Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан!

3355

(1-қисм, 2-қисм)

НАМАНГАН САРИ

Узлуксиз бир неча соат юриб, эртасига Хизрободнинг яқинига етиб келдим. Хизробод бизнинг қишлоғимиздан тахминан йигирма уч мил узоқликда жойлашган бўлиб, каттагина қишлоқ эди. Яқинидан поезд ўтар, қишлоққа кириш учун дарёдан кечиларди. Қишлоққа етиб келдим. Қарасам, сон-саноқсиз – тахминан минг-бир ярим минглар чамаси қизил аскарлар қишлоқни қуршаб олган эди. Кейин маълум бўлишича, коммунистлар Хизрободда ҳам Ислом ва Расулуллоҳ алайҳиссалом шаънларига нисбатан ноҳақ гаплар айтганларида халқ уларга қарши чиқиб, темир йўлни бузиб ташлашган ҳамда ғалаба байроғини баланд қилган эканлар. Ўрис қўшини эса уларни бостириш учун келган экан. Аскарларнинг қуршови ниҳоятда маҳкамланиб, ҳар жой-ҳар жойда пулемётлар териб қўйилган эди. Ҳеч бир инсон бу қуршовдан ёриб чиқа олмас эди. Тушкунликка тушиб қолдим. Бу ердан на қайтиш, на қочиш, на бирор ерга яшириниш мумкин эди. Бир зумда бошимга ўлим соя солганини ҳис этдим. Ўрис аскарларига қараб бир дам тўхтаб қолдим, сўнгра тилимга “Имони муфассал” ҳамда “Имони мужмал” зикри келди-да, ўзим билмаган ҳолда юриб кетдим. Ўзимга келиб қарасам, аскарлар анча орқада қолиб кетишибди. Ҳақиқатан бу воқеа ниҳоятда ажабланарли эди. Аскарларнинг шу қадар қўриқлашига қарамай, улар-нинг нигоҳларидан қандай қутулиб чиқиб кетганимга ҳозиргача ҳайрон бўламан. (Кўзга кўриш қувватини ато этувчи Зот хоҳласа, кўз кўради, хоҳламаса, кўрмайди. Бу Аллоҳнинг Ўз дўстларига қилган марҳаматидир. Таъкид таржимонники).

Шом вақти Уйчигача етиб олдим. Бу ерда отамнинг ҳамсабоқ олим биродари яшар, ниҳоятда илму амалда баркамол, тақводор шахс эди. Социализмнинг “чангал”и бу ерга ҳам етиб келган эди. Унинг аввалги ўлжаси отамнинг биродарлари бўлиб, одамларнинг айтишича, бу ҳақгўй мард инсонни ўтган кеча шаҳид этишибди. Маҳалла аҳли мени Наманган йўлига солди. Эртаси Наманганга етиб келдим. Бу ер менинг она ватаним бўлиб, унда онамга оталаридан меърос қолган ҳовли ҳамда ер бор эди. Наманганнинг ҳолати нисбатан яхши бўлгани учун бир неча кун тунадим. Алҳол, поездда Қўқонга қараб равона бўлдим.

ҚЎҚОН ВОҚЕАЛАРИ

Қўқон Туркистоннинг буюк ва тарихий шаҳарларидан. Оқ пошшо ҳукумати ағдарилганидан бир неча вақт ўтиб, озод ҳукумат қоим этилиб, Қўқон шаҳри унинг пойтахти деб қабул қилинган эди. Қишлоғимиз Қўқондан 152 мил узоқ эди.

Қўқонда коммунистлар зулми авжига чиқди. Бундан танг бўлган мусулмонлар яширинча гуруҳлар тузиб, олимларни ҳақорат этган, дин пешволарига зулм-ситам қилган коммунистларни яширинча ўлдириб кетишарди. Ўлганларнинг ёнидан мактублар топишарди:

“Сенлар динимизни ҳақоратлаб, бўҳтон ва туҳмат қиляпсанлар! Лекин бу туҳмат ва бўҳтонларнинг ёлғонлигини исботловчи ҳақгўй уламоларга сўзлашга йўл бермаяпсанлар. Фарзандларимизни Ислом ҳақида нотўғри фикрлашга ўргатяпсанлар. Бу – қилган ноҳақ қилмишларинг учун сенларга жазо!” Коммунистлар мусулмонларнинг бу жавобларидан қўрқув ва даҳшатга тушиб, кечалари кўчага чиқа олмай қолди. Охири, мажбур бўлиб, масжид ва бозорларда шундай эълон тарқатишди:

