(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Фазилат уйини йиғиштириб олди, нарсаларини олиб келиб, жойлаштирса, бўлди. Дераза олдида қўлини чалиштирганча ташқарига қараб тургандек бўлса-да, ичидаги изтироблари сабаб ҳеч нарсани кўра олмаётганди. Фазилатнинг аҳволидан хавотирланган Ойшагул доим у билан бирга эди. Қўлидаги сув тўлдирилган челакни тутиб, бир муддат Фазилатга қараб турди. Секингина чақирди:
– Опа...
Фазилат ўйчан нигоҳини Ойшагулга қаратди, “Нима хоҳлайсан?” дегандек тикилди.
– Сиздан бир нарса сўрамоқчиман.
– Унда нимани кутяпсан, сўрасанг-чи?
– Бошқаларга йўл кўрсатадиган кучли одамлар нимага ўзлари кучсизланиб қолишади?
Фазилат Ойшагул нимани назарда тутаётганини тушунди:
– Чунки улар ҳам инсон.
Қўлидаги челакни ерга қўйган Ойшагул Фазилатнинг ёнига келиб саволини давом эттирди:
– Бу нима дегани? Фазилат ҳорғинлик билан жавоб берди:
– Бу гапда тушуниб бўлмайдиган нарса борми, Ойшагул? У инсон, Ойшагул, инсон. Табиатда кўпи билан тўртта фасл бор, лекин одамнинг нечта фасли борлиги аниқланмаган. Нега бу сенга ғалати туюляпти? Бировларнинг муаммосини ҳал қилишга уринганим учун менинг ташвишланишга, оғриқни ҳис қилишга ва инсоний ҳолатни бошдан кечиришга ҳақим йўқми? Нима, вайрон бўлган уйимни худди душманим кузатиб тургандек, мен ҳам узоқдан кузатайми? Яхши кунларим, умидларим, умрим ўша уйда йўқ бўлди. Ҳеч бўлмаса, хафа бўлиш ҳуқуқимдан фойдаланай, рухсат бер. Кейин вазиятни юмшатиш ниятида мавзуни бошқа томонга бурди:
– Ҳабиба ҳам ғойиб бўлди. Неча кундан бери келмайди. Икки кунга деган эди. Унга шундай муҳтож бўлиб турганимда қариндошлари билан сафарга кетди-қолди. Ойшагул ранжиган оҳангда деди:
– Албатта, биз сизга дўст бўлолмаймиз. Айбимиз нима, билмаймиз. Йўқ-йўқ, биламан. Айбим – сиздан кейин дунёга келганим. Лекин сиз бехабар бўлган нарса бор. Дўстликда руҳлар бир-бирини англаса, вужуднинг ёшига қаралмайди. Чунки барча руҳлар бир хил ёшда. Руҳингиз мен билан дўст бўлолмагач, танангизнинг ёш фарқини баҳона қиляпсиз.
Фазилат ширин табассум билан Ойшагулга қараб, ҳазиломуз тарзда сўради:
– Ойшагул, биласанми, сен кимсан?
– Йўқ.
– Сен мукаммал микробсан, азизим. Бу сўз қизга жудаям ёқди. Икковлари кулишишди. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади.
Фазилат остонага борди:
– Ким у? Эшик ортидан келган овоз аёлни ҳайратда қолдирди:
– Отангман . Қани, эшикни оч. Фазилатнинг қўл-оёқлари қалтирай бошлади. Отаси нима дер экан? “Нега эринг билан ажрашдинг?” деб калтакласа-чи? Тирқишдан отасининг юзини кўрмоқчи бўлиб қараганида, бақириб берди:
– Эшикни оч деяпман! Бўлмаса, синдириб кираман!.. Фазилат қўрқув билан буйруқни бажарди. Отасини кўрар-кўрмас ранги ўчиб кетган эди. Дудуқлана-дудуқлана ичкарига таклиф қилди. Хонага кириб, индамай хоналарни кезаётган отасининг ортидан эргашган Фазилат уни ҳайрат билан кузатарди. Залга қайтиб келишди. Ҳасанбей сўради:
– Демак, бизникига келдингиз, онанг сизни ҳайдаб юборди, шундайми?! Фазилат жим туриб қолди. Отаси гапини баланд овозда қайтарди:
– Жавоб бер! Онанг сизларни ҳайдаб юбордими?
– Ота... ҳалиги... Ўша куни онамнинг бироз жаҳли чиққан эди-да...
