«Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...» (2-қисм)

12:50 18.03.2019 966

Ота-она ва бола ўртасидаги ришта қаерда сақланади?

Бугунги мақоламизда ота-она ва фарзанд ўртасидаги ришта, боғлиқликни илмий тарафдан тушунишга ҳаракат қиламиз.

Биз катталарда ҳам, ёш болаларда ҳам бош мия мавжуд (баъзида йўқдек туюлса ҳам). Содда қилиб айтганда, миямиз худди рус матрёшкасига ўхшайди, яъни мия ичида яна ички мия ҳам бор. Ташқи мия – кортикал мия, яъни биз мия деб атовчи «кулранг модда». Агар кимнидир «сени миянг ўткир» деб мақтасак ёки «сен товуқ мия экансан» деб айбласак, шу мия ҳақида гапираётган бўламиз. У ерда ақлли сўзлар, образлар, билим ва қобилиятлар сақланади ,қисқа қилиб айтганда бизни зеҳнли қилувчи, ақлимизга жавоб берувчи ана шу ташқи миямиздир.

Бу ташқи «ақлли» мия остида, ички мия “лимбистик” система бор, баъзида уни  эмоция ва ҳиссиётлар мияси ҳам дейишади. Миямизнинг бу ички қисми бошқа сут эмизувчиларнинг миясига жуда ўхшаш бўлади: Улар ҳам ўз болаларини ҳимоя қилганида ёки овқат қидирганида, миялари ақл билан эмас, балки рефлекс ва ҳислар ёрдамида бошқарилади.

Бу мия ҳислар ва муносабатлар учун жавобгар, у ерда қўрқув, муҳаббат, хурсандчилик, хафалик, бахт ва кўпгина бошқа ҳислар пайдо бўлади. Худди шу мия туфайли фарзандини ушлаб турган она бахтдан юраклари эрийди, болалар эса онасига жилмаяди, у бизни хавф туғилганда секинлаштириб, кучимизни кўпайтиради ва у сабабли айрилиқдан сўнг яқинларимизни кўрганимизда кўзимизга ёш келади. Ички мия биз учун ҳаётий муҳим нарсаларга жавоб беради, хавфсизлик, очлик ёки тўқлик, муҳаббат ва боғлиқлик риштаси. У иммунитетни, гормонлар ишлаб чиқарилишини, қон босимини ва умуман тана ва руҳият боғлиқлигини бошқаради.

Ташқи ва ички мия муносабатлари содда эмас. Улар бир-бирига жуда боғлиқ ва умуман олганда улар биргаликда мукаммал фаолият юргизади. Биз қандайдир нохуш хабарни эшитсак маҳзун тортамиз, ёки яқинда қандайдир байрам келаётганини эслаб хурсанд бўламиз. Баъзида эса ўзимиз хафа вақтимизда атрофдаги ҳамма одамлар ёмон, ҳаёт оғир туюлади, ёки аксинча , бахтли ва хурсанд вақтимизда ҳамма одамлар яхши, ҳаёт эса жуда ҳам гўзал туюлади. Лекин ташқи миянинг ички мияга таъсир кўрсатиш доираси чекланган, биз ўзимизни ҳаттоки қўрқишга ҳеч қандай сабаб бўлмаган чоғда ҳам қўрқишдан тўхтата олмаймиз. Масалан, тунда қабристонга кириб хавфли ҳеч нарса йўқлигини фикр қилсак ҳам ўзимизни озгина бўлса ҳам қўрқишдан тўхтата олмаймиз.

Агар лимбик система ниманидир ҳаёт учун хавфли деб қабул қилса, тезда «сигнал» ёқилади ва тана бунга қарши чора кўра бошлайди: юрак уриши тезлашади, қонда адреналин кўпаяди, биз қотиб қоламиз, бизни сезмасликлари учун, ёки бизни қутқаришлари учун бақирамиз, тутиб олмасликлари учун югурамиз, ёки ўзимизни қутқариб қолиш учун жангга киришамиз.

