Наср

Алининг жойнамози (12-қисм)

744

Али уйга чиқиб Ойшага қаради. Синглиси бўлиб ўтган воқеалардан бехабар, маъсумгина бўлиб ухларди. Ювиниш хонасига кириб таҳорат олди. Дадаси учун дуо қилиши керак, ҳозир дадаси дуога муҳтож. Аллоҳ бунақа қийин пайтларда қилинган барча дуоларни қабул қилади. “Учар гилам”и уни интиқ кутаётганди…

Ўша куни Али Ойшадан анча аввал уйғонди. Дуо қилиб жойнамозининг устида ухлаб қолибди, лекин шунча машаққатларга қарамай тунги чарчоқлари ариганди. Шу пайт телефон қўнғироғи чалинди. Шубҳасиз онаси қўнғироқ қилаётганди. Йўлакка ошиқар экан, ичида:

— Иншааллоҳ, яхши хабар айтсинлар, – дея шивирлади. – Иншааллоҳ, дадажоним ўзиларига келгандир.

Ўйлаганидек онаси қўнғироқ қилган экан.

— Даданг кўзини очди, болам. Аҳволи унчалик ёмон эмас. Иншааллоҳ, янада яхши бўлади. Лекин бир неча кун касалхонада қолишига тўғри келар экан. Шукр, айни вақтида кўрган экансан. Ойша уйғониб нонушта тайёрлайди. Мен пешинга яқин бориб, сизларга овқат пишираман. Бир неча кун амаллаб турамиз энди…

Али ўзида йўқ севинч билан ошхонага қараб югурди. Шукр, дадаси омон қолибди. Бугунги нонуштани ўзи тайёрлайди энди. Ойшани тайёр дастурхонга чақиради. Лекин аввал бирров ҳовлига қарасин-чи. Айвонга чиқиб, ташқарига кўз югуртирди. Бобоси аллақачон ҳовлига чиққан, чодир ёнида турган пўстаклардан бирига чўкканди. Одатдагидек Қуръон ўқиб ўтирганди ва афтидан тунда бўлиб ўтган воқеадан хабари йўқ. Али бобосини безовта қилишни истамади ва ичкарига кириб, дастурхон тайёрлашга тушди. Шу пайт синглисининг овози эшитилди:

— Ака, қанисиз? Ойимлар қаерда?

— Ошхонадаман. Келсанг айтиб бераман. Лекин аввал чой дамлай.

— Нонуштани сиз тайёрлаяпсизми?

— Бугун ошпаз мен бўлдим. Ўн дақиқада дастурхонимиз тайёр бўлади. Кейин бирга яна ҳовлига чиқамиз.

Али бўлган воқеани синглисига гапириб берар экан, Ойша сал қолди жажжи тилчасини ютиб юборишига.

— Дадамни кўрган заҳотингиз мени ҳам уйғотишингиз керак эди. Мен ҳам худди сиздай уларга ёрдам берардим. Шу кетишда аниқ қароқчи бўласиз!

— Сени уйғотиш хаёлимга ҳам келгани йўқ. Қаттиқ ваҳимага тушгандим. Шундоғам бир кўзим бекилган бўлса.

— Бу кетишда икки кўзингиз ҳам бекилади, менга қилаётган ишларингиз туфайли!

Али гапни кўп чўзмади. Нонушта қилиб бўлиб, ҳовлига тушди. Ойша ҳам идишларни ювиб, ётоқларни тузатиб, уйни йиғиштиргач, акасининг ортидан пастга тушадиган бўлди.

Бу орада Ҳаққи бобо Қуръон ўқиб бўлиб, помидор ва қалампирларни суғораётганди. Али узоқдан бобосини кўриб овоз берди:

— Ҳорманг, Ҳаққи бобо! Помидорлар катта катта бўлибди.

— Лекин ҳали ейиладиган бўлмади. Яқинда қизаради. Бироқ улардан олдин қизарган ҳосиллар бор.

— Нима экан улар?

— Гилослар-да! Жуда ҳам ширин бўлгандир.

Али ҳам бошқа болалардай гилосни яхши кўради. Лекин ҳозир кўнглига гилос сиғмайди. Дадаси билан рўй берган воқеаларни тезроқ гапириб бергиси келаётганди. Албатта, тушида кўрган кишини ҳам…

Бобоси унинг ранг-рўйига бир қур назар солиб:

— Бир гапинг бор шекилли, – деди. – Қани, гапир-чи.

Али аввалига уйда рўй берган воқеаларни айтиб берди. Майда-чуйдасигача. Ҳаққи бобо совуққонлик билан эшитди. “Орқада қолгани чин бўлсин”, – деди.

— Алижон, – деди бироз кейин. – Аллоҳнинг изнисиз япроқ ҳам ерга тушмайди. Аллоҳ бу ҳақиқатни Қуръонда марҳамат қилган. Кичик япроқ ҳам Унинг изнисиз ерига тушмаса, бошимизга тушадиган воқеалар Аллоҳнинг ризоси бўлмаса рўй берармиди?

— Рўй бермайди, тўғрими?

— Албатта, Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч нарса бўлмайди! Дадангнинг бошига тушган, бир қарашда ёмон воқеага ўхшаб кўринган бу воқеалар, балки уни ўзига келтирар. Яъни даданг балки бундай воқеалардан кейин ҳақиқатларни кўриб, тавба қилар.

— Иншааллоҳ, бобожон. Ойимлар кетгач, бомдод намозини ўқидим. Ухлаганимда яна ўша тушни кўрдим. Айтиб бергандим-ку, бир тоғ бор эди, шалоласи бор. Лекин баъзи нарсаларни тушунмадим.

— Бувинг ҳам ўша ерда эдими?

— Йўқ, улар йўқ эдилар. Бошқа одам бор эди, мен уни танимадим.

Али тушини гапиришга тушди. Бу тушни яна бир бор ҳис қилиш учун шошилмай сўзларди. Алини эшита туриб Ҳаққи бобонинг кўзларига ёш келди. Боладек лаблари титрарди. Сўнг кутилмаганда бор овози билан йиғлай бошлади. Али бобосининг бу аҳволидан хавотирланиб, ортиқ гапирмади. Бобоси бир амаллаб ўзини қўлга олиб:

— Алижон, – деди, – менинг бебабаҳо болагинам. Сен Али розияллоҳу анҳуни туш кўрибсан. У зот ҳам ўн ёшда намоз ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам душанба куни пайғамбар бўлганлар ва илк намозни рафиқалари Хадича онамиз билан адо этганлар. Али розияллоҳу анҳу эса уларга эртаси куни қўшилган. Яъни худди сенингдек сешанба куни намоз ўқишни бошлаганлар.

— Ҳа, бобо! Буни тушимда билдим. Исмим нурли ҳарфлар билан осмонда ёзилган экан. Сизнинг ҳам исмингиз бор экан…

— Исмим ёзилган эканми? Осмондами?

— Осмонда, албатта. Али розияллоҳу анҳу айтдилар. Барча намоз ўқийдиганларнинг исми ёзилган экан. Сизнинг исмингиз ўн уч ёшингизда ёзилган экан…

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага