Таҳлил

«Агар сиёсий партиялар ростакам ишласа борми...»

725

Сайлов кампаниясига старт берилди. Энди партиялар ўз электоратини кенгайтириш учун курашни бошлайди. Бунда ҳалоллик асосий мезон бўлишини истардик. Бошқа партиянинг камчиликлари ҳисобига ўз партиясини илгари суриш яхши эмас. Кучли одамлар, ташкилотлар ўзларининг фазилатлари ҳисобига обрў топадилар, бировнинг камчиликлари эвазига эмас.

Агар партиялар шу кеча-кундуздаги каби услуб ва темпда ишлайдиган бўлсалар, уларнинг бешовини бирлаштирсак ҳам бўлаверади. Партия ўзининг аниқ дастури била ажралиб турмас экан, уни алоҳида молиялашда маъно йўқ, қўшимча харажат, холос. Партияларнинг фақатгина сайлов кампанияси доирасида фаоллашуви эса кейинги чақириқда кўпроқ мандатга эга бўлишдан ўзга нарса эмас, деб ўйлайман.

Халқ кўриб-билиб турибди, энди уларни баландпарвоз гаплар билан алдаб бўлмайди.

Бир партиянинг йиғилишида фикр билдириш сўралганда айтганим бор, бу йилги сайловларга, керак бўлса, сиз ғалаба қозонсангиз қабул қилинадиган қонунлар рўйхати билан чиқинг деб. Муаммолар етарли. Марҳамат, айтинг бизнинг партия ғалаба қозонса мана бу масалаларни ҳал қилиб ташлаймиз, деб. Кўпчилик охиригача ўқишга эринадиган катта дастур билан келасиз, халқ ҳам тезроқ сайлов ўтсин, майли шулар ҳам ҳаракат қилибди-ку, деб овоз бериб қўя қолади, деган умид билан юрасиз.

5 та партия ҳазилакам сиёсий кучми?! Бири тадбиркорларни, бири ўқитувчи-ю шифокорларни, бошқаси пенсионерларни, яна бири ҳуқуқи бузилганларни, кейингиси табиатни асраш бўйича ростакам ишласа борми, ҳақиқатан ҳуқуқий-демократик давлатга айланиб қоламиз. Лекин амалда-чи? Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги масаласи ижтимоий тармоқларни ларзага келтириб ётибди, ойлик маошларнинг ошиши билан нархларнинг ошиши орасида номутаносиблик, ҳуқуқи бузилган фуқаролар, кесилган дарахтлар...ҳурматли партиялар, сизнинг иштирокингиз кўринмаяпти.

Тўғри, халқ сифатида биз ҳам сиздан талаб қилишимиз керак. Биз ҳам бўшмиз, бирингиз таниш, кейингингиз қариндош, барибир фойдаси йўқ, деб сайловларга жиддий қарамайдиган бўлиб қолганмиз. Лекин сиз бундан фойдаланманг. Бизнинг сиёсий онгимизни ўстиринг, бизни фаол бўлишга мажбур қилинг. Бизни партияларга аъзо бўлишга қизиқтиринг. Биз ҳам билайлик, хурсанд бўлайлик, партияга аъзо бўлсак, катта ишларда фойдамиз тегаркан, мана бу қонунларни қабул қилинишида иштироким бор экан, мен фидойи инсон эканман, юрт тақдирига бефарқ эмас эканман, деб.

Ҳозирча эса ишонч йўқ, чунки аниқ таклифлар йўқ. Фақат катта-катта дастурлар...

Манба: "Тошкентдан гапирамиз" телеграм канали

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сайлов -2019: эртанги парламент халққа қандай наф келтиради?

321 14:40 16.11.2019

Номзодингиз соқов эмасми?! (Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат)

776 11:00 14.11.2019

Сиёсий партияларга сайловларда қатнашишига ижозат берилди: ҳар бир номзодга ўн миллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилади

189 15:20 15.10.2019

«Президентдан ташаббус чиқмагунча ишламайдиган парламентга кунимиз қолмасин»

984 10:07 09.10.2019

«Номзодликка номзодлар рўйхатини кўрамизми?»

987 09:18 04.10.2019

«Сизлар машҳур эмассиз, шунинг учун сабр қилинг»

7538 16:05 28.09.2019
« Орқага