Энг асосийси, хавфнинг объективлиги иккиламчи, яъни унчалик муҳим эмас, агар болалар стол тагидаги «бўжидан» қўрқса, уларга “«бўжи»лар йўқлиги айтиш, ҳаттоки стол тагида ҳеч нарса йўқлиги кўрсатиш ҳам ёрдам бермайди. Ҳаммаси аниқ, стол тагида ҳеч нарса йўқ, лекин барибир ички мия қўрқади, бола фақат онаси олдида бўлганидагина хотиржамликда бўлади.

Онаси ишга кетаётган бола кўзида тўла ёши билан онасига ёпишса, унга ҳеч қандай тушунтиришлар ёрдам бермайди. Онаси шу вақтда кетяпти ва бола учун бу жуда ҳам даҳшатли, чунки бола доимо онаси билан бирга бўлишни хоҳлайди. Бундай ҳолатда фақат онаси билан озроқ қучоқлашиб ўтириш ёки онасини ҳиди келувчи кийимни қучоқлаб ётиш ёрдам бериши мумкин. Бу албатта онаси эмас , лекин ички миянинг тинчланиши учун етарли бўлиши мумкин.

Ришталарни сақловчи мия ҳислар билан боғлиқ, ақл идрок билан эмас. Умуман олганда, риштани фактор сифатида худди шу сабабли кашф этишган.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида Лондонга ҳужум қилишади ва бу болалар ҳаёти жуда хавфли эди. Болалар куни билан зах ва қоронғи, бомбадан хавфсиз жойда ўтиришларига тўғри келарди, сайр қилиш, тоза ҳаводан нафас олиш имконияти йўқ эди. Еётган овқатлари ҳам ўсиб келаётган организм учун мос эмас эди. Шунда болаларни хавфсиз қишлоқларга кўчиришга қарор қилинди: у ерда соғлом овқат, гўзал табиат бор эди, қишлоқ аҳолиси эса болаларга қараб туришган, уларнинг ота-оналари эса фронтда бемалол ишлаши мумкин бўлган.

Шундай қилишди ҳам, болалар гўзал табиатли инглиз қишлоқларига кўчирилди, у ерда мазали таом, қуёш, табиат ва болаларга жон деб қараб турадиган маҳаллий уй бекалари бор эди, лекин натижа кутилганидек бўлмади. Лондонда озгина бўлса ҳам қувноқ ва соғлом болалар, у ерда ўзларини ёмон ҳис қила бошлади. Уларни иштаҳаси йўқолиб ҳаттоки ўйнагиси ҳам келмай қолганди, устига-устак жуда кўп касалликларга чалина бошлашди. Баъзилари тўшакларини ҳўллаб қўя бошлади, баъзилари гапирмай қўйишди. Улар ота онасини соғинарди. Болалар ўзларини, бомбалар остида бўлса ҳам, ота-онаси олдида хавфсизроқ ва бахтлироқ ҳис қиларди.

Шу каби воқеаларда психологлар ота-она ва фарзанд ўртасидаги риштанинг энг муҳим жиҳати -иррационаллик эканини тушуниб етишган, болалар ўзларининг «катта одами» бўлганида, атроф хавф ва хатарга тўла бўлса ҳам, ўзларини бахтли ва хотиржам ҳис қилишади, ёки аксинча энг яхши шароитлар ҳам уларни ота-онасиз бахтли қила олмайди.

Аввал айтиб ўтганимиздек, ришта узилишидан ёки уни ёмонлашишидан қўрққан бола буни хатти ҳаракатида намоён қила бошлайди.

Иншаа Аллоҳ кейинги қисмларда бундай ҳолатларга мисоллар ва ечимларни кўриб чиқамиз.

 

"Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...” китоби асосида
Розалия ГАБДУЛХАКОВА тайёрлади


«Агар фарзандингиз билан қийин бўлса...» (1-қисм)

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!