Илм

Акром МАЛИК: “ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР...” (Учинчи қисм)

636

("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)

(давоми, боши мана бу ерда)

Учинчи боб

АВВАЛҒИ МУНОЖОТ: ЙЎҚЛИКНИНГ ТУГАШИ, БОРЛИҚНИНГ БОШЛАНИШИ

Боқийлик йўлагидаги йўловчи эканлигини билиши инсонни оламлар Роббисига яқинлаштириб, Унга таслим этади. Исён ва гумон исканжасида юрган кишилар Худонинг бор ёки йўқлигини муҳокама қилишдан нарига ўта олишмайди. Улар Аллоҳнинг Каломини ҳужжат деб билмаганлари учун ўтмишда кўплаб алломалар  Ақлни ишлатиб, оламнинг Яратувчиси борлигини билишга даъват этганлар. Абу Наср ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби зотлар ана шу йўлнинг эгалари эдилар. Абу Ҳомид Ғаззолий ақл билан Худони топиш ва таниш масаласида катта тадқиқотларни амалга оширди. Улар каби юзлаб олимлар Мусулмон Шарқида гоҳ файласуф, гоҳ мутакаллим деб аталди. Уларнинг аксари Иймонда тақлидга эмас, кашфга чақирдилар. Ақл Худонинг борлигини тан олгач, Унинг Каломи ва Пайғамбари қошида бутун вужуд таслим бўлиши керак. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг битикларида ана шу нарса сезилади. У киши Иймон масаласида Ақлнинг далилига ҳам, Нақлнинг (Қуръон ва Ҳадис)нинг далилига ҳам суянган Абу Мансур ал-Мотуридийнинг усулига таянгани ҳам сезилади.

Абадийлик ва Азалийлик ўртасида инсон Ўз Яратувчисини таниши асносида Унга муҳаббат ила таслим бўлиб, талпинади. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ наздида, Аллоҳ, шубҳасиз, Бирдир, Унинг шериги бўлиши мутлақо мумкин эмас. Коинот яратилмаган бир фурсат эди. Ҳеч нарса мавжуд эмас эди. Фақат Аллоҳ бор эди. Оламнинг жавҳари денгиздек мавж урмаган ва мумкинот ўзини намоён этмаган эди. Оламлар Роббиси Ўзини кўрсатишни истади. У Ўзининг бор қудрати ва жалолиятини акс эттирмоқ учун тўққиз қават фалакни унда ҳамма нарсалар ила бунёд этди. Аллоҳнинг ҳусни жилва этса, унинг ҳадди йўқдир, чегараси ва қиёси йўқдир. Шу боис, беадад кўзгулар керак бўлдики, бу кўзгулар Худонинг исму сифатларини ўзида кўрсатади. Оламдаги ҳамма нарса - тўққиз қават само, юлдузу сайёралар, ҳар бир зарра Аллоҳ жамолининг кўзгусидир. Бу кўзгудаги жамол унинг Ортидагига чорлайди. Бу кўзгу ақлни нақадар ожиз этмасин, у Аллоҳни англай олмайди, тўкис акс эттира олмайди. Бу яратиқлардан мурод - Инсон эди. Чунки Инсон ана шу кўзгу Эгасини таний олади. Алишер Навоий наздида, Аллоҳнинг сиррига, ҳикматига маҳрам бўлмаган киши одам эмас. У Роббисидан одамийликни ўтинади. Бандалигини тан олиб, таслимият келтиради ва ёлвориш, илтижо ила "Нимани хоҳласанг, мени шундай қил!" - дейди. Бу билан Аллоҳнинг қадари қошида инсон ўзини буткул таслим қилиши лозимлигини айтади. Зотан, ана шу нарса муҳаббатнинг биринчи талабидир. 

Тўртинчи боб

ИККИНЧИ МУНОЖОТ: ОЛАМНИНГ БОРИДАН АЛЛОҲГА БИР ФОЙДА, ЙЎҒИДАН БИР ЗАРАР ЕТМАС

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ коинотни Ўзи учун бир миръот - кўзгу ўлароқ яратди, деб ҳисобласа-да, оламнинг борлигидан Аллоҳга заррача манфаат етмаслигини тушунтирган. 
Оламда ҳеч нарса йўқ эди, оламнинг ўзи йўқ эди, вужудни ҳам Аллоҳ вужудга келтирди. Аллоҳ неки мавжуд бўлса, унинг якка Эгаси, ягона Яратувчисидир. Сажда қилгувчи фақат Унга сажда этади, ибодат қилгувчи фақат Унга ибодат қилади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Буюк Яратувчи оламни шундай яратдики, ақлини ишлатган ҳамма одам бу масалада қусурини тан олди: шубҳасиз, бу мукаммал оламнинг Эгаси бор. Бутун оламни ҳаракатга солиб турган Ҳадсиз Куч, чегарасиз Қудрат мавжуд. Бу нарсаларни йўқдан бор қилиш Аллоҳ учун шу қадар осонки, биргина "Бўл!" дейиши билан ҳаммаси бўлади. Яратишда бирор машаққат сезмаган Аллоҳ бу оламни бошқаришда ҳам сира қийналмайди. Оламни яратишдан олдин қандай мукаммал бўлса, Аллоҳ оламни яратиб ҳам шундай мукаммал. У бу яратиқлари сабабли бойиб қолгани йўқ, бу яратиқлари билан бирор янги сифатни ўзига қўшиб олмади.

Шунинг учун, Аллоҳ бутун коинотни илгари бор бўлмагандек йўқ қилиб ҳам юборадики, бундан заррадай бўлса-да, зиён кўрмайди. Аллоҳ амр қилса, бас, юлдузлар тўкилади, сайёралар йўлдан адашади, денгизлар қайнайди, мазлумларнинг оҳи каби шамол Еру кўкни паришон қилади, олов сувда сузади, тоғлар "Алфироқ" дегандек, фарёд уради, ҳамма нарса бир зумда завол топади, фақат яна аввалгидек Тангри таоло қолади, Еру фалакнинг бору йўғи, жами махлуқотнинг яширину изҳоридан Унинг азаматига на фойда, жабаратуга на зиён етмайди.  Бу ҳодисани замоннинг охири деб атайдилар. Бу бўлиши аниқ ҳақиқатдир.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бу кунга етса ҳам, етмаса ҳам, Роббисидан биргина нарса сўрайди: Иймон ила жон беришни, қалбида Аллоҳдан бўлак нарса бўлмаслигини истайди.

Шундай. Буюк мутафаккир фикрати Ўз Яратувчисининг қудратини идрок этиб, Унга тиз чўкаркан, Ернинг тортиш кучидан ўзиб кетади, коинотдан ташқарига чиқиб, Роббиси қошида сажда қилади.

Бу Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақоми, даражаси ва дунёсининг айни ўзидир.

Тўртинчи боб тугади
(давоми бор)

Акром МАЛИК, 
навоийшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Акром Малик:  "ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР..." (ўн иккинчи қисм)

217 00:23 16.07.2020

Акром МАЛИК: ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР (ўн биринчи қисм)

459 19:51 10.07.2020

Акром МАЛИК: “Қалбнинг ичидаги нур...” (тўртинчи қисм)

475 21:00 30.06.2020

Акром Малик: "ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР..." (2-қисм)

906 22:05 27.06.2020

Акром МАЛИК: “ҚАЛБНИНГ ИЧИДАГИ НУР...”

1218 21:30 26.06.2020
« Орқага