Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб Франциянинг “Шарли Эбдо” журнали томонидан Муҳаммад алайҳиссалом мазах қилинган карикатураларнинг чоп этилишини қоралади. Твиттердаги саҳифасида баёнот берган шайх мазкур ҳаракатни “террор оловини аланга олдирадиган ёввойилик ва ирқчилик” деб баҳолади.
“Шарли Эбдо” ушбу аҳмоқона карикатураларни ўтган ҳафтада чоп этди ва буни аввалгидек сўз эркинлиги деган баҳона билан изоҳлади.
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлар учун жонимиздан кўра қийматлироқдир. Он ҳазрат жаноби олийларига нисбатан адабсизлик қилиш фикр эркинлиги эмас, аксинча нафрат ва зўравонликка ошкора чақириқ,
умуминсоний ва маданий қадриятларга тажовуздир! Бу ишни “ифода эркинлиги” даъвоси билан оқлаш инсоннинг эркинлик ҳуқуқи ва эркинликни ҳимоя қилиш ниқоби остида инсонга қарши жиноят қилиш орасидаги фарқни англамасликдир”, – деди шайх Аҳмад Тоййиб.