Илм

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар (олтинчи қисм)

822

(Давоми. Боши мана бу ерда)

Гўзал фазилатлар эгаси

Мўминлар амири мансабга минганида  ҳам камтар, тавозели, ҳоксор ҳолида қолди. Ўзни паст санаш, киши одобининг чиройли кўринишларидан эканини исботлади. Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазизнинг уйига бир куни меҳмон келди. Хуфтон намозини ўқигандан кейин, Умар қоғозга бир нарса ёза бошлади. Меҳмон олдиларида экан, чироқнинг нури хиралашиб қолди.

Меҳмон:

  • Эй мўминлар амири, туриб чироққа ёғ тўлдирайми? деб сўради. Умар:

– Меҳмонига бир иш қилдириш кишининг мурувватидан эмас, – деди. Меҳмон:

– Хизматчини уйғотайми? – деди. Умар:

– Йўқ, у ҳозиргина уйқуга кетди, – деди. Сўнгра ўзи туриб, идишдан ёғ олиб, чироқни тўлдирди. Меҳмон:

– Ўзингиз тўлдирдингиз-ку, эй мўминлар амири, – деди. Умар ибн Абдулазиз:

– Мен турганимда ҳам Умар эдим, қайтиб келиб ўтирганимда ҳам ўша Умарман. Одамларнинг яхшиси Аллоҳ наздидаги камтарин кишилардир, – деб жавоб қилди.

Хуросон ҳукмдори Жарроҳ ибн Абдуллоҳ бир куни халифага мактуб ёзиб, Хуросон халқини ёввойи ва исёнкор деб атади. Уларни фақат қамчи ва қилич билангина бошқариш кераклигини айтди. Бу мактубга халифа Умар ибн Абдулазиздан шундай жавоб келди: “Халқни фақат қамчи ва қилич билан ушлаб туриш ҳақидаги иддаоларингизга қўшилмайман. Уларни ҳақиқат ва адолат билан ҳам итоат қилдириш мумкин. Ҳақни ва адолатни бошқарув воситаси қилиб олинг”.

Бир киши Умар ибн Абдулазизга:

– Менга насиҳат қилинг, – деди. Умар ибн Абдулазиз шундай дедилар:

– Солиҳ одамлар билан юриб, улардан манфаат олмасликдан ёки  гуноҳкорларни маломат қила туриб, гуноҳлардан четланмасликдан ёки шайтонни лаънатлаб, унга пинҳона итоат қилишдан эҳтиёт бўл! Умар ибн Абдулазиздан ҳазрати Алий билан Муовия ўрталарида бўлиб ўтган ҳодиса хусусида сўрашганида, у киши: “Ўшанда шундай фитналар бўлганки, Аллоҳ қиличларимизнинг унга қўшилиб қолишидан омонда сақлаган эди. Энди ўша фитналарга тилимиз билан қўшилиб қолишдан сақланайлик”, деди.

Халифа кўпинча ювдирилган кийимининг қуришини кутаркан, жума намозига боришга кечикиб, типирчилаб қоларди. Чунки унинг жамоатга кийиб борадиган кийими биттагина бўлиб, иккинчисини харид қилишга зуҳди йўл қўймас эди. Унинг бундай зоҳидона ҳаёт кечиришига ўша даврнинг улуғ олими ва зоҳиди Ҳасан Басрий билан яқиндан мулоқоти сабаб бўлган. Улар тез-тез учрашар, ёзишма орқали маслаҳатлашишар, олим халифага тақво ва зуҳд борасида гўзал насиҳатлар қиларди.

Тарихчиларнинг ёзишларича, Умар ибн Абдулазиз тахтга янги ўтирганида ҳузурига ўша даврнинг уч атоқли олими – Солим ибн Абдуллоҳ, Муҳаммад ибн Каъб ва Ражоъ ибн Ҳайвани таклиф этиб, уларга:

– Бошимга бу бало (мансаб) юклатилди. Энди менга маслаҳат беринглар, – дебди. Умар ибн Абдулазиз халифаликни “бало” деб қабул қилган эканлар. Умар ибн Абдулазизга Солим:

– Агар нажот истасанг, дунёдан рўза тут (ундан тийил), ундаги ифторлигинг ўлиминг бўлсин, – дебди. Муҳаммад ибн Каъб:

– Агар Аллоҳнинг азобидан нажот истасанг, мусулмонларнинг катта ёшдагиларини ўзингга ота ўрнида, ўртанча ёшдагиларини эса оға-инидек, кичик ёшдагиларини эса фарзанд мақомида кўр. Отангни улуғла, оға-инингни ҳурмат қил, болангга меҳрибон бўл, – дебди. Ражоъ ибн Ҳайва:

– Агар Аллоҳнинг азобидан нажот истасанг, ўзинг яхши кўрган нарсани мусулмонлар учун ҳам раво кўр. Ўзинг ёмон кўрган нарсани уларга ҳам раво кўрма. Ўшандай ҳолатда яшаб ўт, – дебди.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳикмат ва мулойимликда таниқли кишилардан бири эди. Кунларнинг бирида ўғилларидан бири ҳузурларига кириб:

– Эй отажон! Нима учун баъзи ишларга енгил қарайсиз? Аллоҳга қасам, агар сизни ўрнингизда бўлганимда ҳақни айтишда бирор кишидан қўрқмас эдим, – деди. Шунда халифа ўғилларига:

– Эй ўғлим, шошқалоқлик қилманг! Аллоҳ таоло аввалига ароқни Қуръонда икки марта ёмонлади. Охири учинчисида ҳаром қилди. Мен ҳам одамларга аввалги мартадаёқ мажбурлаб, кейин улар уни рад қилиб қолишларидан ва оқибатда фитна келиб чиқишидан қўрқаман, – дедилар. Ўғил оталарининг яхши тадбирларини эшитгач, рози бўлган ҳолда чиқиб кетди. Оталари бу нарсани заифҳоллигидан эмас, динини яхши фаҳмлаганидан шундай қилишини билди.

Айтишларича, Умар ибн Абдулазизнинг қизчалари бир кун ҳузурларига йиғлаб кирди. Ўша пайтда у ёшгина қизча бўлиб, у кун эса ҳайит эди.

– Нега йиғлаяпсиз, қизим? – деб сўради мўминлар амири. Қизлари:

– Ҳамма болалар бугун янги кийимлар кийишди, мен мўминлар амирининг қизи бўлатуриб, эски кийимдаман, – дея жавоб қилди. Умар унинг йиғисидан таъсирланиб, Байтулмол хазиначиси олдига борди ва унга:

– Кейинги ой маошимни менга бериб тура оласизми? – деди. Хазинабон:

– Нега, эй мўминлар амири? – деди. Умар унга бўлган воқеани айтиб берди. Шунда хазинабон:

– Мен қаршимасман, лекин битта шартим бор, – деди. Умар:

– У қандай шарт экан? – деди. Хазинабон:

– Менга кейинги ойгача тирик қолиб, олдиндан олмоқчи бўлган маошингизни тўлаб бера олишингизга кафолат беринг, – деди. Умар уни қолдириб, уйига қайтди. Фарзандлари:

– Отажон, нима бўлди? – деб сўрашди. Умар ибн Абдулазиз шундай деди:

– Ё сабр қиласизлар ва ҳаммамиз баробар жаннатга кирамиз ёки сабр қилмайсизлар ва отангиз дўзахга киради. Шунда болалари:

– Сабр қиламиз, отажон, – деб жавоб қилишди. Энди бир мулоҳаза қилиб кўринг: бизлардан Умар каби сабр ва адолат пешвоси бўлган ҳукмдорлар нега чиқмаяпти? Омонатдорлиги, тақвоси ва ҳалоллиги билан зарбулмасал бўлган хазинабон каби ходимлар нега камайиб кетди? Энг асосийси,  фарзандларимиз мана шундай ҳолга тушиб қолишганида ҳайитни янги кийимсиз ўтказишга кўнишармикин? Мана шу саволларга ижобий жавоб бера олишимиз бизларнинг сабрқаноат бобида  нималарга амал қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқлиги аён бўлади.

(давоми бор)

Ёзувчи Аҳмад Муҳаммад томонидан нашрга тайёрланган “Умар ибн Абдулазиз” номли китобдан олинди.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Нобулсийдан:  Фарзандим ўлса байрам қилардим...

135 16:15 26.09.2020

Коронавирус: оммавий эмлаш бошлангунча ўлим ҳолатлари анча ортиши мумкин

182 15:45 26.09.2020

«Савол-жавоб» лойиҳасида “Ҳалол туризм”

67 14:55 26.09.2020

Украинада авиаҳалокат ортидан мотам эълон қилинди

295 13:43 26.09.2020

Қатар ҳам Араб давлатлари лигасига раислик қилишни истамади

342 13:11 26.09.2020

"Онлайн савол-жавоб" лойиҳаси меҳмони Одинахон Муҳаммад Содиқ 

748 12:16 26.09.2020
« Орқага