Ажрашиш ва фарзандларга эътибор

09:00 03.06.2019 511

Готландга (Швециядаги бир орол) борганимизда Бону бир турк аёли билан танишиб қолганди. Шу аёл кеча бизникига меҳмон бўлиб келди ва бугун Туркияга учиб кетяпти. Ўта замонавий. Кийинишлари шведларникидан фарқ қилмайди.

Шу аёл уч боласи билан эридан ажрашган экан. Учаласи ҳам ўғил. 6-8 ёшлар.

Эътиборимни тортган ва мени қойил қолдирган жойи шундаки, болаларни эр-хотин биргаликда тарбия қилишар экан.

Аёл ҳикоя қиляпти: “Бир куни тўйиб кетиб, ажрашган эримга телефон қилиб, болаларингни олиб кет, ўзинг тарбияла, дедим. У бир зумда келиб, болаларни олиб кетди. Уч кун ҳам ўтмасдан, болаларимдан ширин-ширин смслар ола бошладим. Онажон, сен дунёдаги энг яхши онасан. Онажон, бизни кечир. Онажон, сени жуда-жуда яхши кўрамиз. Онажон, сени жуда соғиндик...

Эрим билан орамиздаги муаммоларимизга болаларни аралаштирмаймиз, уларни бахтсиз қилишга ҳаққимиз йўқ, деб келишиб олганмиз. Мен болаларимга, сенинг отанг дунёдаги энг яхши ота, дейман. Эрим ҳам, сенинг онанг дунёдаги энг яхши она, дейди. Қўлимиздан келганча болаларни бағри бутун қилиб ўстиришга ҳаракат қиламиз“.

- Туркияда бирон жомеъга бериб, болаларимга динини ўргатаман, - дейди аёл.

- Болаларинг динини ўрганишса, сени бу аҳволда юришингга қўйишмайди, - дейди Бону ҳазил аралаш унинг кийинишига ишора қилиб.

- Майли, розиман, мен ҳам мусулмонман, - дея жавоб беради аёл...

Бизда-чи? Туппа-тузук муслима аёллар эри билан ажрашса, болани кўрсатмасдан сарсон қилади. Шаҳарнинг казо-казоларини ўртага қўйиб ҳам ўз боласини кўролмаганлар бор. Ўртага тушганларга, бола икки хил бўлиб қоляпти, тарбиясига салбий таъсир қиляпти, шунинг учун кўрсата олмаймиз, дея важ-карсонлар кўрсатишади. Кейин эса отани боланинг онгига энг разил, энг худбин, энг пасткаш одам қилиб, бола билан иши бўлмайдиган, боладан хабар олмайдиган номард қилиб сингдиришга уринишади. Ўзларини мазлум кўрсатиб, отани бешафқат золим қилиб тасвирлашади. Эрдан қасос олиш учун болага зулм қилиш ҳоллари ҳам учраб туради. Шу билан бола кемтик, бахтсиз бўлиб ўсади.

Биз боланинг устидаги онанинг ҳақи ҳақида, онани ҳурмат қилиш ҳақида кўп гапирамиз. Онанинг устидаги боланинг ҳақи ҳақида эса деярли гапирмаймиз. Ҳолбуки, болани бағри бутун қилиб ўстириш, энг яхши отаси, энг яхши аммаси, энг яхши холаси, энг яхши акаси, энг яхши опаси борлигини, ҳамманинг эътиборида, ардоғида катта бўлаётганини ҳис қилиб яшашини таъминлаш онанинг вазифасидир.

Муқим МАҲМУД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!