– Сендан унинг жаҳли чиққан-чиқмаганини сўрамадим. Ҳайдаб юбордими, деяпман. Ортиқча юкингни ташлаб кел, дедими? Фазилат қотиб қолди. Бу гапларни отаси қаердан эшитган бўлиши мумкин? Оталар ўзларини болаларига таништирмаган дунёда Фазилат ҳам отасини танимаслиги табиий эди. У зўрға жавоб берди:
– Онам сизнинг мени қабул қилмаслигингиздан қўрқди. Ҳасанбей тишларини ғижирлатиб бақирарди:
– Бу нима дегани? Мен ҳайвонманми? Боламнинг бошига иш тушса, уни кўчага улоқтирадиган даражада аблаҳманми? Сен ўз отангни танимайсанми? “Йўқ, сиз менга ўзингизни танитмадингиз-ку”, демоқчи бўлди, айтолмади. Лекин Фазилат отасининг бу ҳаракатидан жуда хурсанд эди.
– Бизга ҳеч қачон юрагингизни очмагансиз, ота. Сизни фақат ғазабли кўринишда эслайман. Оддий гапирганда юзингиз қандай бўлишини умуман билмайман. Чунки биз билан ҳеч қачон оддий ҳолда гаплашмагансиз. Ҳасанбей нигоҳларини аввал ерга, сўнг қизига қаратди:
– Шундайми?.. Демак, мени одатдаги ҳолатимни ҳеч кўрмагансан?
– Афсус, ота, шундай бўлди. Шунинг учун ҳам сизни таний олмадим. Онам ҳам танимайди шекилли, сиздан қўрққани учун мени уйда олиб қололмади.
– Кейин “Нурни ташлаб кел!” деди, кичкина қушчамни хафа қилди, шундайми? Мен бу аёлни ўлдиришим керак...
– Сиз қаёқдан билдингиз, ота? – Нурни гапга солдим, менга қўнғироқ қилганида ҳаммасини сўраб билдим.
– Бу ерни қандай топдингиз? Ҳасанбей мўйловини бураб жавоб берди:
– Бу сирлигича қолсин. Кимлигимни билмайсанми? Агар илон тешигига кирсанг ҳам, сени барибир топган бўлардим. Қўлимдан ҳам, кўзимдан ҳам ҳеч нарса қочмайди, қизим. Ўзинг айтгандек, отангни танимайсан-да! Бир он уй шифтига тикилиб туриб, давом этди:
– Демак, билагузукларингни сотиб, бу жойни ижарага олдинг. Уюшмадан бўшамоқчисан, бошқа жойда ишлаб, ижара пули, бошқа харажатларингни қопламоқчисан... Жиҳозлар қачон келади?
– Бугун уйга бориб олиб келамиз.
– Али уйининг қулфини алмаштирибди. Қандай оласан? Фазилат музлаб қолди:
– Нима?! Қулфни алмаштирибдими?!
– Ҳа. Бугун боргандим, қўшниларинг айтди.
– Бўлиши мумкин эмас! Али мени танимаслиги мумкин эмас. Энди буниси ошиб тушди. Чидолмайман, ота! Ахир ўн уч йиллик хотиниман-ку! Унга тегишли ҳеч нарсани олмаслигимни билмайдими? Нега ғурурим билан ўйнашади? Бунга чидаш мумкинми? Фазилат ўзини тутолмай, ҳўнграб йиғлаганча отасининг елкасига бошини қўйди.
– Бу менга жуда оғирлик қилди, ота. Бундай қилмаслик керак, никоҳ риштаси узиладиган бўлса ҳам, бировнинг шаъни, ғурурини топташ билан узмаслик керак. Қанча жаҳли чиқмасин одамийлигини йўқотмасин инсон. Буни бизга ўргатишингиз, бундай барбод дунёни бермаслигингиз керак эди. Сизлар қилган хатонинг бадалини тўламаслигимиз керак эди... Қизининг гапларидан ҳеч нарса тушунмаётган ота баланд овозда сўзларди:
– Бу гапларга қулфи алмаштирилган эшикнинг нима алоқаси бор? Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Ҳалол ишладим. Сизларга ҳаром едирмадим. Ҳеч кимга ёмонлигим тегмади. Фазилат йиғларди. Унинг ғурури такрор топталганди, лекин ҳатто энг ёмон кунида ҳам даъвосини ўйлайдиган даражада эътиқодига содиқ эди.
