Эрон шу пайтга қадар Озарбайжон билан чегара яқинида бир неча ой ичида кетма-кет икки марта ҳарбий амалиёт ўтказмаганди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бакуда бўлиб ўтаётган халқаро конференцияда маълум қилди.
Алиев Эрон томонидан нафрат ва таҳдидга тўла баёнотлар кўпайганини ҳам қайд этди.
“Бунгача учта Эрон президенти билан ишлаганман. Аммо шу пайтгача ҳозиргидек вазият юзага келмаганди”, – деган у.
Президентнинг қўшимча қилишича, Баку ўзига қарши қаратилган барча ҳаракатларга муносиб жавоб беришда давом этади. Алиев Эрон билан чегарада ўтказилган ҳарбий машғулотни Озарбайжон қатъиятини кўрсатиш учун ўтказилганини қайд этган.
“Ўз турмуш тарзимизни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсага тайёрмиз. Бу Эронда яшайдиган озарбайжонларга ҳам тааллуқли. Улар миллатимиз бир қисми”, – деган Озарбайжон раҳбари.