“Ҳеч ким коммунистликка мажбурланмайди. Партияга кириш-кирмаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Ҳар ким ўз хоҳишига биноан “руҳоний” бўлади. Ҳеч кимни мажбур этиш йўқ”. Агарчи бу коммунистларнинг вақтинчалик бир ҳийла-найрангги бўлса ҳам, менга ўхшаган соддадил инсонлар хотиржам бўлишди.

Мен шу ерда қолиб, диний илмларни пухта эгаллашга қарор қилдим. Шайх Муҳаммаджон домла Қўқоннинг машҳур олимларидан эди. Бобомнинг шогирди, қиблагоҳимга ҳамсабоқ бўлган эканлар. Коммунистлар у кишини уй қамоғига ҳукм этишган эди. Юқоридаги эълондан сўнг ҳузурларига бориб, ўзимни таништирдим ва исломий таълим олиш мақсадида эканимни айтдим. Озгина фурсат хомуш бўлдилар, сўнгра: “Ўғлим! Диний илм олиш қатъий ман қилинган, лекин бир йўли бор. Куннинг ярмида шаҳарда касб қиласан, ярмида эса ўқийсан”, дедилар.

Мен бу маслаҳатни бажонидил қабул қилдим. Кун-бўйи меҳнат-машаққат чекиб, кечалари дин илмини эгаллай бошладим.

Шайх Муҳаммаджон домла коммунистларнинг даҳриёна ғояларига чуқур эътибор қаратарди. Дарс асносида, коммунистларнинг даъволари ҳамда Исломга қилган бўҳтонларини чок-чокидан йиртиб ташлар эди.

Уч ойдан сўнг улар яна ўз мухолифатларини бошлашди. Бу вақт мобайнида ўз динини ҳимоя қилаётган мусулмонларни парчалаб ташлаш учун ёвуз режалар ўйлаган эдилар.

1. Маҳаллалардаги ҳар бир шахс рўйхатга олиниб, исломсевар шаҳарликларни қаттиқ назорат эта бошладилар.

2. “Миршаблик назорати”га шаҳарнинг ўғри-киссавур, қароқчилари хизматга олиниб, улар воситаси билан дин аҳлини қўрқитиш жорий этилди.

3. Ҳибсга олиш, йўқ айбига иқрор қилдиришнинг ваҳшиёна, шайтоний усуллари қўлланди. Ҳар куни тунда 70-80 киши ғойиб бўла бошлади. Қўқоннинг катта-кичик уламоларига бу ҳолатни баён этиб, улардан раҳнамолик қилишларини сўрадим, илло уларнинг барчаси ноумидликка тушиб бўлишганди. (“Ал яъсу минаш-шайтон” – ноумидлик шайтондандур.) Уларнинг кўпчилиги: “Ўғлим, биз ўлим ва шаҳодат жарлигининг ёқасидамиз”, дея жавоб беришарди.

Бутун мусулмонларнинг дилига ғайрат-шижоат ўрнига қўрқув ва даҳшат ёйилган эди.

Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини келтираман. Ул зоти бобаракот дедилар: “Яқинда кофирлар ҳар тарафдан сизларнинг устларингизга таомхўрлар ўз товоқларига бир-бирларини чақиргандек тўпланадилар. Шунда бир саҳоба сўради:

“Кофирлар қандай журъат этади? Нима, биз оз бўламизми?”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ! Сизлар жуда кўп, аммо сел устидаги хас-хашак каби бўласиз, Аллоҳ таоло душманларингиз қалбидан сизлардан қўрқишни олиб, дилингизга “ваҳм” солур”.

Саҳобалардан бири: “Бизларнинг ҳайбатимиз йўқолиши сабаби бўлган “ваҳм” нимадур, ё Расулуллоҳ?” деди.

Ул зот алайҳиссалом дедилар: “Дунёга муҳаббат ва ўлимдан нафратланиш”.

Бошқа ривоятда: “Дунёга муҳаббатингиз ва Аллоҳ йўлида жанг қилишдан нафратланишингиз”, деб келган (Таъкид таржимонники).

Мусулмонларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ўзларини ҳимоя этишга ҳам ҳоллари қолмаган эди. Ҳеч кимнинг моли, обрў-иззати эътиборга олинмай, тажовуз этилди.

Уйдан чиқишимда онам қўлимга тутқазган Қуръони каримнинг бир неча варақлари йиртилганидан, уни бир жилдсознинг олдига олиб бордим. Бу дўкон Қўқон жоме масжидининг шимоли-ғарбий қисмидаги дўппи бозорда жойлашган эди. Жилдсоз Қуръони каримнинг варақла-рини созлаётган вақтда, бир коммунист кириб келиб:

– Китобларимнинг жилди тайёрми? – деб сўради.

– Бир соатлик иши қолди. Тайёрлаб, ўзим етказаман, – деди жилдсоз.

– Қўлингдаги нима? – деб у Қуръонга ишора қилди.

– Бу… Бу… – жилдсоз қўрқиб кетди. – Бу Қуръони шарифдур! Бир неча дақиқалик иши қолди, сўнгра сизнинг ишингизни битираман, – деди титраган овозда.

Коммунист ғазабланиб, кўзи қонга тўлди. Чанг солганча, жилдсознинг қўлидан Қуръони каримни тортиб олиб:

– Шу хурофот учун менинг ишимни тўхтатиб қўйдингми? – деб бақира кетди. (Эй Аллоҳ! Қандоқ ҳам сабрлисан!) Сўнг Қуръонни ташқарига улоқтирди.

Уфф... Эй Аллоҳим! Қоним қайнаб кетди. Лекин қўл-оёқларимга қандайдир бемажоллик кирди. Қоним ҳам аста-секин босилди, секингина бориб, Қуръони каримни ердан олиб, қайта-қайта ўпиб кўзимга суртдим. “Биз мусулмонларнинг ғайратсизлигимиз, имонимиз заифлиги шу даражага етдими?! Душман очиқдан-очиқ, кўз ўнгимизда илоҳий Китобни хорласа-ю, биз эса унинг ҳимоясига жонимизни қурбон эта олмасак?!” деган ўйдан қалбим ларзага келди. Шундан сўнг у бадбахт дўкондан чиқиб кета бошлади. Жилдсознинг ҳаққини адо этиб, аста унинг орқасидан бордим. Озгина узоқликда миршабхона бор эди. У ерга яқинлашганда унинг қўлидан тортиб, маҳкамага бошладим. Назоратчига ҳамма воқеани сўзлаб, бу бадбахтнинг қилмишидан норози эканимни изҳор этиб: “Бу шахс ҳукумат қонунига хилоф равишда шариатни ҳақоратлади. Қонунда: “Ҳеч бир коммунист Ислом динининг зиддига ноўрин ҳаракат қилмасин! Ҳеч кимса мажбуран даҳрий қилинмасин!” дейилган. Бу шахснинг ноқонуний ҳаракати учун жазо берилсин!” дедим.

Назоратчи шикоятимга қулоқ солиш ўрнига менга таҳдид қилди:

– Бизнинг олдимизга нега келдинг?! Худонинг олдига бор, унинг учун сенлар жонингни ҳам берасанлар-ку!

Маҳкамадан чиқиб, жоме масжидига келдим. Ҳозирги кунда бу масжид борми ёки йўқ, бирор нарса дея олмайман. У вақтда бу масжид шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, ҳужралари билан тахминан ўн олти гектар майдонни эгалларди. Масжид сонсаноқсиз устунлар устига қурилиб, ниҳоятда хушсурат эди. Масжиднинг шимолий қисмидаги катта йўл ёқасида масжидга қарашли, қатор вақф дўконлари жойлашганди. Машриқ тарафида эса катта ҳаммом биноси бор эди. Имомликка Қўқон амирининг ўзи ёки унинг ноиби шайхулислом ўтарди. Охирги вақтдаги шайхулислом Тўрахон домла ҳафтада бир марта ваъз ва насиҳат қиларди.

