Илм

Алам неъмати

781

Алам ҳар доим ҳам ёмон ҳис эмас. Баъзан у инсонга яхшилик келтиради. Албатта, юракдан илтижо қилиши алам вақтида содир бўлади. Алам чоғида сидқидилдан тасбеҳлар айтилади. Толиби илм таҳсил вақтида қийналиши унинг етук олим бўлиб чиқишида самарасини беради. Чунки у бошда ёниб, охири нур таратади. Шоир айтмоқчи бўлган гапларини ифода қилиш вақтида қийналиши гўзал ва таъсирли адабиётни юзага чиқаради. Чунки алам билан қалби, асаблари ва қонидан учқун чиқиб, натижада ҳисларни титратади, дилларни жунбишга келтиради.

Агар толиби илм роҳат-фароғатда яшаб, танглик азобини, алам доғини тотмас экан, у дангаса, бўшашган ва мадорсиз бўлади. Агар шоир аччиқ алам тотмас экан, ғам-ғусса чекмас экан, унинг шеърлари ўхшовсиз гаплар, кўпик сўзлар уюмига айланади. Чунки бу пайтда унинг шеърлари юракдан эмас, балки тилдан чиқади. Оғиздан чиққан сўзлари юрагида яшамайди.

Рисолат субҳи ёришган пайтда яшаб ўтган мўминларнинг ҳаёти бунга ёрқин мисол ва ўрнакдир.  Уларнинг имонлари бақувват, қалблари тоза, лаҳжаси соф, илми дарё бўлган. Улар оч-наҳор, муҳтож, азоб чекиб, қувғин ва сургунда, дўстлари ва яқинларидан ажралиш озорларида, жароҳат, зулм азобларида яшаганлар. Буларнинг аламини тотганлар. Улар ҳақиқий соф, танланган, поклик белгиси, улуғлик нишонаси, фидокорлик рамзи бўлган инсонлардир. “Бунинг боиси – уларга Аллоҳ йўлида бирор ташналик, қийинчилик, очлик етса ва кофирларнинг жаҳлини чиқарадиган қадам боссалар, душманга бирор мусибат етказсалар, албатта, уларга шу сабабли яхши амал ёзилур. Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчилар мукофотини зое қилмагай”("Тавба" сураси, 120-оят).

Бу дунё оламида ажиб гапларни гапирувчи одамлар бор. Чунки улар дардли яшайдилар. Мутанаббийни иситма қийнаганида  ажойиб байт айтган:

Шеър:

Менинг зиёратчим ҳаёли, орли
Фақат қаро тунда келар, изҳорли

Нўъмон ибн Мунзир бир кишини қатл қилиш билан қўрқитганида, у бундай деди:

Шеър:

Сиз – тунни мунаввар айлаган
Қуёш, Подшоҳлар – теграда юлдузлар атай
Оламни ҳар лаҳза этсангиз нурфош,
Осмон ҳам юлдузи борин унутгай.

Бу каби одамлар сермаҳсул ҳаёт кечирганлар.

Алам сизни жазавага туширмасин, машаққатдан чўчиманг. Баъзан улар сизга куч-қувват беради. Қалбингиз қувноқ, ғам-андуҳдан йироқ бўлиб, яшашингиз кучсиз-маъносиз ҳислар, сўнган ғайрат билан  яшашингиздан яхшироқдир. “Лекин Аллоҳ (уларнинг) қўзғалишларини ёқтирмайди, уларни сусайтириб қўйди ва уларга: “Ўтирувчилар билан бирга ўтираверингиз!” дейилди” ("Тавба" сураси 46-оят).

Ёниб сўзлаётган воизнинг сўзлари юрак тубига етиб боради, руҳ қаърига шўнғийди, чунки у алам билан яшайди. “Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни (Хайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади” ("Фатҳ" сураси 18-оят).

Шеър:

Муштоқни айблама завқу шавқ учун,
У мақсад йўлида кўрсатар кучин.

Айрим шоирлар девонида на бир ҳаётни, на бир руҳни кўрасиз. Чунки улар ўз сўзларини машаққат чекмай, дардни ҳис қилмай айтганлар, тартибга солганлар ва бу сўзлар худди қор парчасининг тўпи ҳамда тупроқ уюмига ўхшаб қолган.

Айрим асарларни ўқисангиз, одамнинг бир тукини ҳам титратмайди, қалбини ларзага келтирмайди. Чунки муаллифлари ўз сўзларини машаққат, изтироб, алам ва қийинчиликсиз айтганлар, яъни дардсиз сўзлаганлар: “Улар кўнгилларида йўқ нарсаларни оғизлари билан гапирадилар” ("Оли Имрон" сураси 167-оят).

Гапларингиз таъсирли чиқиши учун олдин унинг чўғида ўзингиз ёнинг, таъсирланинг, аламини тотинг, шунда инсонларга таъсирини кўрасиз. “Бас, қачон, Биз унинг устидан (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал жуфтларни (икки жинсли гиёҳларни) ундирур” ("Ҳаж" сураси 5-оят).

"Ўкинма" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Саодатни яратувчилар

299 21:00 16.10.2019

Фақат Аллоҳга суянинг

328 16:00 15.10.2019

Ҳуррият мазаси тотлидир

401 21:00 07.10.2019

Имон энг катта даводир

821 10:00 06.09.2019

Сиз кимгадир ўхшамаганингиз учун ўкинманг. Сиз бошқача яратилгансиз

397 11:05 26.08.2019

Қийинчилик ва мусибатлар гоҳида неъмат ва мукофот бўлади

454 10:05 24.08.2019
« Орқага