– Ота, одамзот фақат бировга ёмонлик қилмасликка эмас, яхшилик қилишга ҳам масъул. Сиз ўлчовнинг фақат бир томонига тегишли ишни бажардингиз. Иккинчи томони билан қизиқмадингиз, шу сабабли мувозанат бузилган. Ҳасанбей ҳеч нимани тушунмади:
– Бўпти, буларни қўйиб турайлик. Бориб, уйингга курси-пурси олайлик. Уй тозалаб юрган Ойшагулнинг қулоғи ота-боланинг суҳбатида эди. Фазилат қатъий оҳангда гапирди:
– Йўқ, мен бориб уйимдан... йўғ-эй, Алининг уйидан нарсаларимни олиб келаман. Шунда сизга ҳам оғирим тушмайди. Ҳасанбей туташ қошларини чимирди:
– У уйдаги нарсалар жойида қолади. Али судга бергунича кутасан. Сенга янги жиҳозлар олиб бераман. Ўртада бола бор, қизим, балки ярашарсиз. Бундай ҳолатларда ғазабнинг ўтиб кетишини кутиш керак.
– Худо асрасин! – беихтиёр бақирди Фазилат.
– Мени деб уй қулфини алмаштирган одам билан асло ярашмайман. Ота қизига ўйчан қараб, дона-дона қилиб гапирди:
– Гапга қулоқ сол, ярашасан. Қара, ҳозирдан Али ҳақида ҳамма нарсани унутиб, битта қулф ҳақида гапиряпсан. Эртага бошқа нарсалар чиқади, қулфниям унутасан. Бу дунё шундай, одам боласини унутувчанлик хусусияти билан бағрига олган. Вақтни бой бермайлик, Ойшагул қизим бизни шу ерда кутиб турсин. Бир соатда келамиз. Уюшмадан бўшамайсан. Маошингни мен бераман. Сен одамларга ёрдам беришда давом этасан, келишдикми? Фазилат ҳайратда эди:
– Менга маош тўламоқчимисиз?! Нима учун? Қизига тик боқаётган ота кутилмаган жавобларни берарди:
– Болам ва боламнинг боласи учун. Фазилат хоним эшик томон кетаётганида кўзлари нам эди. Зинапоядан тушаётганларида Ойшагул бақирди:
– Ҳасан амаки!
– Лаббай, қизим?
– Мен шу “пурси”га жуда қизиқяпман. Тезроқ келинг, хўпми! Эркак тушунмади.
– У нима? Янги чиққан жиҳозми, эшитмаган эканман.
– Мен ҳам билмайман. Сиз шундай дедингиз. Зинадан тушаётган Ҳасанбей бошини чайқади:
– Шайтон қиз. Кичкиналигидан шундай эди, улғайиб ҳам ўзгармабди.
– Ойшагулнинг қаери шайтонга ўхшайди, ота? – сўради Фазилат.
– Ҳамма нарсаси. Қаерда ҳазил қилишини билмайсан. Ёқимли шайтонча.
– Аммо шайтон ёқимли эмас. Қолаверса, ҳазил ҳам қилмайди. Бунинг устига, ўта такаббур, худбин, ёқимсиз махлуқ. Ёқимтой болаларни шайтонга ўхшатиш шайтонни ҳам ёқимтой дейиш бўлиб қолмайдими, ота?
– Оббо, яна бошламагин, бу шунчаки бир гап.
– Майли-ю, шунчаки сўзлаганда ҳам шайтонни чиройли қилиб кўрсатмаслик керак. Ойшагулни мақташ керак бўлса, у фариштага ўхшайди, дейишингиз мумкин эди. Масалан, демоқчиман-да.
– Лекин фаришталар айёр бўлмайди.
– Шайтон ҳам айёр эмас, у маккор, ота. Маккорлик билан ақлли айёрликни аралаштирмаслик керак.
Ота қизига тикилди:
– Худди файласуфга ўхшайсан... Охирги пайтларда ҳар битта сўздан хато топяпсан.
– Йўқ, ота. Фақат нотўғри сўзлардан хато топаман. Жамият сифатида биз жудаям хато гапирамиз. Аниқроғи, нима ҳақида гапираётганимизни ҳам, нима ҳақида гапирмаётганимизни ҳам билмаймиз. Ўзим ҳам энди-энди фарқига боряпман. Кечга яқин жиҳозлар келди.
Фазилат хоним ичкарида уларни олиб кираётганларга жой кўрсатарди:
– Диванларни бу ёққа... Стол келганида мана бу ерга қўямиз. Жиҳоз ташиётганлар Фазилат хоним кўрсатгандек жойлаштиришарди. Бирдан аёлнинг кўзи стол кўтариб кирган одамга тушди. Танишдек туюлиб, билдирмай яна қаради. Ҳали кимлигини эслолмасидан туриб, келган киши гапириб қолди:
– Салом, янга! Қарасам, жиҳозларингиз келган экан, ёрдам берай, дедим. Энди таниди. Бу – Алининг дўсти Малик эди.
– Раҳмат, ука, миннатдорман. Кўп ўтмай овқат кўтарган бир аёл кириб келди: – Қачон овқатланасизлар? Узр, ўзимни таништирмадим. Мен Инжуман, Маликнинг хотини. Эрим сиз ҳақингизда кўп гапирган, доим яхши аёл деб мақтайди.
Фазилат ҳайратланди:
– У билан кўп гаплашмаганмиз. Малик мени сизга таништирадиган даражада яқиндан билмайди. Инжу олиб келган овқатини дастурхонга қўяётиб жавоб берди:
– Йўқ, эрим сиз билган одамлардан эмас. Бир қарашдаёқ кимнинг қандайлигини илғаб олади. Унга китоб берган экансиз, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмади. Фазилат учун бу мавзуда ҳеч нарса демаслик ва сукут сақлаш афзал эди. Инжу эса гапиришда давом этди:
– Айтишича, китобларнинг биттаси ўқувчи ҳақида экан. Эрим у асардан шунчалар таъсирландики, бугунгача бир ё икки ўқувчининг харажатларини зиммасига олади, то мактабни тугатгунича тўловларни канда қилмайди. Бошқа китоб эса рўмол ўраган аёл ҳақида экан. Уни ўқиганидан бери менинг ҳам ўранишимни хоҳлаб қолган. Қолаверса, талабаларга ўзини билдирмаслик учун “Мен бир воситачиман, бу пулни сенга беришим учун бошқа биров беряпти”, дейди. Мен уни эрим бўлгани учун мақтамаяпман, аслида ҳам жуда яхши инсон. Фазилат ҳайратда эди. Унинг иродасига қарши бир муҳит шаклланарди. У аранг жавоб берди:
– Укам омон бўлсин. Яхши одамлар мукофотсиз қолмайди. Иншааллоҳ, бир кун келиб, ёмонлар туфайли яхшилик қилишдан воз кечмайди, деган умиддаман. Бу суҳбат давом этаётганида Маликбей юк кўтарганча яна эшик олдида пайдо бўлди.
Хотинига ўгирилиб сўради:
– Танишиб олдингларми, Инжу? Янгам айтганимдек эканми? Фазилат жавоб бермади. Малик давом этди:
– Янга хоним, аёлимнинг ўранмаганига қараманг, унинг юраги ўранган. Ҳамма нарсага кулгили жавоб топиб берадиган Ойшагул стол устига таомларни қўяётиб, деди:
– Қандай қилиб? Аёлингизнинг юраги рўмол ўрайдими? Бу гапдан Инжу хонимнинг кайфияти бузилди.
Фазилат ҳам қизга қошини чимириб қаради:
– Ойшагул! Мажозий маъно деган тушунча бор. Бу ҳақда ҳеч эшитмаганмисан? Инжу хоним ўранмаган, лекин Ислом буюрган ўранишга қарши эмас. Буни тушунасан, лекин бугун сенга нима бўлаётганини мен тушунмадим. Кейин Инжу хонимга қараган ҳолида эрига гапирди:
– Маликбей, Аллоҳ буюрган ишни қилмаган кимса одамларга ҳисоб беришга мажбур эмас. Ҳисобини Аллоҳга беради. Биз ҳам ҳеч кимни жавобгарликка тортмаймиз. Ҳисоб сўрайдиган Зот Аллоҳдир. Биз Унинг қонунларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Аммо “Агар нотўғри йўлга тушсам, менга насиҳат қил”, дейдиган дўстларимиз бўлса, хатоларини эслатамиз. Улар хос дўстлардир. Хос дўстлар танқид қилишга рухсат беришади. Биз Инжу хоним билан бугун танишдик. Ойшагул унга бундай сўзларни айтмаслиги керак эди. Маликбей эшик томон юраркан, жавоб берди:
– Сиз бугун танишдингиз, лекин биз Ойшагул билан анчадан бери танишмиз. Бундан ташқари, биз ҳам ўша хос дўстларданмиз. Менинг Инжум софдил, нотўғри тушунмайди. Хавотир олманг.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)