Аҳволимиз ўзингизга аён...

09:00 07.02.2019 920

Маълумки, аксар давлатлар қонунларига кўра, амалдорлар бизнес билан шуғулланишлари мумкин эмас. Шунинг учун уларнинг хотини, фарзанди ёки жияни компаниялар очади. Бирор иш учун тендер ўтказилса, улар ютади. Соғлом рақобат йўқ қилинади, монополия ташкил қилинади. Амалдор курсисидан кетгунича етти авлодига етадиган бойлик тўплаб олади.

Шунинг учун қайси давлатни қараманг, давлат раҳбарларининг фарзандлари, жиянлари ва бошқа қариндошлари шахсий бизнесига эга бўлади.

Бу аҳвол бизга Ислом тарихидаги бир воқеани эслатади.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халқнинг аҳволини билиш учун бозорга бордилар. Қарасалар, бир туя бошқаларидан семизроқ экан.

– Бу кимнинг туяси? – деб сўрадилар.
– Ўғлингиз Абдуллоҳники, – дейишди.

Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ дарғазаб бўлиб:
– Тез олдимга келсин! – дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар оталарининг олдига шошилинч етиб келди.
– Бу сенинг туянгми?
– Ҳа, ота. Мен уни ўз пулимга харид қилдим. Боқаман, сал катта бўлгач, бошқалар каби сотаман.
– Одамлар туянгни кўрганда мўминлар амири (амирул мўминин) ўғлининг туясига сув беринглар, мўминлар амири ўғлининг туясига ем беринг, дейишади. Оқибатда туянг ҳамманикидан семиз, фойданг ҳамманикидан кўпроқ! Шундай эмасми?!
– Балки, отажон – ҳаё билан жавоб берди Абдуллоҳ.

Умар розияллоҳу анҳу ҳукм қилдилар:
– Туянгни сот, бу ишингга қанча пул тиккан бўлсанг, ўшани олиб қол, фойданинг барчасини мусулмонлар байтул молига қўйиб қўй!

Энди Умарлар йўқ. Энди Умарларга муносиб уммат ҳам йўқ. Энди сизу биз бормиз, холос. Аҳволимиз ўзингизга аён...

Аллоҳ бизларга нажот берсин!

Маҳмуд УСМОН

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!