Наср

Алининг жойнамози (10-қисм)

820

Намозни адо этиб бўлгач, Ҳаққи бобо суҳбатни давом эттирди:

— Биласан, Алижон, намоздан сўнг тасбеҳ айтилади. Тасбеҳдан кейин эса дуо қилинади. Шундай қилиб, инсон Аллоҳга яқинлашади.

— Мен онамни, дадамни, Мурод акамни, Ойшани ҳар доим дуо қиламан.

— Шу холосми?

— Сизларни ҳам унутмайман, албатта. Ҳаққи бобом ва Хайрия холам дейман.

— Менимча, бу дуоларинг етарли эмас, Алижон. Барча мусулмонларни, ҳатто бутун инсониятни дуо қилишинг керак.

— Нажи амакини ҳамми?

— Албатта, уни ҳам дуо қиласан, Нажия холангни ҳам. Улар сенинг қўшниларинг, ахир.

— Лекин мени кўп қўрқитишади. Ўғри деб ўйлаб дўппослашларидан деб қўрқаман.

— Сенга аввал ҳам айтгандим, ҳаммамиз қандайдир дардга мубтало бўлганмиз. Уларнинг ҳам дуога эҳтиёжи бор. Яна шуни унутмагинки, Аллоҳ истаса, баъзан зарарли одамларнинг ҳам фойдаси бўлади. Ҳеч кутмаган жойингда сенга ёрдамга ошиқишади.

— Улар ҳам  ёрдамга келишадими?

— Агар Аллоҳ истаса, уларнинг ўзи хоҳламаса ҳам сенга ёрдам беришади. Ҳатто қароқчилар ҳам ёрдамга шошади. Дуонинг кучидир бу. Сен ҳеч қачон Аллоҳдан умидингни узма!

— Агар дуо қилсам, ҳатто дадам соғаядилар, тўғрими?

— Уни энди Раббимиз билади. Бизнинг вазифамиз фақат дуо қилиш. Лекин Аллоҳимиз меҳрибон, дуомизни бўш қайтармайди, иншааллоҳ.

Али билан бобоси тасбеҳдан сўнг дуо қилишди. Али аввал дадажонисини дуо қилди, тезроқ ароқдан халос бўлишини истади. Кейин онаси билан жигарлари учун дуо қилди. Ҳаққи бобоси билан Хайрия холасини, барча мусулмонларни, бутун инсониятни дуо қилди.  Охирида Нажи бей билан хотинини ҳам дуо қилди.

Алининг дуоси тугамай, чодирнинг эшиги  очилди.  Ғира-ширада кимдир ўзини ичкарига урди, камига югургилаб кирди.

Али беихтиёр ўша тарафга қараганди, сал қолди тили тутилиб қолишига. Ранги бир зумда сарғайиб кетди. Бир неча ойдан бери хонасидан чиқмаган дадаси ҳозир бор бўйи билан қаршисида эди.

— Билардим нима қилғиликлар қилмоқчи бўлганингни! Бу қария сенинг миянгни ишғол қиляпти.

— Ҳеч нарса қилганимиз йўқ, дада. Фақат намоз ўқидик, холос.

— Аҳмоқ бола! Яна нималар қилардинг?!

Ҳовлидаги кабутарлар Али, бобоси ва кичик Ойшанинг меҳр тўла овозига ўрганишган эди. Эрдоған бейнинг бақир-чақир қилиши Алига қўшилиб уларни ҳам қўрқитиб юборди. Ҳаммаси қўрққанидан томга қараб учди. Томга қўнганча пастга тикилиб туришди. Худди ҳаммаси Али учун дуо қилаётгандек эди.

