Таҳлил

Акром Малик: «Ўз юртимда ўзга давлат вакилларининг «амалий кўмаги» остида озодликка чиққанимдан кўра Аллоҳим менинг жонимни олсин!»

3679

Мазлумнинг оҳига етган ва золимнинг додини берган, қудратлиман деган жамики такаббурларни ер билан яксон қилиб, таналарини қаро тупроқ чангалида чиритиб, қумурсқаларга ем қилишга қодир бўлган Улуғ Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган барча махлуқот адади ва ундан ҳам кўпроқ ҳамдлар бўлсин!

Мазлумларнинг паноҳи ўлароқ Ер юзига пайғамбар бўлиб келган ва золимларнинг пайини қирқиб, Илоҳий адолатни ўрнатган Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд ва саловатларимиз бўлсин!

Қамоқда мени ноҳақ ўтирибди деб ишонган самимий инсонлар кўпдан кўп дуо қилаётганларининг хабари келиб туради. Алҳамдулиллаҳ. Роббим мени ёлғизлатиб қўймади деган таскин бу.

Гоҳида хайрихоҳ кишилар манзил-колония раҳбари номига ариза ёзиб мени йўқлашади ҳам. “Кўчада нима гап?” – дейман. У ёқ, бу ёқдан гап бўлади. Аксари шоиртабиатлар. Адабиёт ҳақидаги, Алишер Навоий ҳақидаги суҳбатга иштиёқманд. Баъзиларининг нигоҳларида ҳадик сезилади. Мен бу ҳадикни кетказишга интиламан, табиий. 

Роббим мазлумларга ғамхўр ва қайғудош бўлаётганларнинг ажру-савобини кўпайтириб берсин, омин!

Қамоқ – инсонларга эҳтиёжманд бўлмаслик сабоғидир. Эҳтиёжсизликни Алишер Навоий “истиғно” деб атаган. “Ғаний”, яъни бой деган сўзга ўзакдош ушбу калима “Лисонут тайр” достонидаги етти водийлардан бирининг номи – суфий инсон камолотидаги бир босқич. Қамоқ: “Инсонларга асло эҳтиёжманд бўлма, булардан фойда йўқ, ҳар кимнинг қабри бўлак, номаи аъмоли бўлак; одамларнинг ҳеч бирига нажот кўзларини тикма; уларга марҳамат қанотларини ёз, лекин ҳеч кимнинг қаноти остига кирма!” – дейди. Бу ўгитларнинг намойишини ҳар дақиқа кўриб турганингдан кейин инкор қилиб бўлармиди?! “Субҳаналлоҳ” – дейсан ва шу ўгитлар асосида яшашни бошлайсан.

Куни кеча олдимга келган танишлардан бири астойдил куйинди. Менинг озод бўлишимни жуда ҳам хоҳлаётган эди у. Агар қўлида бўлса, шу ондаёқ қўйиб юборишини тушундим. Яхши маслаҳатлар берди. “Ҳалим бўлинг, конфликт қилманг”, – деган мазмунда насиҳат қилди. Жуда тўғри гапнни айтди. Конфликт қилиб бировнинг наф топганини қамоқда кўрганим йўқ. 

Шу инсон: “Ўз ҳақингизда қисқача маълумот ёзиб, халқаро ташкилотлардан ва демократия гуллаган давлат элчисидан амалий кўмак сўранг”, – қабилида жиддий таъкидлаб айтди. 

Қамоқ ҳалимликни хўп ўргатгани учун мен: “Қандай бўларкин, ўзимизникиларнинг энсаси қотиради-ёв”, – дегандай жуда ҳам юмшоқ, дорихона пахтасига ўхшаш бир эътирозни билдирдим.

Мазкур дўстона маслаҳатни берган ҳурматли инсон кетгач, ёлғиз қолганимдан кейин миям ишлаб, феноменим ҳаракатга келди, яъни ҳаёт ҳақидаги мушоҳадам бу таклифга зудлик билан аниқ муносабатини эълон қилди.

Мен ҳеч қачон бирор халқаро ташкилотдан ёрдам сўрамадим, бундай ёрдам сўраш хаёли менда бўлмади ва мутлақо ёрдам сўрамайман ҳам, иншаа Аллоҳ.

Мен ҳеч қачон бирор бегона давлатнинг элчиси ёхуд чиновниксимонларидан кўмак тиланиш ҳақида хаёл сурмаганман ва бундай қилмайман ҳам, иншаа Аллоҳ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мурожаат қилиб, мени озодликка чиқаринг деб айтдим ва жоиз бўлса, яна айтаман. Чунки бу инсон юртимнинг тепасида турган Раҳбар. Давлат мустақиллигининг Ҳимоячиси. Халқнинг арзу-додини тинглаб, мазлум жароҳатига адолат марҳамини қўйиши мумкин бўлган Шахс. Лекин зинҳор-базинҳор мени озодликка чиқаринг деб Европа ёхуд Америкага эланмайман ва шу ишни қилиб икки дунёда шарманда бўлишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи мени асрасин, омин!

Халқимизни бегоналарга қул эмаслиги, ўлкамизга босқинчиларнинг ҳаром қадамлари етмаётганининг бугунги кундаги сабаби – Ўзбекистон Давлатининг Мустақиллигидир. Роббим бу мустақилликка хоинлик ўлароқ ғайримиллатлар – на қони, на дини, на тили, на дили уйқашмаганлар оёғи остида хор бўлишдан ҳаммамизни асрасин, омин!

Бизда ҳаммаси идеал эмас, албатта. Камчиликлар етарли. Бунга илгари ҳам ақлимиз етарди, ҳозир ҳам етяпти. Ҳозир, нафақат, ақлимиз етяпти, балки буни баралла айтишга, ҳатто, ислоҳ қилишга жасорат ҳам топяпмиз, Алҳамдулиллаҳ.

Аммо бу камчиликларни бегона юртнинг одами келиб ҳал қилишига ёхуд бизга бошқа бир ёт давлат ғамхўрлик қилишига ҳеч қачон ишонмайман! Ўз юртимда ўзга давлат вакилларининг “амалий кўмаги” остида озодликка чиққанимдан кўра Аллоҳим менинг жонимни олсин! 

Аксинча, Роббим ўзимизга диёнат берсин! Ўзимизга жасорат берсин! Иймонимизни мустаҳкам қилсин! Ораларимизни иймоний дўстлик ила мустаҳкам айласин! Бир-биримизга ола қараб, ётлар кўз ўнгида ортиқ шармисор бўлишдан Роббимнинг Ўзи сақласин ва муносибларнинг ҳаммасига бир гўзал Ҳуррият шарафини ато этсин, омин!

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Ҳурмат билан Акром Малик, Тошкент вилоят, Оҳангарон туман, 48-сонли манзил-колония маҳкуми 

2019 йил, 20 октабр

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рўмол ҳақида «эски ва янги гаплар...»

1377 07:20 15.11.2019

Номзодингиз соқов эмасми?! (Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат)

584 11:00 14.11.2019

«Жоҳилиятга қайтишдан қўрқдим...» ёхуд «Дунё бир гап бӯлар, охиратни асранг!»

636 08:00 14.11.2019

Пайғамбарникига ўхшаган икки рўзғор ёхуд «Буханка»нинг нархини аниқ биламан!»

1725 19:10 13.11.2019

Ўзбекистон ҳудудидан топилган қадимий Қуръон китоби реставрация қилинмоқда

472 09:29 13.11.2019

«Йўловчи»нинг мақсади илм, яъни нур улашиш...»

1115 14:00 12.11.2019
« Орқага