XXXV боб
Олийжаноб, олийҳиммат кишиларнинг гўзал одатларидан бири аҳли оилалари, аёлларидан етувчи заҳмату озорларга нисбатан сабрли бўлишдир. Солиҳлар ҳаётидан бу мавзуда кўплаб ривоятлар келтирилган бўлиб, қуйида улардан намуна келтирамиз.
Шайх Аҳмад Руфоий қуддиса сирруҳунинг жанжалкаш хотинлари бўлиб, у кишига кўп озор берар, ёмон сўзларди. Бир мўминнинг тушида у зот қуддиса сирруҳунинг Аллоҳ рози бўладиган юксак даража соҳиби экани зоҳир бўлибди. Шу одам олимнинг уйига кириб, аёли у кишини тандирнинг косови билан елкаларига ураётганию бунинг асаридан олимнинг кўйлаклари қорайиб кетгани ҳамда шу ҳолда ҳам индамай жим турганининг гувоҳи бўлибди. Буни кўриб қаттиқ таъсирланган бояги дарвеш уйдан чиқиб, шайхнинг бошқа муридларини тўплаб, уларга мурожаат этибди:
“Эй жамоат, сизлар шайхимизнинг бу аёл қўлидан шунча озор чекаётганини кўриб турган ҳолингизда не учун индамайсизлар?!”
Муридлардан бири:
“Бу аёлнинг маҳр баҳоси беш юз тилла танга, шайх эса камбағал...” – деди.
Шунда ҳалиги киши беш юз динор тўплаб, бир чинни идишга солиб, шайхнинг олдиларига келтириб қўйди.
Шайх:
“Бу нима?” – деб сўрадилар.
“Бу Сизга одобсизларча шундай муомала қилаётган аёлингизнинг маҳри”, – деди у.
Шунда Шайх табассум қилиб:
“Агар мен унинг калтакларига ва сўзларига сабр этмаганимда эди, сен мени ўша тушингдаги Аллоҳ рози бўлган даражада кўрган бўлармидинг?” – дедилар.
Бир олийҳиммат киши хотини билан ажрашмоқчи бўлганида ундан:
“Сенга унинг нима зиёни тегяпти?” – деб сўрабдилар.
“Оқил киши ўз хотинининг айбини ошкор этмайди”, – деб жавоб берибди у.
Ажрашганидан сўнг яна сўрабдилар:
“Нима учун ажрашдинг?”
У айтибди:
“Энди бегона аёлнинг айбу камчилиги билан нима ишим бор?!”
Эй болаларим, азиз фарзандларим! Сизга насиҳатим шуки, аёлларингизга, хотинларингизга нисбатан чиройли, яхши муносабатда бўлинг! Уларга ўзингизнинг гўзал хулқингизни намоён этиб, улар билан ширин ва тотув умргузаронлик қилинг!
Одамлар бизга ўхшаган муридларнинг кичкина хатолари учун ҳам танқид қиладилар. Бизнинг аҳамиятсиз бўлган камчилик ва нуқсонимизни улар улкан санайдилар. Жуда эҳтиёт бўлинг, одамлар айблаши мумкин бўлган ҳар қандай гап-сўз ва кор-ҳолдан узоқ юринг!
Ёқимли бўлинг, жуфтингизни рози қилиб, аҳил-иттифоқликда яшанг. Биргаликдаги ҳаётингизни Аллоҳ яхшиликларга тўлдирсин!
Аёлларимиз билан бўлар-бўлмасга баҳслашиб, қўпол, ёмон сўзлар ишлатгудек бўлсак, шубҳасизки, бизга бўлган ҳурматлари камайиб боради. Кўпинча рўзғор ташвишлари билан банд бўлиб бизларга эътибор беришга уларнинг вақтлари етмаслиги мумкин. Шу сабабли сабр-матонат кўрсатинг, уларга нисбатан меҳр-мурувватли, кечиримли бўлинг. Уларнинг бизлар учун қилганлари етарлидир.
Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн! Вал оқибату лил муттақийн! Вассалоту вассалому ъала Расулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаийн.
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.