Иймон

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1498

 Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт». (Тоҳа, 4).

Оятдаги “Мендан ўзга илоҳ йўқ" лафзи барча илоҳларни нафий (бекор) этган. Фақатгина ёлғиз илоҳ ва маъбуду барҳақ зот Аллоҳнинг Ўзидир.

Мусулмон ~ тавҳиди билан мусулмондир. Ушбу тавҳид калимаси зикрларнинг энг афзали ҳамдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг расули, қиёмат кунида инсонлар ичидаги шафоатингиз сабабли энг бахтиёр бўлувчи кимса ким бўлади?», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, ушбу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, зотан ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Қиёмат кунида инсонлар ичида шафоатим ила энг саодатманд бўладиган кимса «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қалби ила ихлос билан айтган кишидир», деб айтдилар».
Бухорий ривояти.

Ушбу муаззам калимани чин дилдан ихлос ила айтиш сабабли дўзахдан нажот ҳосил бўлади.  “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтгувчилар Қиёмат кунги энг бахтли тоифалар орасида ҳам бўлишади.

Умму Ҳоний розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Калимаи Тавҳид: “Ла илаҳа иллаллоҳ” — энг хайрли, энг қадрли дуо бўлиб, ундан ўтадиган амал йўқдир ва гуноҳни ҳам қолдирмайди”, деб марҳамат қилдилар». (Ибн Можа ривояти.)
 
Мусулмон учун энг қадрли дуо ва энг хайрли амал тавҳид калимаси экан. Бу калима сабабли гуноҳлар ўчирилиб, бандани мақоми баланд бўлар экан.

Саид ибн Румона айтади: Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан  “Жаннатнинг калити “Ла илаҳа иллаллоҳ” эмасми?, дея сўралди. У киши: “Шундай. Аммо, ҳар қандай калитнинг тиши бўлади. Ким эшикка тиши бор калит билан келса, эшик очилади. Кимки, эшикка тиши йўқ калит билан келса, эшик очилмас”, деб айтди.

Яъни “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси сабаб жаннат калити қўлга киритилади. Аммо бунга суяниб қолинмасдан, аркони Ислом амалларини бажариш, Аллоҳ таолонинг барча амру наҳйларига бақадри имкон амал қилиш лозим. Амал бизларнинг ақидамизда иймоннинг асли бўлмаса-да, уни тасдиқловчисидир. 

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ азза ва жалла бандага “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни англаб айтишдан-да кўра афзал нарса бермаган. Зотан, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бандалар учун қиёмат кунида гўёки дунёдаги сув каби манфаатли бўлар”.

Бир зумга ўйлаб кўрайлик. Биз мусулмонларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан афзал нарса берилмаган. Агар, тавҳидимиз бўлмаса не қилар эдик. Ҳозирда бутларга, инсонларга, сигирларга, маймунларга сиғинаётган миллионлаб одамлар бор. Биз эса, Алҳамдулиллаҳки ёлғиз оламлар Роббига сиғинаяпмиз.

Суфий Аллоҳёр айтганларидек, “Имон аслида Аллоҳ таолонинг бандаларга текинга берилган бебаҳо неъматидир”.

Агар “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расуллулоҳ”ни айтиш пуллик бўлганида ҳам мусулмонлар сира ҳам ўйланиб ўтирмасдан сотиб олишган бўлар эди, аммо, бу бебаҳо неъмат текин.

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси барча илоҳларни инкор этиб, ёлғиз Аллоҳ ягона илоҳлигининг эътирофидир. Банда учун нафсини поклаш ва тарбия қилишда ушбу калимачалик манфаатли бошқа нарса йўқ. Ҳадиси қудсийда келтириладики, “Агар осмонлар-у ерни тарозининг бир палласига ва Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини тарозининг бошқа палласига қўйиб тортилса, “Ла илаҳа иллаллоҳ” қўйилган палла оғирроқ келар эди”.

Осмонлар-у ер қанчалар даҳшатли тарзда катта ва кенглигини оз бўлса-да астрономиядан бохабар инсон билади. Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳ” савоби  мана шулардан-да оғирроқ экан. 

Аллоҳ таоло бандаларга шунчалар кўп неъматлар берганки, булар шукрини асло адо этиб бўлмас. Неъматларнинг энг улуғи ва энг буюги эса “Ла илаҳа иллалоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”дир. 

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шаҳодат калимасини айтиш фазилати

683 07:30 05.08.2020

Япония мусулмонлари қабристон билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда

859 08:04 03.08.2020

Ислом қонунчилиги икки қанотга эга... 

570 18:30 01.08.2020

Зайдул Хойрнинг ибратли ҳаёти...

679 19:06 29.07.2020

Икки карра Европа чемпиони Исломни қабул қилди

11664 09:00 28.07.2020

«Гендер адолати – Ғарбда пайдо бўлишидан анча аввал Ислом билан вужудга келган тушунча». Гендер мутахассиси билан суҳбат

750 08:15 28.07.2020
« Орқага