Наср

Алининг жойнамози (11-қисм)

1060

Али ўша куни ҳам қаттиқ чарчаган ва қаттиқ хафа бўлганди. Юзининг оғриғи ё кўзининг шишгани унчалик эмас, уни ранжитган нарса жонидан ортиқ севган дадаси томонидан озор кўргани эди. Зеро, дадаси овозини кўтарса ҳам таёқ егандай хафа бўлади.

Али беихтиёр йиғлай бошлади. Шу заҳоти ўрнидан туриб, эшик очилмасин деб орқасига тираб қўйган ўриндиқни нари суриб, қулфни очди. Шунчалик озорлангандики, дадаси яна бир бор келиб уни дўппосласа ҳам бундан ортиқ хафа бўлмасди. Шу пайт кабутарлар хона олдидаги эшик ёнида тўпланди. Алига тасалли бермоқчи бўлишса-да, боланинг уларга қарайдиган ҳоли йўқ эди. Ҳамон боши айланаётгани учун ётоғига чўзилиб, уйқуга кетди. У ухлаб ётганида дадаси абгор аҳволда уйга қайтган, ўз дардига кўмилиб, ҳамма нарсани унутганди.

Ойша акасига овқат олиб келганида, Али қаттиқ уйқуда эди. Тушида яна ўша тоғда, шалолага яқин жойда экан. Тагида учар гилам йўқ эди. Шундай бўлса-да, тоққа чиқишга қийналмас, худди отда чопаётгандек чўққига қараб юрарди. Шалолага яқинлашгач, бирдан тўхтади. Бир йигит шалола сувида таҳороат олаётганди, Алига жилмайиб қаради. Али ҳам унга бироз яқинлашди. Йигит бақувват эди, юзи ҳам қуёшдай порларди. Али бугунгача  бундай гўзал инсонга ҳеч дуч келмаганди. Лекин худди уни аввалдан танигандай эди. Бу нурли инсоннинг ёнига боришни ва у билан гаплашишни жуда жуда истарди. 

Яқинроқ келганида йигит унга кулимсираб шундай деди:

— Хуш келибсан! Сени табриклаш учун бу ерда  кутаётгандим.

— Табриклаш учун? – дея ҳайрон бўлди Али. – Нима билан табриклайсиз?

— Намоз ўқишни бошладинг. Бундан ҳам катта иш бўлиши мумикнми?

— Бугун бошладим. Лекин давом эттиришга аҳд қилдим.

— Калтакланган бўлсанг-да!

Али ҳайратланди:

— Калтакланганимни қаердан биласиз?

— Бу ерларда ҳамма нарса тез етиб келади. Машаққатларга қарамай намоз ўқиганлар ҳаммадан ортиқ тақдирланиб, олқишланади.

— Ким олқишлайди?

— Албатта, фаришталар-да!

Али бу инсондек шу шалоладан таҳорат олишни истаётганди. Шунинг учун шалолага яқинлашмоқчи, лекин ҳурматсизлик қилишдан чўчиётган эди.  Нур юзли йигит унга юзланди:

—Биласанми, мен ҳам ўн ёшимда намоз ўқишни бошлагандим.

— Ўн ёшингиздами?

— Ҳа, ўн ёшимда. Боз устига, сенга ўхшаб сешанба куни бошлагандим.

Али бирдан ётоғидан учиб турди. Кўрган тушининг таъсири билан бир муддат қаердалигини ўйлади. Хонасида, ётоғида эди. Лекин тушига кирган одам ким?..

Уйларида бобосининг сурати бор, лекин юзи тушида кўрган одамнинг юзига ўхшамайди.  Қариндошларини ўйлади. Тоғасини, амакиси, бошқаларини… Йўқ, йўқ! Ҳеч кимнинг чеҳраси тушида кўрган инсонникидек нурли эмас. Ҳаққи бобосини ҳам ўйлади, ўхшамайди лекин. Бу орада кунларни эслашга уринди.

Кеча сешанба куни эди, намозни сешанба куни бошлади, бунинг учун ҳатто дадасидан калтак ҳам  еганди.  Тушидаги одам нимагадир бу нарсаларни жуда яхши биларди. Шуларни ўйлаб туриб бир қўли билан ўнг кўзини пайпаслаб кўрди.