Али дадасидан қандайдир муносабат кутаётган, лекин бундай кескин бўлишини хаёлига келтирмаганди. Жойнамозини йиғиштириб ўрнидан қўзғалганди, дадаси юзига қаттиқ тарсаки тортиб юборди. Али япроқдай учиб, чодир ўртасидаги устунга бориб урилди. Боши билан урилгани учун кўзларидан ўт чиқиб, бурнидан қон оқа бошлади. Бир зумда ўзини йўқотиб ерга йиқилди. Ҳаққи бобо шу пайт ўрнидан учиб туриб, Алини қучиб олди. Ота ақлдан озгандек эди. Ўғлига яна бир тарсаки тортмоқчи эди, лекин бобоси Алини ҳимоя қилди. Эрдоған бей қарияга нафрат билан тикилиб:

— Сизларга ўхшаганлар туфайли ҳамма ёқ бидъатчиларга тўлиб кетди! Соқолингизни бир-бир юлиш керак! Тириклайин ёқиб юборса янада яхши! – деди.

Ҳаққи бобо унга ҳеч нарса демади. Али ўзига келишга ҳаракат қиларди.

Отаси чодирдан чиқди. Заҳирадаги ичкиликлари тугаганди. Агар дўкон эгасини кўндиролса, ой бошигача етадиган миқдорда қарзга ичкилик олади.

Ҳаққи бобонинг аҳволи Алиникидан бадтар эди. Ҳансираганча нафас олар, юраги қаттиқ санчаётганидан ҳозир тўхтаб қоладигандек эди.

— Алижон! Қандайсан болам? – дея ерда ётган Алини бағрига олди. – Соғ-омонмисан?

— Яхшиман, бобожон. Бошим айланиб бирдан йиқилиб тушдим. Лекин буни ўзлари хоҳлаб қилмадилар, бунга шубҳам йўқ.

— Шунақа шекилли, ўғлим. Ичкилик деган заҳар шунақа-да, болам. Ичкилик ичадиганлар ўзини йўқотиб қўяди.

Али Ҳаққи бобонинг ёрдами билан ердан турди. Юзининг ўнг тарафи худди қизиган темир босилгандек ёнар, ўнг кўзи борган сари шишиб бораётганди.  Тезроқ уйга чиққани яхши. Жойнамозини олиб чодирдан чиқар экан:

— Хавотирланманг, бобожон, – деди. – Битта шапалоқ учун намозимни ташлаб қўймайман. Дуоларим ҳам давом этади, албатта.

— Менинг мард болам, Алижоним, – дедим Ҳаққи бобо. – Ҳар бир мусулмон бундай машаққатларга дуч келади. Кимдир ўлдирилган, яна бошқаси қийноққа учраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам машаққатларда қолганлар. Машаққатлар ортгани сари ибодатлар янада қийматли бўлиб бораверади ва Аллоҳ ҳар бир машаққатдан кейин мисли кўрилмаган енгиллик беради.

Али уйга чиқаётиб, юзининг ўнг томонини қўли билан бекитиб олди. Унинг бу ҳолини биров кўрмасин. Отаси урганида қўлидаги калитни йўқотиб қўйганди. Ёнида бўлса ҳам қўллари касалдай титраганидан эшикни калит билан оча олмасди. Қўнғироқни чалган эди, эшикни Ойша очди.

— Ака, дадам қаердалар? Келмадиларми?

— Сигарета олгани кетдилар, шекилли.

Али тезгина ичкарига олди ўзини. Ойша ундан шубҳалана бошлади. Акасининг ортидан қадамба-қадам келаётиб сўради:

— Нега юзингизни ёпяпсиз?

— Ҳаққи бобом билан чодирда намоз ўқидик. Ўшанда чодир устунига урилиб кетдим...

Али мусулмон одам ёлғон гапирмаслигини билади. Шунинг учун бўлган воқеани бироз юмшатиб айтди. Шундоқ қилса, онаси билан синглисини хафа қилмаган бўларди. Али совитгичга қараб юрди ва музхонадан бир парча муз олиб сочиққа ўради. Музли сочиқни кўзига бостириши керак. Футбол ўйинларида жароҳат олганларга шундай қилишади. Кейин ювиниш хонасига кириб, ойнага қаради. Ўнг кўзи кўкариб, шишиб кетибди. Аллоҳга шукр, кўзи иккита. Яхшиси, хонасига кириб ўтириши, дадаси келгунича дуо қилиши керак. Яна бир шапалоқ еганида, балки иккинчи кўзи ҳам бекилиб қолармиди. Қўлларини очиб дуо қила бошлади:

“Аллоҳим! Дадамдан эмас, ичкиликдан хафаман. Аллоҳим, Сен дадамни ичкиликдан халос қилсанг, мен ҳар ҳафта калтакланишга ҳам розиман!”

