Таҳлил

«Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...» (1-қисм)

1812

Азалдан мусулмон халқларида бола тарбиялаш учун махсус тизим пайдо бўлган. Кўп болали оилалар бобо ҳамда бувалари билан биргаликда яшаган ва бола тарбияси учун ҳамма оила аъзолар, ҳаттоки маҳалла жавобгар бўлган. Оилаларимиз ва яшаш тарзимиз ўзгаргани сайин, бола тарбиясига боғлиқ замонавий муаммолар биз оналарнинг қалбларига хавотир солмоқда. шу билан бир қаторда бола тарбиясига доир китоблар жуда ҳам кўп ва хилма-ҳил. Асосан педагоглар болани талтайтирмаслик ва “қаттиқ қўл” бўлиш кераклигини таъкидласа, психологлар эса ҳар бир гапимиз бола руҳиятида из қолдириб, келажакда ўзига ишонмаган, ҳеч нимага эриша олмайдиган инсон бўлиб етишиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Баъзи оналарни ўсмир фарзанди қулоқ солмагани, қўпол муомала қилгани ёки муаммоларини бўлишмагани хавотир олдирса, бошқалари мактабга энди боришни бошлаган фарзандини дарс қилишга ёки умуман нимадир ўқишга хоҳиши йўқлигидан хавотир олади. Аслида талабларни ва дарсларни кўпайтиш фақат ёмонроқ оқибатларга олиб келади ҳамда ота-оналар бу “кураш”да ўзларини мағлуб ҳис қила бошлайди. Болалар нега ўзларини ёмон тутишади, инжиқликлар ёки такрорланаверган хатоларнинг асл сабаблари нима? Биз ҳам фарзанд тарбияси борасида азиз ота-оналаримизга кўмак бериш учун Людмила Петровскаянинг “Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...” номли китоби асосида туркум мақолалар бериб боришга қарор қилдик. Иншаа Аллоҳ бу ишимиз барчамизга манфаатли бўлсин.

Инсон боласи бошқа жонзотлардан кўра нозик яратилган, у туғилганиданоқ олдида ўзининг “катта одам”и бўлишига муҳтож, ҳар қандай одам эмас, балки у учун ҳамма нарсага тайёр, у учун тунлари уҳламай чиқа оладиган одамга. У олдида бўлса ва ғамхўрлик қилса яшайди, бўлмаса йўқ. Бола учун ўзининг ”Катта одам”и - онаси билан муносабат ҳаётида бўладиган бошқа ҳар қандай муносабатдан муҳимроқ, бу ҳаёт-мамот масаласи. Туғилибоқ бола онасини қидиради, унинг овозига жилмаяди. Бу боғлиқлик ,риштани сақлаб қолиш бола ҳаётидаги энг муҳим масала. Агар бу ришта бўлса ва у кучли бўлса бола хотиржам бошқа нарсалар билан шуғулланиши мумкин: ўйнаши, югуриши, ўқиши. Лекин агар ришта яхши бўлмаса қолган ҳаммаси ўз муҳимлигини йўқотади.

Онаси билан паркка чиқиб ўйнаётган болани кўрганмисиз? Онаси олдида эканлигини билган бола хотиржам ўйнайди, атрофни ўрганади, лекин онаси йўқлигини сезиши биланоқ ҳаммасини ташлаб онасини қидиришга тушади. Энди унга ўйин, ширинликлар, ўйинчоқлар қизиқ эмас. Агар онасини топа олса у тинчланади ва ўйинда давом этади, лекин узоқ вақтгача онасини тополмаса у қўрқиб кетади ва йиғлайди. Ҳатто онаси топилганида ҳам узоқ вақт олдидан кета олмайди, бошқа ўйнагиси ҳам келмай қолиши мумкин. У учун энг муҳими онаси билан ришта, агар у хавф остида бўлса, бошқа ҳар қандай нарса муҳимлигини йўқотади. Бола ва ота-онаси ўртасидаги шу чуқур боғлиқликни ришта дейилади. Ришта туфайли оналар болалари йиғисини уйқусида ҳам эшитади,ўсмир боласи овозидан эса нимадир бўлганини сеза олади. Ўз ўрнида болалар ҳам ота- оналар кайфиятидаги озгина ўзгаришни, улар ўртасидан “ қора мушук “ ўтганини улар ўзларини ҳеч нарса бўлмагандек тутса ҳам ҳис қилишга ёрдам беради. Ришта туфайли ота-оналар боласи учун хоҳлаган нарсадан воз кечишади, болалар эса жуда қийналса ҳам “катта одам”лари фахрланиши ғурурланиши учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.Шу туйғу болаларни ташқаридаги шовқинга қарамай онаси бағрида тинч уҳлашига ёрдам беради, оналар ўпичини болалар учун “шифо”, оғриқ қолдирувчи қилади, бувилар нонини эса дунёдаги энг мазали таом бўлиб қолишига сабаб бўлади. Ҳар қандай ”типратикон” боласи ҳам ўз ота-онаси учун энг юмшоқ, ақлли ва чиройлидир.

Баъзида катта одамлар ҳам қўрққанларида шу туйғу сабабли “онажон!” деб бақиришади, оналари эса соқоли чиққан фарзандлари бор жигарбандидан ҳам хавотир олади. Севги-муҳаббат, дўстлик ҳаётимизга келиб кетиши мумкин, лекин фарзанд ва волидалар орасидаги ришта бутун умр қолади. Ҳатто бу муносабатлар ёмон бўлганида ҳам ҳеч қачон тўлиқ узилиб кетмайди. Бола ҳаётидаги жуда кўп хатти ҳаракатлар шу ришта билан ёки уни узилиши хавфи билан изоҳланади.

Биз бу рукндаги мақолаларда, болаларимиз билан муносабатда нималар бизга халал бераётгани, уларга эса ўзини яхшироқ тутишига нималар тўсқинлик қилаётганини кўриб чиқамиз. Бу учун болаларнинг хатти-ҳаракати бизнинг уларга қиладиган муносабатимизга боғлиқ эканини ўрганамиз. Муносабат ёмонлиги сабабли ҳар қандай ёшдаги болалар ўзини ёмон тутиши, биз эса оддий нарсалар сабабли қаттиқ жазавага тушишимиз мумкин. Ришта ҳақида тушуниб олганимиздан кейин, фарзандларимизда бизга ёқмаган ёки тўғри эмас деб ўйлаган хислатларимизни қадам бақадам тўғрилаш ҳақида гаплашамиз.

Шунингдек, бу фикрлар нафақат оналар учун, балки оталар учун ҳам фойдали  бўлиши тайин, чунки фарзанд тарбиясида она билан бир қаторда оталар ҳам масъулдирлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: ”Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”.

 

"Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...”​ китоби асосида
Розалия ГАБДУЛХАКОВА тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нега раҳбарлар халқни ҳақорат қилаверди?!

2187 14:00 09.10.2019

Эзгулик билан тўлдирилмаган руҳиятни ботил нарсалар эгаллаб олади

709 14:05 13.09.2019

Билимли ва тафаккур қилувчи болаларни тарбиялаш

710 22:00 26.07.2019

Болалар қачон ўғрилик қилади?

640 12:35 18.07.2019

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (2-қисм)

2342 00:20 13.07.2019

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (1-қисм)

2350 00:12 11.07.2019
« Орқага