Шиши қайтмабди. Камига зирқирраб оғриётганди. Тағин ҳам шукр қилиши керак, тарсакининг зўридан кўзи чиқиши ҳам мумкин эди. Боши устунга қаттиқ тегиб, ўлиши ҳам ҳеч гап эмасди. Майли, нима бўлганда ҳам, яхшиси, кўп ўйламаслик керак. Бироздан кейин яна уйқуга кетди. Алининг туши бўлинмагандек эди.  Яна ўша шалоланинг ёнида, ўша очиқ чеҳрали инсоннинг рўпарасида эди. Унга маҳлиё бўлиб кузатар экан, нур юзли инсон яна суҳбат бошлади:

— Сенинг исминг Али, шундайми?

– Исмимни қаердан биласиз?

— Намоз ўқишни бошлаган болаларнинг исми осмонга нурли ҳарфлар билан ёзилади. Ўша исм ёзилган жойида юлдуздай порлаб туради. Ва барча фаришталар у болани дуо қилиб, олқишлашади.

Али ҳайратларда қолди. Демак, намоз ибодати шунчалик қийматли экан-да?

— Ҳаққи бобомнинг ҳам исми ёзилганми?

— Уларнинг исмлари бир неча йил олдин ёзилганди. Намоз ўқийдиган барча инсонларнинг исмидек. Лекин бобонг ўн уч ёшидан бошлаб намоз ўқишни бошлабди. Нурларда шундай ёзилган. 

Али бу яхши инсон кимлигини билишни жуда ҳам қаттиқ истади. Лекин исмини сўраши мумкин эмасди. Шундай улуғ инсондан исмини сўраш балки ҳурматсизлик бўлиши мумкин.  Шалола бўйидаги нур чеҳрали киши гўё унинг юрагидан кечган ўйларни уқигандек эди. Алига яқинлашиб, уни қучиб олди. Бу қучиш билан Али бир зумда осмонга кўтарилгандек бўлди. Қўлини сал узатса, юлдузларга тегарди. Нур чеҳрали инсон бироздан кейин яна бир бор сўзлади:

— Менинг ҳам исмим Али. Буни ҳеч қачон унутма!..

Али ҳаяжондан ётоғидан учиб уйғонди. Бутун вужуди қалт-қалт титрарди. Бу гўзалликларни яна ҳис этиш ва тушида бўлса-да ўша нур чеҳрали инсонни кўриш учун хаёлга келган ҳар қандай машаққатга рози эди. Ҳатто ҳар кун калтакланишга ҳам…

Ўша кезда бомдод намозига азон чақирилаётган эди.

— Тўрт ракат… – деди Али. – Атиги тўрт дақиқалик намоз мени кутяпти.

Ойшани уйғотмаслик учун оёқ учида ётоқдан чиқди. Йўлакка чиқиб, дадасини текшириш учун курсининг устида ойнадан қаради. Ё, Аллоҳим! Хона ичи тутун билан қопланганди. Шошилиб ичкарига кирар экан:

— Ойи! – дея бақирди. – Мурод ака! Тезроқ, бу ерга келинглар!

Али хонага кириб, бўғилганидан йўтала бошлади. Нафас олишнинг ҳеч иложи йўқ эди. Аксига олиб, бир кўзи билан атрофга қарар, бу кўзи ҳам тутундан ачишаётганди.

Дадаси ҳаддан ортиқ ичиб, ўзини билмай тамакисини тўшакка туширган, устига оладиган кўрпасининг бир томони буткул куйиб кетганди. Али куйган ёпинчиқни дадасининг устидан тортиб олди ва айвон деразасидан ташқарига улоқтирди. Шу заҳаоти уйдаги барча деразаларни очди. Хонага онаси ва Мурод акаси келишди. Шукр, дадаси тирик эди, лекин аҳволи яхши эмасди. Ҳушидан кетган, ранги ҳам гезариб кетибди. Онаси хавотирланиб ҳар томонга ўзини урар, “Вой, Раббим, энди нима қиламиз?” дея фарёд чекарди.

— Тезроқ касалхонага боришимиз керак, вақт йўқотмайлик, – деди Мурод. – Тоза ҳаво юбориш керакдир.

— Тезроқ! – деди шўрлик онаси. – Дадангни орқангга опичиб олгин.

— Бу қийин эмас. Фақат бундай пайтда такси тополсак бўлгани.

Ойша уйғонмаганди. Ҳаммалари бирга дадасини пастга туширишди. Бироздан кейин бир такси топиб, орқасига ётқизишди. Амина хоним эрининг ёнидан айрилгиси йўқ эди. Мурод билан бирга машинага ўтираётиб Алига:

— Ойшанинг ёнида зинҳор ҳеч қаерга кетма! – деди. – Мен сенга қўнғироқ қилиб дадангнинг аҳволини етказаман.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2565 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага