Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Хушхулқ пайдо бўлиши мисоллари

548

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Салафи солиҳлардан бизгача кўплаб ҳайратланарли – қизиқарли ҳикоялар етиб келган
. Эҳ­тимол, кимлар учундир бу ҳикоялар бор-йўғи шунчаки ижод ва хаёл мевасидай туюлар, аммо диёнат ва инсоф аҳли олдида булар бари чин ва самимий ҳаёт лавҳаларидир. Солиҳлар Аллоҳни таниганлари боис ўз хулқу атворларини гўзал суратда тарбиялашга муваффақ бўла олдилар. 

1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрат Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса уларни озод этардилар. Бу ҳақда кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар. 

2. Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳудан:

– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:

– Қайс ибн Осим Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.

Шунда ундан:

– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:

– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак нобуд бўлди. Бундан бояги чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:

– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!

3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:

– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.

4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:

– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айта қол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйиш­лари мумкинлигидан хавотирдаман.

5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор ўзлари туриб бориб сўрадилар:

– Чақирганимни эшитмадингми?..

Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:

– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Хизматкор:

– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим... – дея жавоб берди. 

Шунда ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:

– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.

6. Ҳикоя қилишадики, Маъруф Кархий қуддиса сирруҳу таҳорат олиш учун Дажла дарёси қирғоғида тўхтаб, Қуръон ва кийимларини бир тарафга қўйдилар. Шу пайт қандайдир бир аёл келиб Маъруф Кархий қуддиса сирруҳунинг либослари ва Қуръонини олиб жўнаб қолди. Шайх аёлнинг изидан етиб олиб айтдилар:

– Синглим, мен Маъруф бўламан, сизни ҳеч бир нарсада айбламоқчи эмасман. Фақат Қуръон ўқий оладиган фарзандингиз борми ё йўқми, шуни билмоқчи эдим, холос?

Аёл “йўқ” деб жавоб қайтаргач, Маъруф: 

– Балки Қуръон ўқувчи эрингиз бордир? – деб сўрадилар. Аёл яна “йўқ” деб рад жавоби бергач, Маъруф унга:

– Ундай бўлса, майли, уст-кийимларимни ўзингизда олиб қолинг-да, Қуръонни менга қайтариб беринг! – дедилар.

7. Бир гал Шайх Абу Абдураҳмон Суламий қуддиса сирруҳунинг уйини ўғрилар босиб, бор нарсасини олиб кетишди.

Нақл қилишларича, у зот қуддиса сирруҳу бир дўстларига шундай дебдилар:

– Бозорга бориб, ўғирланган яктагимга кўзим тушиб қолди. Шунда дарҳол ўзимни билмаганга солиб юзимни ўгириб олдим. 

8. Бир гал Молик ибн Динор қуддиса сирруҳунинг аёллари у кишига “Эй риёкор!” дея танбеҳ берибди. Шунда у киши: “Эй хотин, сен менга басраликлар билмайдиган хўб муносиб бир ном топдинг-да!”– дея кайфиятлари очилиб кетган экан.

9. Яҳё ибн Зиёд Ҳорисийда бир бадхулқ хизматкор бор экан. У зотдан: 

– Нега бундай ёмон қулни ушлаб турибсиз? – деб сўраганларида, у зот:

– Ўзимга ҳалим бўлишни таълим қилмоқдаман, – дея жавоб берибдилар.

10. Нақл этишларича, бир гал Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирруҳу чўлга чиққанларида бир аскарни учратиб қолдилар. Аскар сўради:

– Бу ернинг аҳолиси қани?

Иброҳим Адҳам қабристон томонга ишора қилдилар. Навкар бу одам менинг устимдан 

куляпти деган ўйга бориб, у кишининг бошларига уриб жароҳатлади. У киши кетганларидан кейин эса навкарга бу зотнинг хуросонлик машҳур сўфий Иброҳим Адҳам эканликларини айтишди. Навкар ортларидан бориб, кечирим сўрай бошлади. Бунга жавобан Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу шундай дедилар:

– Сен мени урганингда Аллоҳдан сенга жаннат ато этишини сўрадим.

Навкар бундай хайрли дуонинг сабабини сўради ва Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:

– Шуни билдимки, сен мени урганинг учун Аллоҳ менга ажру мукофот беради. Сен туфайли яхшилик топганим сабабли мен туфайли ёмонлик кўришингни истамадим.

11. Ҳикоя қиладиларки, қандайдир киши Шайх Абу Усмон Ҳирий қуддиса сирруҳуни меҳмонга таклиф этди ва Шайх дарвозага яқинлашганларида уй эгасининг шундай деганини эшитдилар:

– Ё Шайх, ҳозир менинг уйимга киришнинг вақти эмас, қилган таклифимдан афсусдаман, кетсанг маъқулроқ!..

Абу Усмон қуддиса сирруҳу қайтиб кетдилар ва ҳовлиларига етдим деганларида кетларидан ҳалиги кишининг овозини эшитдилар:

– Ё Шайх, айтганларимдан афсусдаман, кечиргин, қайтадан меникига ташриф буюрсанг яхши бўларди... 

Шунда тақводор зот уникига яна боришларини айтдилар. Иккинчи марта борганларида ҳам уй эгаси аввалгидай муомала қилди. Худди шу ҳол учинчи, тўртинчи бор ҳам такрорланди. Шайх эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай бориб, эшик олдидан яна қайтардилар. Ниҳоят, ҳалиги киши:

– Ё Шайх, мен сизни синаб кўрмоқчи эдим, холос, – дея узр сўраб, у кишини мақтай бошлади, шунда Абу Усмон Ҳирий қуддиса сирруҳу дедилар:

– Мени итларда ҳам бўлиши мумкин бўлган сифат билан мақташингга не ҳожат, ахир улар 

ҳам чақирсанг келадилар, ҳайдасанг кетадилар-ку?!

12. Кунларнинг бирида Абу Усмон қуддиса сирруҳу туш жазирамасида тик кўча бўйлаб кетиб борардилар. Иттифоқо бир уйнинг томидан Шайх устига бир тоғора кул сепиб юборилди. Буни кўрган ҳамроҳлари аччиқланиб, ўша томда турган кишини сўка кетдилар. Шунда Абу Усмон ҳамроҳларини: “Майли, энди... уни ўз ҳолига қўйинглар, ахир аслида дўзах ўтида куйиши лозим бўлган кимсанинг бошига шунчаки кул сепган бўлса нима қилибди?..” – дея жаҳлдан туширдилар.

13. Нақл этишларича, кунларнинг бирида Жаъфар ибн Ҳанзалат қуддиса сирруҳунинг уйларига бир мурид меҳмон бўлиб келибди. Мезбон унинг хизматини бажонидил бажарибдилар. Шунда бояги мурид у кишига қараб: “Ажойиб одамсан-у... қани энди яҳудий бўлмаганингда эди...” – деб қўйибди. Жаъфар қуддиса сирруҳу эса муридга қарата:

– Менинг эътиқодим сенга хизмат қилишимга ҳеч бир зиён еткизмайди, ундан кўра Аллоҳдан ўз нафсингга шифо ва мен учун эса ҳидоят сўраганингда эди, яхшироқ бўларди!.. – деб жавоб қайтарибдилар.

14. Нақл этишларича, тикувчи Абдуллоҳ Ҳайёт қуддиса сирруҳунинг бир мажусий мижозлари бўлиб, тез-тез мурожаат этаркан. Абдуллоҳ қуддиса сирруҳу унга кийимлар тикиб берар ва у эса ҳаққини сохта дирҳамлар билан тўлаб келаркан. Бир гал яна у сохта дирҳамлари билан буюртмасини олгани келса, Абдуллоҳ қандайдир бир юмуш билан дўкондан чиқиб кетган эканлар. Ўринларида турган шогирд сохта пулларни олишдан бош тортганлиги сабаб мижоз ҳақни қалбаки бўлмаган пулда тўлашга мажбур бўлди. Абдуллоҳ Хайёт қуддиса сирруҳу қайтгач, шогирдидан:

– Мажусийнинг кўйлаги қани? – деб сўраган эдилар, шогирд бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.

Шунда Абдуллоҳ Хайёт қуддиса сирруҳу дедилар:

– Яхши иш қилмабсан. Бу одам кўп вақтдан бери ҳақни ўша сохта дирҳамларда тўлаб юрса ҳам мен сабр қилиб келардим. Сабаби, мендан бошқани ҳам алдаб қўймаслиги учун эди, олиб қудуққа ташлаб юборардим.

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Абу Ҳомид Ғаззолий: Ғаззолий яшаган даврга бир назар

16 13:55 02.07.2022

Туркия “Америка овози”ни ўчириб қўйди

187 13:40 02.07.2022

Эронда зилзила содир бўлди

91 13:20 02.07.2022

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

256 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

826 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

83 12:20 02.07.2022
« Орқага