Афғонистон ҳукумати татар миллатига мансуб Мавлавий Абдул Али Умарийни Афғонистоннинг кўчмас мулк ва кадастр бўйича давлат агентлиги раҳбари этиб тайинлади.
У асли Форёб вилоятидан. Олий маълумотли, диний маълумотга ҳам эга. Мавлавий лавозимга тайинлангач, Россия мусулмонларининг Қозон хайрия ватанпарварлик жамғармаси ва Афғонистон Татар кенгаши делегациясини қабул қилди.
“Биз жаноб Мавлавийни лавозимга тайинлангани билан табриклаб, агентлик, жамғарма ва кенгаш ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш ҳақида гаплашдик”, деди Афғонистон татарлари кенгаши раҳбари Забиҳулло Нодирий Татар.
Агентликнинг янги раҳбари зиммасида ер кадастрлари тизимини тартибга солиш борасида кўп ишлар турибди. Айни пайтда ер билан боғлиқ битимларининг деярли 80 фоизи олди-сотти шартнома ҳужжатларисиз, норасмий равишда тузилган. Шу сабабли, кўпинча маълум бир ер участкасига эгалик қилиш масаласида чалкашликлар юзага келади. Маҳаллий судлар ҳужжатли далиллар ва реестрдан кўчирма бўлмаса, бундай низоларни самарали ҳал қила олмайди.