Қўлидаги музли сочиқни кўзига бостириб, яна Аллоҳга ёлвора бошлади:

“Аллоҳим! Ҳар ҳафта эмас, бир ойда бир марта калтак есам ҳам майли эди…” 

Али юраги сиқилиб ётоғига чўзилар экан, онаси хавотирланиб ичкарига кирди. Боёқиш онаси хўрсиниб-хўрсиниб йиғларди. Ойша бўлиб ўтган воқеаларни изқувардай гапириб берган, ҳаммаси ошкор бўлганди. Онаси Алини меҳрибонлик билан қучиб сўради:

— Даданг қаттиқ урдими?

— Унақа қаттиқ урмадилар. Лекин уришларини кутмаганим учун ўзимни билмай, ерга йиқилдим.

— Ҳаққи бобога ҳеч нарса қилмадими?

— Уларга  ҳеч нарса қилмадилар. Фақат қаттиқ гапирдилар…

— Ҳақорат қилмагандир, ишқилиб?

— Йўқ, ҳақорат қилмадилар, лекин сенинг соқолининг юлиш керак, дедилар. Ёқиб юбориш кераклигини ҳам айтдилар.

— Ёқиб юбориш керак дедими? Эй, Аллоҳим! Нега бунақа гапларни гапирди даданг? Ҳаққи бобонинг юзига қандай қараймиз энди?

— Ҳаққи бобом дадамдан хафа бўлмадилар. Булар ичкилик туфайли дедилар.

— Ичкиликни айбдор қилиш жуда ҳам осон. Ичкилик ичган одам айбдор бўлмайдими?

Али дадасининг ёнини олишни истарди. Шунинг учун индамай қўя қолди.  Онаси кўзига малҳам сурар экан:

— Эшикни ортидан қулфлаб олгин. Даданг уйга келганида эшикни очмоқчи бўлса, зинҳор очмагин! Овозингни ҳам чиқарма. Сенга овқатингни олиб келиб бераман.

Онаси чиқиб кетгач, Али эшикни маҳкам ёпиб, қулфлади. Ҳатто эшик ортига ўриндиқ ҳам тираб қўйди. 

Эрдоған бей дўкондан хурсанд чиқди. Қўлида пули бўлмаса ҳам, қарзга ичкилик ва сигарета олишга эришганди. Уйга яқинлашаркан ўзига-ўзи ғудраниб қўйди:

— Ҳаққи деганининг танобини тортиб қўйдим. Яна бир бор болаларнинг миясини заҳарласа, тишларини синдираман.

У ҳануз ўзига келмаганди. Ичкиликнинг таъсиридан кўзига ҳамма нарса жуфт кўринарди. Чайқала-чайқала уйга келганида, томдаги кабутарлар бир зумда боши устига қўнди. Ҳаммаси бирданига алланималар дея ўз тилида чуғирлаб, кийим-бошини талади, сўнг устига тезак тўкди. Эрдоған бейнинг уст-боши илма-тешик, камига бошдан оёқ қуш тезагига беланди. Дам ёрдам сўраб чинқирар, дам жиннидай бақирарди:

— Даф бўлинглар, исқирт қушлар! Ҳаммангизни сўйиб тандирга тиқаман!

