Илм

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар (ўн иккинчи қисм)

826

(Давоми. Боши мана бу ерда)

Замондошларининг фикрлари

Адолатли ҳукмдор Умар  ибн  Абдулазиз  ҳақида имом Аҳмад ибн Ҳанбал шундай деган: “Мадина волийлигига Умар ибн Абдулазиз раҳбар бўлган пайтларида Анас ибн Молик зиёрат мақсадида келдилар ва намозда у кишига иқтидо қилдилар. Ва ажабланган ҳолатда шундай дедилар: “Мен қанчаданқанча саҳобалар ортида намоз ўқидим. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Расулуллоҳнинг намозларига ўхшатиб ўқийдиган бу имомингиздан бошқасининг ортида намоз ўқимадим”.          

Тобеъинлардан имом Заҳабийнинг халифа Умар ҳақида шундай сўзи бор: “Умар ибн Абдулазиз аҳли илмлар наздида, амалли олимлардан ва хулафои рошидинлардан ҳисобланади. У имом, фақиҳ, мужтаҳид, суннатни билувчи, шаъни буюк, хужжатни сақловчи зотдир. У илмларнинг асли ва фаръиларини билишда инсонларнинг энг билимдонидир. Умар ибн Абдулазиз ҳузурларида олимлар шогирд бўларди, холос. Тобеъинлар ичида фақат Умар ибн Абдулазизнинг сўзи ҳужжат эди”.

Суҳайл ибн Абу Солиҳ айтади: “Биз ҳаж мавсумида Арафотда турган эдик. Ёнимиздан Умар ибн Абдулазиз ўтганларида одамлар ўринларидан туриб, унга қарашарди. Мен отамга:

– Отажон, Аллоҳ таолонинг Умар ибн Абдулазизни яхши кўришини тушуниб қолдим, дедим. Отам менга:

– Нима сабабдан бундай деяпсан? деди.

– Умар ибн Абдулазизга одамлар қалбида катта муҳаббат бор, дедим. Отам шундай деди:

– Бўлмаса отангдан эшит. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб, “Мен фалончи бандамни яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Шунда уни Жаброил алайҳиссалом яхши кўради. Сўнгра осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Шунда осмон аҳли уни яхши кўради. Сўнгра Ер аҳли ҳам уни яхши кўради” (Муслим ривояти). Шундан сўнг одамлар ўша бандани ўз-ўзидан яхши кўриб қолишади. Аллоҳ таоло бир бандасини ёмон кўрса ҳам худди шу тариқа бўлади. Яъни: “Агар Аллоҳ бир бандасини ёмон кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб, Мен фалончи бандамни ёмон кўрдим, сен ҳам уни ёмон кўргин, дейди…

Зоҳид ва олим Молик ибн Динор айтади: “Инсонлар Молик ибн Динорни зоҳид одам, дейишади. Мен қанақасига зоҳид бўлайин? Зоҳидликнинг бари Умар ибн Абдулазизда. Дунё унинг олдига менинг хазиналаримни олгин деб, оғзини очиб келди. У дунёни бутунлигича тарк қилиб, зоҳидлардек яшади. Зоҳид одам шу кишида, бошқа ким ҳам бўларди?” Ҳақиқатан, Умар ибн Абдулазиз ҳукмдор бўлса ҳам нафсини дунё матоларидан тия олган зотлардан бири эди. Дунё молларига эга бўла туриб, ундан ўзини тия олиш ҳақиқий зоҳиднинг ишидир.

Жассор Қассоб айтади: “Мен Умар ибн Абдулазиз замонларида қўйларни соғардим. Кунларнинг бирида қўй боқадиган чўпоннинг олдига иш юзасидан борсам, унинг ёнида ўттизта бўри айланиб юрган экан. Мен уни қўйларни қўриқлайдиган итлар бўлса керак, деб ўйлабман. Бундан олдин бўрини сира кўрмагандим. Шунинг учун чўпондан:

– Шунча итни нима қиласиз? десам, чўпон менга:

– Эй ўғлим! Булар ит эмас, бўри! деди. Мен ажабланиб:

– Субҳаналлоҳ! Бурилар қўйлар ичида бемалол юрибди-я! Сизга ва қўйларга бу ваҳший бўрилар зарар етказиб қўймайдими, ғажиб ташламайдими?! десам, у хотиржам холатда:

