Таҳлил

Афғонистон: тинчликка умид уйғондими?

480

Куни кеча АҚШ давлат котиби Майк Помпео "Толибон" ҳаракати билан тарихий шартноманинг асосий бандлари бўйича муросага келинганини баён этди. Шартнома 29 февраль куни Ослода имзоланиши кутилмоқда. 

Шартнома имзолангунга қадар томонлар 7 кун давомида "зўравонликни камайтириш"га келишиб олишди. Толиблар АҚШ кучлари ва афғон ҳукумати аскарлари ортиқча ҳаракатлар қилмаслик, аҳоли пунктлари ва қўшинларга зарар етказмасликка рози бўлди. Ушбу келишув бугун, 22 февралдан кучга кирди.

Шартноманинг имзоланиш истиқболи бир неча йиллардан бери давом этиб келаётган урушни тўхтатишга яхши имконият бериши эҳтимоли қайд этилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳужжат афғонларнинг (ҳукумат ва толиблар) ўзаро бир стол атрофига йиғилиб, музокаралар бошлаши учун шароит туғдиради. Шундан сўнг бир неча ой давомида АҚШ ҳарбийларининг сонини камайтиришга киришилади. 

Таъкидлаш лозимки, шартноманинг кучга кириши бир неча шартларга боғлиқ. Яъни толибларнинг энг асосий талаби – Америка қўшинларининг бутунлай тарк этиши, Афғонистонда томонларнинг муросага бориши, террористик ҳужумларнинг амалга оширилмаслигига боғлиқ. 

Шартнома имзоланганидан сўнг томонлар олдида турган энг катта муаммо тарқоқ афғон халқи номидан "Толибон" билан музокара олиб борувчи гуруҳнинг таркибини тайинлашдир. Чунки айни дамда Афғонистондаги ички сиёсий вазият ҳам жуда танг аҳволда. 2019 йил сентябрь ойида ўтказилган президент сайловларининг якуний натижаси шу ҳафта эълон қилинди. Унга кўра, Ашраф Ғани 50,6% овоз тўплаган. Иккинчи тур бўлмаслиги учун айнан 50% дан кам бўлмаган овоз йиғилиши лозим эди. Бироқ мазкур натижалар президентнинг асосий рақибларини қаноатлантирмади ва улар "параллел ҳукумат" тузишини эълон қилди. Сайловларда жуда камчилик қатнашганини инобатга олсак, Ашраф Ғанининг легитимлиги масаласи ҳам савол остида қолади. 

Шуни қайд этиш лозимки Ашраф Ғани ва унинг асосий рақиби Абдулла Абдулла ҳам ҳозирги конституцияни ёқлайди ҳамда фуқаролик ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари тўла таъминланиши тарафдори.

Бошқа томондан эса толиблар "амирлик" тузиш, шариат асосида бошқариш ниятидан воз кечмаган. Шунингдек, бир ярим йилдан бери турли музокаралар ўтказавериб, "конституционалистларга" нисбатан ҳаракат аъзолари анча тажриба орттирди ва жипс ҳолда ёндашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ходимларининг қайд этишича, улар афғон томонлари ўз келажаги ва бошқарувини қандай бўлишига ўзаро келишса бас, Америка томони афғон халқининг ҳар қандай қарорини ҳурмат қилади. Шу билан бирга Афғонистонга узоқ муддатли молиявий ва гуманитар кўмак дастурларини тўхтатмаслик шарти орқали Вашингтон афғон ерида муайян миқдорда ҳарбийларини қолдириши масаласини ҳам кўриб чиқиши эҳтимоли борлиги айтилди.

Умуман олганда, 40 йилдан бери давом этиб келаётган нотинчлик ва беқарорликни тугатиш учун имкониятдан тарафлар оқилона фойдалана олиши ҳамма, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам фақат фойда келтиради.

Шарқ ва Ғарб каналидан олинди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кузда коронавирус яна қайтадими? – АҚШ бош шифокорининг фикрлари

862 15:30 31.03.2020

АҚШда инфекция: Нью-Йорк губернатори ёрдам сўрамоқда

1014 12:00 31.03.2020

АҚШ қўшинлари Киркукдаги ҳарбий базадан олиб чиқилди

421 18:00 30.03.2020

АҚШ: фуқароларнинг ҳаракати уларнинг смартфонлари орқали кузатиш бошланди

356 16:30 30.03.2020

Коронавирус юқтирганлар сони 500 мингдан ошди

772 15:00 27.03.2020

АҚШ иқтисодиётига 2 триллион долларлик ёрдам

489 21:00 26.03.2020
« Орқага