Аҳли китоб сўйган ҳайвонларнинг ҳукми (1-мақола)

11:20 17.05.2018 717

Яҳудий ва насронийлардан иборат аҳли китобларнинг сўйган ҳайвони ҳалол эканига уммат ижмоъ қилган. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги Сўзидир: “Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир” (“Моида сураси”, 5-оят). Оятдаги “таом”дан мурод аҳли илмнинг ижмосига кўра сўйган ҳайвонларидир.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир” тўғрисида Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид, Саид ибн Жубайр, Икрима, Ато, Ҳасан, Макҳул, Иброҳим Нахаий, Суддий ва Муқотил ибн Ҳайёнлар яъни, сўйган ҳайвонларидир, дейишган. Бу иш уламолар орасида ижмоъ қилинган бўлиб, уларнинг сўйган ҳайвонлари мусулмонларга ҳалолдир. Чунки улар ҳам Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган ҳайвоннинг ҳаром эканига эътиқод қилишади. Агар Аллоҳ таоло тўғрисида У муназзаҳ нарсаларга эътиқод қилишса, сўйган ҳайвонларига Аллоҳнинг исмидан бошқани зикр қилишмайди”. (Ибн Касир тафсири, 2/19).

Аҳли китобнинг ҳайвон сўйишида мусулмонларга шарт қилинган шоҳтомирни кесиш, ўткирланган асбоб ва Аллоҳнинг исмини зикр қилиш кабилар шарт этиладими? Айрим замондошларимиз, аҳли китоб қандай сўйган бўлмасин, унинг сўйган ҳайвони ҳалол бўлади, деб даъво қилишаётгани учун бу мавзуни чуқурроқ ўрганишимиз керак бўлади. Шунинг учун бу масалани икки жиҳатдан ўрганамиз: биринчиси, аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши учун, шоҳтомирни ўткир асбоб билан сўйиши каби машруъ услуб шарт қилинадими? Иккинчиси, сўйиш пайтида уларга Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмоқлари вожиб бўладими?

Биринчи масалага келсак. Жумҳур фуқаҳолар, китобийнинг сўйгани лозим бўлган томирларни ўткир асбоблар билан кесгандагина ҳалол бўлади, дейишган. Лекин айрим замондошларимиз қандай ўлдирган бўлмасин аҳли китобнинг сўйган ҳайвони ҳалол, деб ўйлашмоқда. Уларнинг фикрича бу ҳолат Аллоҳ таолонинг: “Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир”, оятининг умум ҳукмига дохил эмиш. Аммо бу фикр бир нечта далилларга кўра ботил бўлади. 1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Моида” сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар (ўлмай туриб ) сўйиб олсангиз, (ҳалол)”. Демак Аллоҳ бўғилиб ўлган ва уриб ўлдирилган ҳайвонни мутлақ ҳаром қилди. Ҳукм бўғилган ва уриб ўлдирилган барча ҳайвонни қамраб олади. Ким энди “Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалол қилинди”ни умумий шаклда далил қилса, китобийнинг бўғиб ё уриб ўлдиргани ҳалолга чиқади. Бинобарин китобий сўйган чўчқа ҳам ҳалолга айланади. Чунки у “Китоб берилганларнинг таоми” саналади. Агар чўчқа гўштининг ҳаромлиги тўғрисида бу оятни далил қилса, айни оят бўғиб ё уриб ўлдирилган ҳайвонларни ҳам ҳаром этмоқда. Битта оятдаги бу ҳукмларни ўртасини айиришга ҳеч қандай йўл йўқ. Агар “Китоб берилганларнинг таоми”дан бу оят чўчқани хослаб чиқариб ташлаётган бўлса, бўғиб ва уриб ўлдирилган ҳайвонларни ҳам баробар хослаши лозим. Балки авло йўл билан ҳам шундай бўлиши лозим. Чунки чўчқа уларнинг динида ҳалол, аммо бўғиб ё ўлдирилган ҳайвон асл динларига кўра ҳаром саналади. Демакки, динларида ҳалол таомлари бўлган чўчқа, аҳли китобнинг мусулмонларга ҳалол бўлган таомлари қаторидан чиқарилар экан, асл динларида ҳаром бўлган бўғиб ё уриб ўлдирилган ҳайвонларнинг гўшти авло йўсинда истисно қилиниши керак, яъни ҳаром бўлиши керак.

