Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аксарият мигрантларимиз ўз ҳуқуқини билмайди - эксперт

460

AzonTV илмий маърифий онлайн телеканалида узатилган “Фикрат” таҳлилий дастурининг навбатдаги сонида хорижда меҳнат муҳожирлигида юрган юртдошларимиз дуч келаётган муаммолар таҳлил этилди. Унда миграцион юрист, “Migrant.mobi” каналининг раҳбари Ботиржон Шермуҳамммад томошабинларнинг саволларига жавоб берди. 

Жумладан, кузатувчилардан бири Россияда юрган ўзбек мигрантлари полицияга осон “ем бўлиши”, охирги пайтларда қамалаётган ўзбеклар сони кўпайгани ҳақида гапириб, бунинг сабаблари ҳақида сўради.

- Россияда хорижликларга нисбатан муносабат, хусусан куч ишлатар тизимларнинг муносабати албатта холис эмас, деди Ботиржон Шермуҳаммад. – Лекин уларни тийиб турадиган қонунлар бор ва уларнинг имкониятларидан тўла фойдаланиш керак. 

Ўзимиз гувоҳ бўлган воқеаларни мисол келтирадиган бўлсам, бир юртдошимизни ўғирлик жиноятида гумон қилиб полиция бўлимига олиб боришган. Икки кундан кейин унинг қариндошлари адвокат ёллаб боришган. Биз ҳам қўшилиб бордик. Бориб баённома ва кўрсатмалар билан танишсак, қилмаган ишларини қилдим, деб кўрсатма бериб, имзо қўйиб берган экан. Энг қизиғи, гумонланувчи рус тилини яхши билмайди. Россия Федерацияси қонунчилиги бўйича бундай ҳолларда таржимон топиб берилиши керак.  Лекин баённома ва кўрсатмаларда гумонланувчига “мен рус мактабда ўқиганман, шу боис таржимон хизматига муҳтож эмасман”, деб ёзиб  имзо қўйдириб олишган. Бу кўрсатмаларни бекор қилиш энди адвокат учун катта муаммо туғдириши тайин. 

Демак, қонун билан муаммога учраганда аввало таржимон иштирокисиз кўрсатма бериш, умуман саволларга жавоб беришга шошилмаслик керак. Дастлабки суриштирув, тергов ва суд жараёнларида албатта таржимон талаб қилиш лозим. Лекин афсуски ҳатто таржимонлар орасида ҳам нопок ва нохолис инсонлар бор. Атайлаб нотўғри таржима қилиб, гумонланувчини полиция буйруйғига кўра чалғитган ҳоллари ҳам учраб туради.

Мигрантларимизнинг иккинчи хатоси – бундай пайтларда дарҳол адвокат талаб қилишмайди. Одатда полиция ва тергов идоралари тайинлайдиган адвокатлар гумонланувчини ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас. Ҳатто ўз ҳимоясидаги шахсни “бўйнингга ол, ҳеч нарса қилмайди, жарима билан қутуласан”, деб полиция манфаатларига мос ишлашади. Шу боис тайинланган адвокатлардан воз кечиб, четдан адвокат ёллаб шартнома тузиб олиш керак, дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Албатта, ҳуқуқий маълумотга эга бўлмаган, ҳатто ўрта мактабни ҳам зўрға тугатиб борган мигрантларимиздан юқори ҳуқуқий ҳушёрлик талаб қилиш қийин. Лекин ҳар ҳолда яна айрим тавсиялар борки, уларга амал қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. 

Энг аввало “қозонга юрсанг қораси юқади” деган мақолга амал қилишса яхши бўларди. Турли тунги клублар, шубҳали шахслар йиғиладиган, митинг ва намойишлар шаклланаётган жойлардан узоқ юрган маъқул. Масалан, дискотекада тўполон келиб чиқиб, кимнидир пичоқлаб ўлдириб қўйишади. Айб эса ўша ерга “дам олгани” борган бир қоракўзнинг бўйнига “илинади”. 

Ёки бўлмасам, турли шубҳали иш таклифларига ишонмаслик керак. Курьер ва таксичиларимиз кўпинча нималиги номаълум пакетларни тарқатиш ёки кимгадир олиб бориш каби буюртмаларни олишади ва ўша пакет пировардида наркотик бўлиб чиқади. 

Хуллас, ўзга юртларда юрганда ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, энг муҳими кимлиги ва қаерда юрганини бир зум ҳам унутмаган маъқул.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

366 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1023 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1572 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1264 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

482 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

566 17:41 06.02.2023
« Орқага