Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида Ўзбекистонга эҳтиёж бор”

523

“Янги Ўзбекистон” газетасида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Исматулла Иргашeвнинг мақоласи чоп этилди. 

“Афғон масаласига ёндашувимизнинг афзаллик жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистон қўшни мамлакатдаги барча сиёсий кучлар, миллий-диний гуруҳлар ва қуролли мухолифат вакиллари, шу жумладан, “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан бирдек мувозанатли алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди”, – дейилади мақолада.

И. Иргашевнинг сўзларига кўра, “ҳозир Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида Ўзбекистоннинг фаол қатнашишига яна-да кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида мамлакат миллий иқтисодини тиклашга қаратилган Афғонистон бўйича махсус қўмита таъсис этиш тўғрисида илгари сурган ташаббус халқаро ҳамжамият тарафидан қўллаб-қувватланмоқда”.

“Афғонистон иқтисодиётини қайта қуриш, мамлакат ижтимоий соҳасини ривожлантириш, илмий салоҳиятини, тўлақонли маориф ва таълим тизимини барпо этиш учун малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда. Ушбу воқеликдан келиб чиқиб, Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларига таълим бериш маркази таъсис этилди. Ҳозирда ушбу ихтисослашган ўқув юртида юзлаб афғонистонлик талабалар олий таълимнинг турли йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон афғон миллий кадрларини тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда”, – дея ёзади И. Иргашев.

Оғир пандемия шароитида ҳам республикамиз Афғонистон билан чегарани ёпгани йўқ. Қўшни давлатга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи, дори-дармон, тиббиёт анжомлари ва инсонпарварлик ёрдами мунтазам етказиб берилди. Қўшни мамлакатнинг ташқи дунё билан савдо-сотиқ алоқалари Ўзбекистон томонидан қуриб берилган Ҳайратон – Мазори Шариф темир йўл транспорт йўлаги орқали тўхтамай амалга оширилмоқда.

Мақолада айтлишича, Ўзбекистон томони Сурхон – Пули Хумри электр узатиш тармоғини Афғонистонда барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ амалий ишларни бошлаб юборди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистонни Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига боғлаш имконини беради ҳамда “CАСА-1000” лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида минтақамиз электр энергиясини Покистон ҳамда Жанубий Осиё мамлакатларига етказиб беришга шароит туғилади.

“Афғонистон ҳукумати ва бошқа халқаро шериклар билан биргаликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи Мозори Шариф – Кобул – Пешовар йўналишида темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширишга тайёрмиз. Бу борада аниқ ва манзилли чоралар кўрилмоқда”, – дея маълум қилади И. Иргашев.

Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистоннинг ягона мақсади – Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий юксалиши учун зарур шарт-шароит яратишдир. Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, “хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники” деб ўйламасдан, бугун халқаро ҳамжамият бирлашиб, жафокаш Афғонистон халқига унинг тинчлиги ва тараққиёти йўлида ёрдам қўлини узатиши ҳар қачонгидан муҳимдир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Саудия Арабистони фуқароларининг айрим давлатларга бориши тақиқланди

716 09:00 16.01.2021

Афғонистон: яна портлашлар ва яна қурбонлар

506 09:01 08.01.2021

2021 йил қайси мамлакатларга қийин келиши мумкин?

491 20:30 04.01.2021

Покистон ва Ўзбекистон темир йўл орқали боғланади

920 08:00 04.01.2021

Халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди

1088 21:05 03.01.2021
« Орқага