“Ал Азҳар” Қуддус борасида кескин позицияда турибди

19:00 09.12.2017 1576

Қоҳирадаги жаҳонга машҳур “Ал Азҳар” Исломий университетининг Юқори имоми Шайх Аҳмад Тойиб АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўз элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш ҳақидаги қарорига нисбатан норозилик билдиришга чақирди.

“Сизларнинг норозиликларингиз адолатга, ўз ишингизга ва юртга муҳаббатга қўғрилган бўлсин. Биз сизлар биланмиз ва сизларни суянчсиз қолдирмаймиз, қўллаб-қувватлаймиз”, – дея шайхнинг сўзларини келтиради IslamNews.

Азҳар имоми “Қуддусни сионистлар пойтахти деб эълон қилиниши”ни қоралади. Ва бу ҳаракатни “Халқаро майдондаги ишонч учун хавфли қўнғироқ” деди. Шунингдек, ушбу мисли кўрилмаган хабар “Бир ярим миллиард мусулмон ва миллионлаб христиан арабларнинг туйғуларини ҳақоратлаш” эканини билдирди.

“Қуддус сионистлар томонидан босиб олинган Фаластиннинг пойтахти ҳисобланади”, – дея имом Қуддус масаласини муҳокама қилиш ҳам нотўғрилигини билдирди.

Шунингдек Аҳмад Тойиб АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билан ҳам учрашишни истамади.

Университет томонидан маълум қилинишича, бир ҳафта олдин АҚШнинг Қоҳирадаги элчихонаси Азҳар шайхига мурожаат қилиб, Пенс билан учрашув ҳақида сўрашган. У пайтда Аҳмад Тойиб учрашувга розилик билдирганди. Аммо Вашингтоннинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши натижасида мисрлик имом учрашувни бекор қилди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!