2. Усулул фиқҳ ва тил қоидаларига кўра, агар ҳукм иштиқоқ қилинган (бир ўзакдан олинган) исмга ворид бўлса, иштиқоқ моддаси ана шу ҳукмнинг иллати бўлади. Масалан, “уламоларни ҳурмат қилинг”, десак, ҳурматлаш ҳукми иштиқоқ қилинган исм – уламога ворид бўлган. Унинг иштиқоқ моддаси бўлмиш – илм, ҳурматлаш иллати бўлади. Бу тушунарли ва маъқул ҳолат. Агар “Моида” оятидаги ҳаромлик ҳукми бўғилган ва уриб ўлдирилган ҳайвонлар тўғрисида ворид бўлган бўлса, албатта бўғилиш ва калтакланиш ана шу ҳукмнинг иллати бўлади. Демак бу қачон бўғиш ёки калтаклаш топилса, ҳаромлик ҳукми собит бўлишига далолат қилади. Бунда бўғувчи ёки калтакловчи динининг таъсири ё аҳамияти йўқ. Бу ишларни қилувчи мусулмон бўладими ёки китобийми, ҳайвон бўғиш ёки калтаклаш натижасида ўлса, ҳаром бўлаверади.

3. “Китоб берилганларнинг таоми сизлар учун ҳалол қилинди”дан олинадиган бор-йўқ маъно – улар таом масаласида мусулмонлар билан тенгма-тенг ҳукмдадирлар, холос. Оят мусулмонларга ҳаром бўлган нарсалар, уларга ҳалол бўладиган даражада устунлик бермайди.

4. Ислом умматида мусаллам (ҳамма таслим ва рози бўлган) ҳукмлардан бири – куфрнинг ҳаммаси бир миллатдир. Бу усул аҳли китоблар ҳам сўйган ҳайвонларида бошқа кофирлардек бўлишларини тақозо қилади. Лекин ислом шариати сўйиш ва никоҳ масалаларида аҳли китобни бошқа ғайридинлардан фарқлади. Чунки уларнинг наздида сўйиш ва никоҳ ислом аҳкомларига ўхшашдир. Масалан, сўйиш масаласида улар ислом мусулмонларга фарз қилган шартларга айнан риоя қиладилар. Бу ҳукмлар гарчи кўпгина ўзгартиришларга учраганига қарамай, ҳозиргача уларнинг муқаддас китобларида мавжуд. Бунга уларнинг китобларидан кўплаб далиллар келтиришимиз мумкин. Бу далиллар бизнинг қўлимизда мавжуд. Фақат имкониятимиз уларнинг ҳам китобларидан далиллар келтиришни кўтармайди. (Хоҳлаган киши шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳусун фи қазоё фиқҳийя муосира” китобларининг 1-жилд, 407-410-бетларига мурожаат қилиши мумкин).

Бу ва булардан бошқа далиллардан келиб чиқадиган очиқ ҳақиқат шуки, аҳли китобнинг сўйган ҳайвони қачонки шоҳтомирни кесиш ва қонни оқизиш каби машруъ йўсинда бўлса, ҳалол саналади. Агар ҳайвонни бўғиб, ё уриб ва ёки бошқа номашруъ йўллар билан ўлдирсалар, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди.

Ўрганмоқчи бўлганимиз иккинчи масала бошқа мақола мавзуси.

Мубашшир Аҳмад

2-мақолани ўқиш

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!