга киришлари буюрилди. Сўнг Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳум ҳисоб-китобга чақирилдилар. Кейин жарчи: “Умар ибн Абдулазиз қани?” деб чақирган  эди,  мен  юзим  билан   ерга йиқилдим. Икки фаришта келиб, мени Аллоҳнинг ҳузурига турғизди. У Зот мени енгил ҳисоб қилиб, сўнг  ҳолимга  раҳм қилди. Икки фаришта билан турганимда бир ўлимтикка (мурдага) кўзим тушди ва ундан:

– Сен кимсан? – дея сўрадим. У:

– Мен Ҳажжожман, – деди.

– Аллоҳ сенга қандай муомала қилди? – деб сўрадим:

– Унинг азоби қаттиқ экан. Энди муваҳҳидлар (Аллоҳни бир деб эътиқод қилувчилар) интизор бўлган нарсага, яъни Аллоҳнинг кечиришига мен ҳам интизор бўлиб, кўз тутиб турибман, – деб жавоб берди». Иброҳим Сукуний айтади: «Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг мавлалари билан Сулаймоннинг мавлалари ўртасида низо  чиқди. Сулаймон буни Умар ибн Абдулазизга  айтди. Сулаймон гапнинг орасида Умар ибн Абдулазизга “Ёлғон айтдинг”, деб юборган эди,  Умар раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ёлғон  гапириш шармандалик эканини билганимдан бери ёлғон гапирмаганман!”»

Умар ибн Абдулазизнинг ўғиллари минг дирҳамга узук сотиб олгани хабари етиб келди. Шунда у зот (узоқ ўлкадаги ўғилларига) мактуб  ёзиб:  «Менга етиб келишича, сен минг дирҳамга узук харид қилибсан. Зудлик билан уни сотиб, мингта оч кишини тўйдир. Кейин бир дирҳамлик темир узук сотиб олгин-да, унга: “Ўз қадрини билган кишига Аллоҳ раҳм қилсин” деб ёзиб ол”, дедилар».

Молик ибн Динор айтади: “Одамлар мени зоҳид, деб билишади. Ҳолбуки, ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Зеро, дунё бутун дабдабаси билан унга келди, у эса дунёдан юз ўгирди”.

Боласини етаклаб олган бир аёл мўминлар амири Умар ибн Абдулазиздан “Байтулмол”дан берилаётган  нафақасини  кўпайтиришни  сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирнинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амирнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан деганида аёлнинг ўғли уни туртиб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва бошқа оналар каби фарзандига меҳрибон амирнинг хотини ҳам боласи томон чопди, уни бағрига босганча ярасини боғлади. Кейин у аёл ва боласига танбеҳ беришга чоғланди. Халифанинг хотини – Фотима бинти Абдумаликнинг нафақат  эри,  отаси,  оға-инилари  ҳам вақтида халифалик қилишган инсонлар эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз узр сўрагандай аёл ва боласининг юзига  табассум билан  боқди. Улар қўрқувдан тошдай қотишганди, амир икковини тинчлантирди. Сўнг ўғлидан ўйинчоқни олиб, боланинг қўлига тутқазди. Шу заҳоти аёл оладиган нафақасини кўпайтириб бериш ҳақида топшириқ берди. Сўнг ўз ўғилларини юзидан ўпиб, уни ҳам тинчлантирди. Кейин хотинига: “Азизам, аёл ва боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади”, деганлар” деди.

Юқорида зикри келган ривоят ва қиссалардан шу нарса аён бўляптики, инсон Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёда бошқаларнинг ҳам ҳаққи борлигини ҳис этиб, атрофидагилар билан баҳам кўрсагина, У Зотнинг розилигига эришади. Баҳам кўрганда ҳам бераётган нарсасининг миқдорини чекламай, ўзи энг яхши кўрган нарсасини бошқаларга ато этсагина, кўзлаган мақсадига эришади. Улуғларимиз “Фақат суйган нарсаларни берибгина мақсадга етилади”, деб таълим беришган. Насафий ўз тафсирида шундай ривоятни келтиради: “Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олар, сўнг уни садақа қилар эди. Ундан: “Нима учун шакарнинг пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?” деб сўрашди. Шунда у: “Шакар менга суюмлироқ, шу сабаб суйган нарсамдан эҳсон қилишни хоҳладим” деб жавоб берди”.

