«Афғонистон аҳолисининг президент сайловига қизиқиши юқори эмас»

18:30 11.09.2019 309

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Афғонистонда президент сайлови бўлиб ўтади. БМТнинг мазкур мамлакатдаги махсус вакили Тадамичи Ямамотонинг айтишича, аҳолининг сайловга қизиқиши юқори эмас.

Ямамото бу ҳолатни хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашганига боғлади.

«Жангариларнинг Қундуз, Бағлон ва Фараҳдаги ҳужумлари, шунингдек, Кобулдаги кўп сонли ҳодисалар жиддий хавотир уйғотмоқда», – деди у БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидаги нутқида.

БМТ вакили АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги музокараларга ишора қилиб, бир йилдан бери давом этаётган тинчлик музокараларида устунликка эришиш учун қон тўкилишидан фойдаланиш нотўғрилигини таъкидлади.

Маълумки, ўтган ҳафта Кобулдаги терактда америкалик ҳарбий ҳалок бўлгач, президент Дональд Трамп толиблар билан музокараларни тўхтатиб қўйди. Тадамичи Ямамото барча манфаатдор томонларни Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни бошлашга эришишга чақирди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!