Ҳозиргача коммунистлар у кишига қўл солишмаса-да, фурсатни кутиб туришар, у киши устида ҳам фитна-фасод режаларини бошлаб қўйишганди. Бир киши тайинланиб, унга шайхулисломнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ва у кишининг олдига келувчиларни кузатиш топширилган экан. Бу шахс афғон бўлиб, ниҳоятда гапга уста ва хушчақчақ, кўринишдан тақводор эди. Узун соқолли, пешонасида катта сажда аломати бўлиб, намозни бирор марта ҳам жамоатсиз ўқимас эди. Бомдод намозига ҳаммадан олдин келиб, устунлар орқасида узун қироат билан суннат ўқирди. Намоз ичида келгувчиларни кузатиб турар, масжидда афғоний либос, ташқарида эса миллий кийим кияр эди.

Мен унинг хатти-ҳаракатларидан шубҳа қилиб, кузата бошладим. Кейин маълум бўлишича, у нафақат Тўрахон домлани, балки у кишининг зиёратларига келувчиларни ҳамда Афғонистонга кетаётганларни ҳам рўйхатга олар экан.

Мен Қўқоннинг бошқа бир маҳалласига кўчиб ўтдим. Бу маҳалланинг масжиди ҳам ниҳоятда хушсурат ва ҳужралари жуда пурвиқор бино қилинган эди. Менга истиқомат учун бир ҳужра тайин қилинди. Шунга қарамасдан, намозни жоме масжидида адо этардим.

Кунларнинг бирида, жума намозидан сўнг бир неча одамлар Тўрахон домланинг мадрасасига йиғилишди. Афғоний гумашта ҳам улар билан бирга эди. Уларнинг орқаларидан мен ҳам борар эдим. Иттифоқо, Тўрахон домла мени устозлари Ғиёсиддин эшоннинг набираси, ҳамсабоқ дўсти Хўжахон домланинг ўғли эканимни эшитиб, истиқболимга чиқдилар. Ҳамда пешонамдан ўпиб, узоқ вақтгача уй-аҳлларимизнинг аҳволларини сўрадилар. Намангандан баъзи машҳур олимларнинг ҳозирги кундаги ҳолатларидан огоҳ этишимни сўраган эдилар, мен уларнинг коммунистлар томонидан шаҳид ёки сургун этилганларини айтдим. Шунда мажлисга оғир хомушлик чўмди.

Мен кетишга ижозат сўрадим.

Шайх: “Ҳозир қаерда истиқомат қиласиз?” дедилар.

Афғоний жосус борлиги учун манзилимни яшириб: “Мир Олим” мадрасасидан бир ҳужра олдим”, дедим.

“Мир Олим” мадрасаси ўз даврида мингларча талабалар таълим оладиган шону шавкатли улуғ бир дорулулум бўлиб, устоз ва талабалар учун мадрасанинг ўзида ётоқхона мавжуд эди. Ҳозирги кунларда бу мадраса ва ётоқхоналарни коммунистлар партияси ходимларига ёки ташқаридан келган ўрисларга тақсим этилибди. Тўрахон домла мени, кўпинча ўз уйига олиб кетар, бағоят меҳрибонлик кўрсатарди.

Кунларнинг бирида афғоний гумашта ҳам мени мажбуран уйига меҳмондорчиликка олиб кетди. Туркистонда уйлар икки қисм бўлиб, бир қисми меҳмонхона бўлар эди. Мени меҳмонхонага ўтқизиб, ўзи кийим алмаштиргани ичкарига кириб кетди. Тўсатдан хонтахта устидаги қоғозларга кўзим тушди. Қарасам, унда Тўрахон домланинг номлари бор эди. Қоғозга тузукроқ қарадим. Унда уламоларнинг рўйхати ёзилган эди. Дарров чўнтагимга солдим. Шу пайт афғоний шошиб кириб келди-да, тез-тез қоғозларини йиғиштириб чиқиб кетди. Кўринишда ниҳоятда муҳаббат, ихлос билан суҳбатлашар, менга хўжакўрсинга тавозе қилар эди.

(давоми бор)

Аъзам Ҳошимийнинг «Алвидо, Ватан!» китобидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Афросиёб мажлиси

1531 20:05 11.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2782 20:10 10.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2197 20:10 09.10.2021

Алвидо, Ватан! Аслаҳа таққан шайх

1609 20:05 08.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1792 20:10 07.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1816 20:05 06.10.2021
« Орқага