Жорий йилнинг 12-14 апрель кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темир йўллари бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарофат бошчилигидаги Афғонистон делегацияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томонидан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Афғонистонга кўрсатилаётган салмоқли ёрдам учун миннатдорлик билдирилган.
Афғонистон томони ОАВда Афғонистон “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
Аксинча, Афғонистон темир йўллари бошқармаси раиси Б.Шарофат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида эканлигини таъкидлади.
Афғонистон томони «Сўғдиёна-Транс» ШК (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли)нинг “Ҳайратон–Мозори Шариф” темир йўл линиясининг эксплуатацияси бўйича олиб бораётган ишларидан тўлиқ мамнунлигини билдирди.
Аввалроқ Афғонистон темирйўллари бўйича шартномаларда мамлакат манфаатлари ҳисобга олинмагани айтилган эди.
“Биз товарларимизнинг катта қисмини олиб ўтадиган Ҳайратон портига хизмат кўрсатгани учун ўзбек компаниялари билан 18 миллион долларлик шартнома тузилган. Аммо афғон компаниялари 25 фоиз кам маблағ эвазига бу ишни амалга оширишга тайёр”, – деганди Бахтурраҳмон Шарофат.
Сиёсий эксперт Камолиддин Раббимов ўз интервьюсида Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўл кўприги масаласига тўхталиб, "дунё шунақа тартибдаки, кимнинг қўлидан иш келадиган бўлса, унга ишониб ишни топшириш керак ва йиллар ўтиб ундан ҳамма фойда кўради", дея фикр билдирган эди.