Наср

Алининг жойнамози (1-қисм)

2215

Дарсдан чиқиш учун қўнғироқ чалинганида Али чексиз қувонч билан ташқарига отилди. Бошқа болалар ҳам унингдек хурсанд эди. Ва ниҳоят дарслар тугаб, ёзги таътил бошланди. Йиллик баҳолар жадвалини олиб, ўқитувчисини қучоқлаб хайрлашди. Кейин ўртоқлари билан ҳам бир-бир хайрлашди.

Мактабдан чиққанида қайноққина ҳаво юзига урилди. Баҳор ва ёзни шунинг учун ҳам яхши кўради. Биттагина пахта кўйлак аллавақтгача кийишига етади. Қишлик пойабзаллардан сиқилган оёқлари орада бир ялангоёқ юрганида яйрар, ер майсазор бўлса, бундай мароқли ҳордиққа тўйиб бўлмайди. Али ўзи хоҳласа кўпи билан ўн дақиқада пиёда юриб уйига бора олади. Лекин ҳаво совуқ ва ёмғирли бўлса, бир баҳона топиб йўлини узатади. Мактабдан узоқлашгач, катта кўчага, у ердан паркка ўтади. Ўша куни еган тешиккулчаларидан ортган ушоқларни ҳовуздаги балиқларга беришни хуш кўради. Кейин эса бироз олдинроқдаги новвойхонадан қайноққина нон олиб уйга қайтади.

Алининг уйга қайтадиган йўли паркка борадиган йўлдан бироз бошқача. Буни ўзи истайди, албатта. Чунки қаршидаги масжиднинг ҳовлисида, ҳатто том устида уни кўзи тўрт бўлиб кутаётганлар бор. Шунинг учун Али новвойхонадан чиқиб масжид томон равона бўлар, бу орада ноннинг учидан бироз синдириб оларди. Бу бўлакнинг қитир-қитир қисми ўзига тегишли, мағзи эса кабутарларга. Кабутарлар Алини жуда ҳам севади. Ҳатто унинг келганини кўриб, йўл бошида қарши олишади. Али ҳам улардан баъзиларини танийди. Сутдай оппоқ бўлгани икки дона, жигар ранглилари эса бир нечта.

Қолган қора кабутарлардан бири оқсоқ эди шекилли, қийналиб юради. Али шунинг учун уни авайлар, нон ушоқларини майдалаб, олдига ташлаб қўяди.

Уйига яқинлашса, Алининг бироз кайфияти тушади. Ҳатто уйини кўрганида қадамлари орқага тисарилаётгандек туюлади. Бунинг ўз сабаби бор, албатта: дадаси ичкиликка ружу қўйган. Онажонисининг аҳволидан ўкинади. Боёқиш онаси оила тирикчилигини зиммасига олган. Аллоҳга шукр, онаси қўли гул чевар. Тиккан либосларини мижозлар севиб кияди. Алининг синглиси ўзидан 3 ёш кичик. Исми Оиша, бу йил биринчи синфга қабул қилинди. Йигирма бир ёшдаги Мурод исмли акаси ҳам бор. Лицейни битириб, тирикчилик дардида ўқишни ташлаб, катта ошхоналардан бирида ишлайди. Албатта, кўп пул топмайди, лекин топгани ўзининг эҳтиёжига етади. Алининг ягона орзуси – дадасининг тезроқ ичкиликдан қутулиб, соғайиши. Лекин бунинг учун дуо қилишдан бошқа иш қўлидан келмасди.

* * *

Али уйга яқинлашар экан, ҳар доимги сўзлар беихтиёр тилига келди: “Иншааллоҳ, бугун кўп ичмагандирлар. Балки энди буткул ичкиликдан воз кечгандирлар…”

Алининг оиласи уч қаватли бинонинг устки қаватида туради. Шу бинонинг пастки қаватида Ҳаққи бобо деган бир қария ва кампири Хайрия хола яшайди. Бинонинг эгаси ҳисобланган бу яхши инсонлар Али ва унинг оиласини жуда яхши кўради, улардан бошқалардан кўра камроқ ижара ҳақи олади. Алининг онаси Амина хоним ижара ҳақини тузукроқ бермоқчи, яъни бироз оширмоқчи бўлса, Ҳаққи бобо қошларини уюб:

– Бизга пул керак эмас, болам, – дейди. – Зеро, турмуш ўртоғинг касал. Пенсия пулим ҳам бизга етиб ортади.

Али Ҳаққи бобонинг сирдош дўсти эди. Қачон иккови суҳбатлашса, Али қушдай енгил бўлади, ҳаётга ишончи, келажакка бўлган умиди, қуввати ортади. Уйнинг ўртадаги қисмида боласи йўқ оила яшайди. Эр-хотин иккови ҳам қирқдан ошган. Исмларини хаёлдан фаромуш қилиш мумкин эмас: эркакнинг исми – Нажи, хотинининг исми  Нажия. Худди атайин танлаб олингандек. Лекин Али қачон уларга дуч келса, яъни устки қаватга чиқаётганида уларни кўрса, негадир қочишга жой излаб қолади. Бир неча марта салом бериб, хайрли кун тилаган уларга. Лекин ҳар сафар уни эшитмаганга олишади. Ҳатто бир куни ёнма-ён ўтиб кетаётиб Алини девор томонга итариб юборишди. Ким билади, балки унга шундай туюлдими…

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1345 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1295 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1396 12:00 22.04.2020

Эчки

7052 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1572 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

679 21:00 04.04.2020
« Орқага