Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: ғийбат қилиб қўйганда гуноҳини қандай ювмоқ керак?

1098

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Ким ғийбат қилиб қўйса, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, савобини ғийбат қилинганга бағишласин. Бу зарурдир. Солиҳлардан бирининг тушида Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги маънода насиҳат қилиб шундай деган эканлар:

“Ҳақиқатда, Қиёмат куни кишининг қилган ғийбати ва тиловатининг савоби Аллоҳ таоло ҳузурида ёнма-ён тургай. Шу боис биз ўқилган тиловатнинг савоби гапирилган ғийбатнинг зарарига, шоядки, каффорат бўлса, деб умид қиламиз”.

Доно киши ғийбат қилингани учун хафа бўлмайди. Ахир Аллоҳ ғийбат туфайли озор кўрган кимсанинг тенг ярим гуноҳларини кечиришини айтган-ку! Аммо ўзларининг яхшиликларини гапириб, тариқат аҳлини қоралайдиганлар билан муриднинг дўстлашиши дуруст эмас. Бу унинг шаънига ярашмайдиган ишдир. Солиҳлар бу тоифа одамларнинг ботин оламлари одатда хароб бўлишини айтиб ўтганлар. Диндош биродарининг йўқлигида унинг ғийбат қилинишига гувоҳ бўла туриб бунга бепарволик қилиш мумкин эмас. Аксинча, қоралаётган одамлардан уни ҳимоя қилиб, ёнини олмоқ зарур. Бундай ҳолатда ҳатто сукут сақлаш ҳам розилик аломати бўлиб, бу ўша ўз биродарини камситиш билан баробар бўлиб қолади. Ахир мусулмоннинг асосий бурчларидан бири диндош дўстини ғийбат ва намиймадан ҳимоя қилиш эмасми?

Яҳё ибн Муоз ар Розий қуддиса сирруҳу дейдиларки:

“Сенда мусулмонга фойдаси етадиган уч хусусият бўлсин: агар унга фойда келтиролмасанг, лоақал зарар берма; агар уни хурсанд қилолмасанг, лоақал ранжитма ва агар уни мақтай олмасанг, лоақал қоралама”.

Нақл қиладиларки, бир кун Иброҳим ибн Адҳам қаергадир меҳмондорчиликка борган эканлар, иттифоқо чақирилган меҳмонлардан кимдир вақтида етиб кела олмабди. Ҳозир бўлганлардан бири иккинчисидан:

– Фалончи нимага ҳанузгача етиб келолмади? – деб сўраган экан, шериги:

– Семиз одамнинг юриши қийинроқ бўлади, шунинг учун бўлса керак! – деб жавоб берибди.

Бу гапни эшитган Иброҳим ибн Адҳам қуд­диса сирруҳу дарҳол бу уйни тарк этиб, уч кунгача ҳеч нарса емабдилар. Орадан бир қанча вақт ўтганидан кейин шундай деган эканлар:

– Бир мўмин ғийбат қилинган жойда ҳеч чидаб ўтиролмайман.

Яна бир дафъа Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирруҳу уйларига меҳмон таклиф қилган эканлар. Овқатланиш бошланганида таклиф этил­ганлардан баъзилари кимнидир ғийбатлай бош­лашибди. Шунда Иброҳим Адҳам уларга қарата:

– Биздан илгари яшаганлар одатда аввал нон, сўнг гўшт ердилар. Сизлар эса, аксинча, аввал гўшт[1] еб, кейин нонга қарайсизлар, шекилли, – деб, бирга таомланишдан бош тортибдилар.

Барча солиҳларнинг эзгу одатларидан бири шу эдики, мабодо диндош бирдарларидан бир­лари ғийбат нишонига айланиб қолгудай бўлса, албатта, уни ҳимоя қилишар, иложи борича унинг шаънига ўзларининг оқлов сўзларини аямас эдилар. Аллоҳ ризосини излаганлар озгина бўлса-да бирон важу сабаб топиб биродарларининг шаънига айтилган таъна-маломатни қайтаришга ҳаракат қилганлар. Масалан, кимдир бирор-бир дин олими ё аҳли тариқат ҳақида, айтайлик:  “У ўзи қанақанги мағрур одам? Бирор бир маросимга қилинган таклифга эътибор бермаса, ҳатто одамларнинг тўйида ҳам қатнашишни ўзига муносиб кўрмаса!” деб маломат қилгудай бўлса, солиҳ кишилар дарҳол бу гапга ҳеч бўлмаганда:  “Бизнингча, у бу ишни ё ўз нафсини жазолаб, тарбиялаш учун қиляпти, ё ўта тортинчоқлиги сабабидан бўлса керак”, деб жавоб қайтарган бўлардилар. Аллоҳ саодатли қилган кимсалар бирор-бир номаъқул хатти-ҳаракат қилгувчи кимсани кўрсалар, одатда унга нисбатан ҳеч иккиланмай ўзларининг зоҳирий норозилик­ларини изҳор этадилар, шунинг баробарида, кўнгилларида унинг гуноҳи кечирилишини тилаб унга Аллоҳдан тавфиқу ҳидоят сўрайдилар.

Бахтсиз кимсалар эса бундай ҳолда кишининг қоқилиб-суринишидан қувониб, унинг муҳокамасига киришиб кетадилар ва бу билан дарҳол унинг шаънига доғ туширишга интиладилар.

Чин мўмин кишининг феъли шундай бўладики, у ўз биродарининг камчилигини бошқалардан пинҳон тутиш мақсадида панду насиҳатини ҳам иложи борича холи, якка ҳолатда қилади. Холис ўйлайдиган бўлсак, бундан бошқача йўл тутиш мумкин ҳам эмас-ку ахир!..


[1] Қуръонда ғийбат қилувчи ўз биродарининг, ўз оғасининг мурдасини еювчига ўхшатилади. Бу билан Аллоҳ бундай гуноҳнинг нақадар хунуклигини ва даҳ­шатини таъкидлайди. Иброҳим Адҳам қуддуса сирруҳу ҳам шунга ишорат этмоқдалар.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

291 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

433 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

662 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

461 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

313 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

723 13:07 07.08.2022
« Орқага