Мадинанинг олими, қозиси ва устози Салама ибн Динор шундай ҳикоя қилади: “Мусулмонлар халифаси Умар ибн Абдулазиз билан кўришиш ниятида сафар қилгандим. Халифа Ҳалабнинг ноҳияларидан бири бўлмиш Хуносирада турганида ҳузурига етиб бордим. Ёшим улғайиб, анча кексайиб қолганман, Умар ибн Абдулазиз билан кўришмаганимизга ҳам анча йил бўлган эди. Ҳузурига кирсам, у хонанинг тўрида ўтирган экан. У билан Мадинада волий бўлиб турганида кўришганимиздан буён қайта кўрмаганим ҳамда қиёфасининг ўзгариб кетгани туфайли бошда унча таний олмадим. У менга илтифот кўрсатиб: “Яқинроқ келинг, эй Абу Ҳозим”, деди. Яқинроқ бориб, уни танигач:

– Мўминларнинг амири Умар ибн Абдулазизмисиз? – деб сўрадим.

– Ҳа.

– Сизга нима бўлди? Олдинлари ёш, кўркам, тароватли эдингиз, ҳаётингиз ҳузур-ҳаловатда, роҳат-фароғатда эмасмиди?

– Ҳа.

– Олтин-у кумушларга эга бўлганингиз ва мўминларнинг халифасига айланганингиздан сўнг сизни нима нарса бу даражада ўзгартириб юборди?

– Нима ўзгарибди, эй Абу Ҳозим?

– Озиб-тўзиб кетибсиз, юзингиз сарғайиб, ажин тушибди, кўзингизнинг нури ҳам сўнибди.

Умар ибн Абдулазиз бу гапларни эшитиб, йиғлаб юборди ва:

– Мен қабрга қўйилгач, икки кўзим лунжимга осилиб тушган, қорним шишиб, титилган ва бутун баданим қуртларга емиш бўлганини кўрсангиз эди, бугунгидан кўра кўпроқ танимаган бўлар эдингиз. Мадинада менга айтган ҳадис ёдингиздами, эй Абу Ҳозим?

– Мен сизга кўп ҳадислар айтганман, қай бирини назарда тутяпсиз? – дедим.

– Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис.

– Ҳа, эсладим, мўминлар амири, – дедим.

– Шу ҳадисни яна айтиб беринг, уни сиздан эшитишни хоҳлайман.

– Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитганман, у киши айтдилар: “Мен  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи  васалламдан  эшитганман,  у   зот дедилар: “Олдингизда ошиб ўтиш машаққатли ва кескир, учли тошлардан иборат довон бор, ундан (ибодат ва жиҳод қилиш билан) чиниққан кишигина ўта олади”.

Умар ибн Абдулазиз қаттиқ йиғлади, ҳатто мен унинг  жигари  ёрилиб  кетмаса  эди,  деб  қўрқдим. Сўнг кўз ёшларини арта-арта менга қараб: “Мана шу довондан ўтиш ва нажот топиш мақсадида жисмимни ориғлатганимга мени маломат қиласизми? Бироқ мен ўзимни нажот топувчи, деб ўйламайман”.

Умар ибн Абдулазиз бир куни шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейинги раҳбарлар бизга тайёр дастур қолдириб кетишган. Унга амал қилиш Аллоҳнинг китобини маҳкам тутиш ва динни қувватлашнинг ўзгинасидир! Ҳеч ким уни ўзгартириши, алмаштириши, унга мухолиф дастурларга эътибор қилиши мумкин эмас!

Ким у билан йўл қидирса тўғри йўлни топади! Ким у билан нусрат истаса, унга илоҳий нусрат берилади. Ким уни тарк этса ва ўзга йўлдан  юрса, Аллоҳ уни танлаган йўлига ташлаб қўяди ва охир-оқибат у жаҳаннамга боради. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жойдир…”

Умар ибн Абдулазизнинг хизматчиси совуқ кунларда хожаси учун таҳорат сувини иситиб берарди. Бир куни халифа хизматчисидан:

– Бу иссиқ сувни қаердан олиб келасан? – деб сўради. У:

– Байтулмол ўтинларида сув иситиб келаман, – деди. Бундан ҳукмдорнинг ранги ўзгариб, қўрқиб кетди ва афсус билан:

– Таҳорат сувимизни бузибсан-ку (ҳаром қилибсан-ку), – деди. Кейин хазинага бориб, хизматчиси қачондан бери бу ернинг ўтинига сув иситган ва бунинг учун қанча ўтин кетган бўлса, барини ҳисоблашни буюрди. Ўзининг шахсий маблағидан ўтин ҳақини келтириб берди.

 

(давоми бор)

Ёзувчи Аҳмад Муҳаммад томонидан нашрга тайёрланган “Умар ибн Абдулазиз” номли китобдан олинди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар (еттинчи қисм)

1027 20:15 10.09.2020

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар... (тўртинчи қисм)

1134 21:20 07.09.2020

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар... (иккинчи қисм)

1892 07:05 05.09.2020

Жангарилар халифа Умар ибн Абдулазизнинг қабрини таҳқирламоқда

4150 14:35 29.05.2020

Фарзандларим келажагини таъминлашим керак, десангиз...

2381 07:00 22.04.2020
« Орқага