– Эй ўғилчам, бу қўйларнинг закоти берилган, закоти берилган моли дунёни бўри емайди, сувда чўкмайди, оловда ёнмайди, қароқчилар тунамайди. Мен очиқ гувоҳиманки, агар одам ўз зиммасидаги закотни қизғанчилик қилмай, белгиланган муддат ичида берса, унинг мол-дунёсини Аллоҳ еру осмонлар ва улар ўртасидаги барча нарсаларнинг балосидан сақлайди. Кейин чўпон яна шундай деди:

– Эй ўғлим, агар бош соғлом бўлса, жасадга ҳеч нарсанинг зарари йўқ! Яъни, агар давлат бошлиғи солиҳ бўлиб, закотни ўз халқидан мажбурлаб бўлса ҳам олиб, ҳақдорларига тарқатса, Аллоҳ таоло уни ва халқини барча офатлардан сақлайди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлган пайтларида закотни халқидан ўз вақтида йиғиб олиб,  уни ҳақли кишиларга тарқатишни жуда яхши йўлга қўйган эди.

Мусо ибн Аъян айтади: “Умар ибн Абдулазиз даврида давлат хазинасига тегишли қўйларини далаларда боқардик. Бир жойнинг ўзида қўйлар, бўрилар ва ваҳший ҳайвонлар бемалол юрарди. Бир кун тунда бўри бир қўйни судраб олиб кетди. Биз уни излаб, ўлган ҳолида топдик. Кейин билсак, унинг закоти берилмаган экан”.

Яҳё ибн Кассир ёзади: “Умар ибн Абдулазиз қўл остидаги амалдорларга шундай мазмунда мактуб йўллади: “Илм талабидаги кишиларга нафақа беришни жорий қилинглар. Ва илм олиш учун ўзларини фидо қилсинлар. Ва уларни илм олиши учун нима имконият бўлса, сарфланглар”.

Ибн Шиҳоб шундай деган: “Менга Умар ҳадисларни жамлашни буюрди. Мен уни варақларга ёзиб чиқдим. Ва Умар уни ўзи бошқарувида бўлган барча жойлардаги волийларга тарқатди”.

Зоҳидларнинг улуғи Абу Сулаймон Дороний айтади: “Умар ибн Абдулазиз Увайс Қоронийдан ҳам зоҳидроқдир. Чунки Умарга дунё мулки ҳар тарафлама берилса ҳам, Умар дунёдан юз ўгирди. Биз Увайс Қаронийнинг ҳолини билмаймизки, агар унга Умарга берилган мулк юкланганида нима қиларди, ҳоли нечук бўларди?”

Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн шундай  дейди: “Мен ҳар бир қавмда бир зоти улуғ, насли тоза кишини биламан. Бани Умайянинг энг зоти улуғи Умар ибн Абдулазиздир. Албатта, у қиёмат кунида якка бир уммат қилиб юборилади”.

Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ: “Умар ибн Абдулазиз ҳузуридаги уламолар унга шогирд каби бўлиб қоларди”, деган.

Мужоҳиднинг  шундай  сўзлари  бор:  “Биз Умар ибн Абдулазизнинг хузурига келганимизда унинг бизга муҳтожлигини кўрардик. Биз унинг хузуридан чиққанимизда эса, унга муҳтожлигимизни билардик. Биз Умарнинг олдига таълим олиш учун келардик. Ундан бирор нарсани ўрганмай туриб уни тарк қилмасдик”.

Маймуна ибн Миҳрон: “Умар ибн Абдулазиз уламоларнинг муаллими эди”, деган.

(давоми бор)

Ёзувчи Аҳмад Муҳаммад томонидан нашрга тайёрланган “Умар ибн Абдулазиз” номли китобдан олинди.

 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исломий маданият ва араб тилини тўғри ўқиш учун қўлланма (иккинчи қисм)

310 10:30 26.09.2020

Ҳадис илми:  Учинчи бўлим. Заиф ҳадис

159 11:25 25.09.2020

Ҳадис илми:  Ҳасан лизотиҳи ҳадис

195 21:20 23.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Аллоҳга берган аҳдида содиқ кишилар

330 19:05 23.09.2020

Нима сабабдан мусулмонлар Олтин даврда ривожланган эди?

891 08:05 20.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Менинг исмимни  айтишга ҳожат йўқ  (ўн тўртинчи қисм)

528 19:50 19.09.2020
« Орқага