Эрдоған бей бир амаллаб бинога киргач, эшикни тезгина ёпди. Кабутарлар ташқаридан эшик ойнасига ҳужум қилаётганди. Бу жониворларга нима бўлганини билмай ҳалак эди. Зинапояга ўтириб бироз дам олди. Ҳартугул ички шишаси синмаган экан. Устидаги кийим-боши кийиб бўлмайдиган ҳолатда, уйга чиққан заҳоти бу кийимни ахлатга ташлаб юбориши керак. Ўрнидан туриб зинага қаради. Аксарият ҳолларда сархуш бўлгани учун зинапояни ёмон кўрарди. Тутқичдан тутиб юқорига кўтарилди. Бироз шу ерда дам олмоқчи бўлганди, эшик бир зумда ланг очилдию, Нажибей устига ташланиб, ёқасидан судраб ичарига тортди.

— Қўлимга тушдингми? Мендан қутулолмайсан! Демак, уйимга кирган ўғри сен экансан-да! 

Нажи бей вулқондай ёнаётганди. Ҳам гуриллар, ҳам пишқирарди. Охир-оқибат қўлга туширган одами излаб юргани ўғри эканига шубҳа қилмасди. Устига-устак, маст эркак. Уст-боши ҳам ичкилик исидан, ҳам қуш тезагидан сасиган, ахлатдан ҳам бадтар қўланса ҳид келяпти. Қўлида ичкилик шишаси. Бундай одамдан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Ҳатто қотиллик ҳам қилиши мумкин. Эрдоған бей унинг қўлидан чиқишга уринганди, бир зумда катта жанжал бошланди. Нажи бей кучли-қувватли одам. Тузоқ қўйиб, бир неча кун кутган ўғрини, албатта, хумордан чиққунича дўппосламасдан қўйиб юбормасди. Қўлидаги тутқунга орқама-кетин мушт тушира бошлади...

Эшик тақиллаганди, Ойша эшикни очган заҳоти чинқириб юборди:

— Дада! Сизга нима бўлди? Нега бунақа аҳолдасиз?

Ойшанинг чинқириғини эшитиб онаси ҳам югуриб келди. Эрининг аҳволи чиндан ҳам ёмон эди. Оғиз-бурнидан қон оқар, оёғида туролмасди.

Амина хоним даҳшатга тушиб:

— Вой Худойим-ей, машина уриб кетдими сизни?

Эрдоған бей гапиролмасди. Хотини шу заҳоти унинг қўлтиғидан тутиб, секин-аста хонасига олиб борди. Ойша дадси йиқилиб тушмасин дея онасига ёрдам берди.  Ниҳоят уни ётоғига ётқиздилар. Ва ўзига келишини кутишди. Ойшанинг онаси Амина хоним эрининг юз-кўзини тозалар экан:

— Дадаси, нима бўлди? Барака топкур, бундоқ гапирсангиз-чи? Доктор чақирайликми?

Эрдоған бей гапиришга қийналарди. Бақувват боксчилардек кўзлари шишган, икки қошининг ораси очилган, лаблари ёрилганди. Ниҳоят бир амаллаб оғзини очди:

— Пастки қаватдаги эркак билан жанжаллашдим.

— Нажи бей биланми?

— Нажими, Нажотми билмайман. Бекордан бекорга устимга ташланди. Оғиз-бурнини синдираман у нусханинг.

Онаси Ойшага иш бурюди:

— Дадангнинг кўзлари ёмон шишибди. Ишқилиб, бекилиб қолмасин. Музхонада қанча муз бўлса ҳаммасини олиб кел, кўзига босаман.

Ойша ошхонага бораётиб тўсатдан тўхтади:

— Муз қолмаган бўлиши мумкин. Акам ҳам шишган кўзларига муз қўйдилар-ку. 

Онаси унга “Жим!” деган ишора берар экан, эрига қаради:

— Алининг кўзлари шишибди. Бирор маст урибди шекилли. Лекин Аллоҳ намоз ўқийдиганларни асрайди. Уни урган золимнинг икки кўзи шишиб, қорайишига шубҳам йўқ! – деди.

Эрдоған бей индамади. Кўзларининг оғриғидан қийналиб, инграб ўтираверди.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага