Саккиз минг бутпарастни мусулмон қилган зот

14:00 10.05.2019 2359

Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ 1103 йил Ғиждувонда туғилиб, 1179 (айрим манбаларда 1220) йил марҳум бўлган. Қабри Ғиждувон шаҳрида.

Авлиёлар султони, қутби замон, олими Раббоний, буюк тарбиячи Абдулхолиқ Ғиждувоний хожагон тариқатининг асосчиси, “Силсилаи шариф”даги ўнинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланади.

Абдулхолиқнинг оталари Имом Абдулжамил катта олим ва ориф киши бўлган. Имом Абдулжамил асли Рум( ҳозирги Туркия)лик бўлиб, Имом Молик (713-795) авлодидан. Абдулхолиқнинг оналари эса подшоҳ қизи бўлган. Ривоятларда, Хизр алайҳиссалом тавсияларига мувофиқ Имом Абдулжамил Ғиждувонга келади ва ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонда туғилади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳақларида Хожа Ориф Ревгарий, Жомий, Навоий, Али Сафий, Носириддин Тўра, Махдуми Аъзам, Муҳаммад Боқир ва бошқа аллома, авлиёлар ўз китобларида маълумот беришган.

Ҳазрат Абдулхолиқ, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмий (Бобойи Лақлақаги)лардан таълим олган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний Бухорода замонасининг машҳур алломаси Имом Садриддиндан тафсир илмини мукаммал ўрганади.

Абдулхолиқ Ғиждувонийни устози Ҳазрат Бобойи Лақлақаги - Хожа Ниёз Хоразмийнинг қабрлари Ромитан туманидаги Лақлақа қишлоғидадир.

Йигирма икки ёшларида Бухорои шарифда тасаввуф оламида машҳур шайх Хожа Юсуф Ҳамадонийга учрашиб, тасаввуф таълимотини эгаллайди. Абдулло Барқий, Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадонийнинг энг етук шогирдларидан саналади. Юсуф Ҳамадоний Бухоро шаҳрининг (Хўжа Нуробод кўчаси) Корхона гузарида яшаган ва Барқий, Андоқий, Яссавий ва Абдулхолиқ Ғиждувоний каби шогирдларига таълим берган. Бу табаррук маконда ҳозир Юсуф Ҳамадонийнинг рамзий қабрлари бор. Абдулхолиқ Ғиждувоний ўзларининг “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” номли асарларида устозлари Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сурат ва сийратлари, гўзал ахлоқлари, юриш-туришлари, ибодати, ҳаёт фаолияти ва шогирдларига муносабатлари хусусида атрофлича маълумот берадилар. Мазкур асарда Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз устозлари Юсуф Ҳамадонийга шундай таъриф берадилар: “Шайхимиз пиёда ўттиз икки марта ҳаж қилган, ҳафс қироати билан минг марта Қуръонни хатм этган эдилар. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фуруъ ва каломга доир етти юзта китобни ёд олган, икки юз ўн уч нафар машойих билан суҳбат тутганлар. Кўп вақт рўзадор бўлардилар. Саккиз минг бутпарастни мусулмон қилишга муваффақ бўлган, тавба қилдириб, тўғри йўлга солган кишиларнинг саноғини ҳеч ким билмасди”.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ёзишларича, Ҳазрат Юсуф Ҳамадоний этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланган, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим-есир, бемор ва серфарзанд, муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар экан.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Мақомати Юсуф Ҳамадоний” номли рисолаларида ўз пирларининг сулук(Худога муқарраб бўлиш йўли) ҳақидаги қуйидаги панд-насиҳатларини келтиради: “Эй Абдулхолиқ! Билингки, Ҳақ йўлининг йўлчилиги, яъни сулук икки қисмдир: сулуки зоҳир ва сулуки ботин. Биринчиси, сулуки зоҳир бўлиб, у ҳар ҳолу корда илоҳий амр ва таъқиқларга риоят этиш, имкон доирасида диний мезонларни сақлаш ва нафс орзуларидан қочишдир. Ўз аъзоларини ҳавою нафсдан сақлаб, шариат ҳудудида муҳофаза қилишдир. Иккинчи қисм бўлган сулуки ботин эса қалбни поклашга ҳаракат қилиш ва нафсоний ёмон сифатларни йўқотиш учун ғайрат сарфлашдир. Ботиний таҳорат — қалбнинг Ҳақ зикри билан гўё бўлишлиги учун зикрда беҳад жидду жаҳд қилиш. "Бу зикр талқини дастлаб ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалбига, ундан Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга, ундан Жаъфари Содиқ ҳазратларига, ундан Султон Боязид (Бастомий), ундан Шайх Абул Ҳасан Ҳарақоний, ундан буюк шайх Абу Али Формадий Тусий барчаларидан Аллоҳ ризо бўлсин алардан сўнг эса бизга қадар етиб келган,”дер эдилар.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг жуда кўп мурид, муҳиб, шогирдлари бўлган. Уларнинг энг етуклари: Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир, Хожа Сулаймон Карманий, Хожа Ориф Ревгарийдир. Хожа Абдулхолиқнинг муборак руҳлари Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини тарбия қилгани учун у улуғ зот Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий – маънавий пирлари ҳисобланадилар. Ҳазрат Баҳоуддинга зикри хуфя (овоз чиқармай маҳфий зикр қилиш)ни ўргатган ҳам у зоти шарифдир.

Абдулхолиқ Ғиждувонийга Аллоҳ таоло кўп кароматлар берган. Мир Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” китобида ҳазрат Хожаи Жаҳон – Абдулхолиқ Ғиждувонийга Аллоҳ берган улуғ даражаларини таъкидлаб: “Ҳар вақт намозда Каъбага борар эрдилар”, деб ёзади (А. Навоий, «Мукаммал асар­лар тўплами», 17 том. Т. — 2001 йил, 253-бет). Ўша китобда А. Навоий Абдулхолиқ Ғиждувонийга қуйидаги таърифни ҳам берган: «Аларнинг (яъни Абдулхолиқнинг) равиши тариқатда ҳужжатдур. Барча форуқ (ҳақни ботилдан ажратувчилар)нинг мақбулидурлар (Ўша китоб, 254-бет).

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний «Рисолаи саҳобия», «Мақсадас соликин», «Маслакал орифин», «Мақомати Юсуф Ҳамадоний», «Тариқат одоби» номли рисолалар, шунингдек, рубоий ва қитъалар ёзган.

 

Бухоро шаҳридаги “Хожа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби

Салоҳиддин Гадоев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!