Покистон бош вазири Имрон Хон жаҳон ҳамжамиятини Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати бошчилигидаги янги ҳукуматини қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Ҳозирда бутун халқаро ҳамжамият кейинги йўл қандай бўлиши ҳақида қайғуриши керак. БМТ маълумотига кўра, Афғонистон аҳолисининг ярми аллақачон заиф аҳволда. Агар Афғонистонни ҳозир эътиборсиз қолдирсак, келаси йилга келиб мамлакат аҳолисининг қарийб 90 фоизи қашшоқлик чегарасига етади. Олдинда улкан гуманитар инқироз турибди. Бу нафақат Афғонистоннинг қўшнилари учун, балки бутун дунё учун жиддий оқибатларга олиб келади”, – дея таъкидлади Имрон Хон БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида.
Бош вазир вазиятдан чиқишнинг йўли ҳозирги ҳокимиятни мустаҳкамлаш эканлигини, Афғонистонга зудлик билан гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида Афғонистоннинг аввалги ҳукумати БМТдаги доимий вакил сифатида тайинлаган Ғулом Исҳоқзой нутқ сўзлайди. Бош Ассамблеяда толиблар ҳам чиқиш қилиш истагани билдирган, бироқ уларнинг илтимосига ижобий жавоб қайтарилмади.