Таҳлил

Akfa университети тимсолида яна бир монополистга эга бўляпмизми?

1748

Ўзбекистон республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси сайтида “Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори муҳокамага қўйилди.

Қарорга кўра, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб беришни таъминланиши белгиланган.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги 130-сон қарорида университетга белгиланган шартлар ҳамда имтиёзлар ушбу қарор кучга киргандан бошлаб 3 йил муддатга тўлиқ қўллананиши кўзда тутилган.

Яқинда бўлиб ўтган “Муносабат” кўрсатувида қатнашган иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова ушбу масалага алоҳида тўхталиб, у ердаги бир қатор ҳолатларга эътибор қаратди.

“Янги қабул қилинган Солиқ кодексига кўра индивидуал кўринишда имтиёзлар берилиши қатъий тақиқланди. Бундан ташқари яқинда Индивидуал тарздаги имтиёзларни бекор қилиш ҳақидаги президент фармони чиқди. 

Akfa унивеситетида давлат ҳиссадорлиги йўқ. У МЧЖ ҳисобланади. Пул тикиб, пул ишлашга қаратилган лойиҳа. Унинг қайси давлатдаги ОТМлар билан ҳамкорлик қилишининг қизиғи йўқ.

Буларга шунчалик имтиёз берилибди, ҳеч бўлмаса қарор давомида “300-400 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари текинга ўқитилади” дейдиган қисми бормикан десам, бунақа жойи йўқ.

Мана шу қарорнинг ўзида Рақобат тўғрисидаги, Солиқ кодекси, Монополияга қарши курашиш тўғрисидаги Ердан фойдаланиш тўғрисидаги бир неча қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари очиқ кўзга ташланиб турибди.

Агар ҳозир биз бу нарсага эътиборсиз бўлсак, яна бир йирик монополистни янада йириклашиб бойишига ҳисса қўшган бўламиз”, деди Барногул Санақулова.

Шунингдек қарор муҳокамаси остида бир қатор фикрлар ҳам билдирилган бўлиб, уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

BAKIROV OTABEK ORIFOVICH: “Нега хусусий мақомдаги университетга “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб берилиши керак? Давлат университети эмас, жамоатчилик университети эмас. Хизматлари ва ўқиш пуллик.

Моҳиятига кўра Қибрайдаги энг қиммат жойдаги участкаларни эгаллаб олиш учун тузилган лойиҳа бу.

Университет учун янги ўқув корпуслари учун ер майдони керак экан, қолганлар сингари сотиб олсин. Бозор баҳосида. Очиқ савдода.

Яна “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖга қарашли мулкларни бузиш, дарахт кўчатларини Тошкент шаҳрига экиш учун кўчириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига юклашдан уялмайсизларми? 30 гектар ер Артикходжаев манфаатларидаги компанияга текин, мулк бузиш ва дарахтларни кўчириш солиқ тўловчилар ҳисобидан”.

Olmosbek Mallabaev: “Абсурд қарор лойиҳаси. Ҳукумат лоббистлар қўлида бир инструмент бўлиб қолгани жуда хам ачинарли холат. Артиқходжаев ва унинг корхоналарига ноль қийматдаги барча мулклар бепул бериб юборилди, барча лойиҳалар тендерсиз берилмоқда, барча имтиёзлар фақат уларга берилмокда, барча харажатлар эса биз солиқ тўловчилар хисобидан қопланмокда. Бу қарор лойиҳаси ҳам халққа қарши қарор деб биламан. Давлатга ҳеч қандай алоқаси йўқ, миллиардлаб пул тўлаш қобилиятига эга монополистларга давлат ерларининг текинга беришига қаршиман.

Адлия вазирлиги, монополияга қарши кураш қўмитаси ва барча блогерлардан мазкур ҳалққа қарши қарор лойиҳасини адолатли таҳлил қилинишини ва давлат мулкини ҳимоя қилишни сўраб қоламан”.

Энди мазкур масаланинг шаръий қисмига эътибор берсак. Гарчи, “истеъмолчи ҳуқуқи” деган истилоҳ айни шаклда йигирманчи асрдан бери пайдо бўлиб қолган бўлса-да, аслида фиқҳнинг муомалот бобида истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳимояси амалий тарзда ўз ифодасини топган. Унинг ҳуқуқларини бузадиган қатор савдо турлари тақиқланган. Мазкур савдо турларидан бири фиқҳий манбаларда “ал-Иҳтикор” деб юритилади. Иҳтикор бу замонамиздаги монополия сўзига муқобил сўздир. Бироқ, иқтисодий назариядаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “монополия”нинг таърифлари орасида ўзига хос тафовут ва фарқлар мавжуд. Бу табиий ҳамдир. Зеро, фақиҳлар “иҳтикор”га ўз замоналарида ҳукмрон бўлган яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўша пайтларда одамлар энг кўп эҳтиёжи тушадиган маҳсулотлар доирасида таъриф берганлар. Шунингдек, унинг шаръий ҳукми борасидаги сўзларини ҳам асосан диний манбаларга таяниб гапирганлар. Шу боис, замонавий иқтисоддаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “иҳтикор” бир-бирига ҳар жиҳатдан мувофиқ келмаслиги мумкин. Балки, уларнинг ўзаро кесишадиган нуқталари бўлганидек, ажраладиган нуқталари ҳам мавжуд. Аммо, шуниси аниқки, монополия қайси кўринишда бўлмасин иқтисод учун зарарли бўлган амалиётдир. Монополия туфайли истеъмолчи ҳуқуқлари бузилади, жамият ҳаётига зарар етказилади.

Азҳар университети тадқиқотчиси доктор Аҳмад Арафа ўзининг “Аҳкам ал-иҳтикар фил фиқҳ ал-исломий” (Ислом фиқҳида монополияга тааллуқли масалалар) номли китобида қайд этишича, “иҳтикор” сўзининг шаръий ва истилоҳий маъноси унинг луғавий мазмунидан катта фарқ қилмайди.

Фуқаҳолар бу сўзни ўхшаш лафзлар ва бир-бирига яқин маънолар билан таърифлаганлар. Жумладан, ҳанафий мазҳаби уламоларидан Ҳаскафий “ад-дурр ал-мунтақо”нинг шарҳида шундай дейди: “иҳтикор сўзи шаръан озуқа ва шунга ўхшаш нарсаларни (кўплаб миқдорда) сотиб олиб, уни то нархлар қимматлашгунга қадар (камида) қирқ кун давомида (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, мусулмонларга қирқ кун давомида иҳтикор қилса, Аллоҳ уни мохов касали ва касод бўлиш балосига дучор этади”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Aкфа университети очилармиш» ёхуд одамлар нима хоҳлайди ўзи?

5108 12:00 17.02.2019
« Орқага